Ғуслда сочларни ювиш

СаволларМавзу: Турли саволларҒуслда сочларни ювиш
rubin сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, аёл киши ғусл қилганда бошини ҳам ювиши шартми ёки масҳ тортиб олса кифоями? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Ювиши шарт. Ҳозир кунда сочқуритгичлар бор, қуритиш муаммо эмас.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ تَحْتَ كُلِّ شَعَرَةٍ جَنَابَةً فَاغْسِلُوا الشَّعَرَ وَأَنْقُوا الْبَشَرَةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир тук толаси остида жунублик бор. Бас, сочни ювинг ва жилдингизни покланг», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда икки муҳим масала кўрилмоқда:
1. «Ҳар бир тук толаси остида жунублик бор».
Дарҳақиқат, инсондан шаҳват билан маний чиқиб, жунуб бўлганида унинг барча жисми таъсирланади. Демак, шу сабабдан бутун вужуди, ҳатто ҳар бир тукининг ости ҳам жунубга айланади. Бинобарин, жунубликдан покланиш учун ҳар бир тукнинг остига сув етказиб, ювиш керак бўлади. Агар бирорта тук остига сув етмай қолса, ғусл ғусл бўлмайди. Шунинг учун ғусл қилган одам жуда эътиборли ва эҳтиёт бўлиши лозим.
2. «Жилдингизни покланг».
Яъни, баданингиз, терингизни покланг. Жунуб бўлган одамнинг бадани нопок бўлиб қолади. У ғусл қилиш билан покланади.
Ғусл бўлмаса, покланиш йўқ.
Покланиш бўлмаса, ибодат ҳам йўқ, сиҳат-саломатлик ҳам йўқ.
Ғуслнинг киши соғлик-саломатлигига фойдасини табиблардан сўранг.
Ғусл бўлмаса, кишида қандай хасталиклар пайдо бўлишини табиблардан сўранг.
Аллоҳ таоло ўзимиз учун ўта фойдали нарсани бизга ибодат қилиб қўйгани учун У зотга шукрлар айтинг. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!