Жума намозининг иккинчи азони

СаволларМавзу: ИбодатларЖума намозининг иккинчи азони
oybek сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Жума намозига кирганимизда бир нарсага гувоҳ бўламиз. Маъруза тугагандан сўнг азон айтилади, 4 ракат илк суннат ўқилиб бўлгач хутбадан аввал яна азон айтилади. Шу иккинчи азон айтилишининг сабаби нимада?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир». (Жумуъа сураси, 9 оят)
Жума куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади», деганлар.
Оятдаги «намозга нидо қилинган пайтда»дан мурод имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида, Абу Бакр Сиддиқ билан Умар Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрати Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга юзланганлар. Кейин имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.
«Эй, иймон келтирганлар! Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг.»
Худди шу оят билан икки ракъатли Жума намози мусулмонларга жамоат билан ўқиш учун фарз қилинди. Унинг вақти – пешин намозининг вақти. Яъни жума куни пешин ўрнига жамоат билан Жума намози ўқилади. Валлоҳу аълам!