Тиловати мансух бўлган оятлар

СаволларМавзу: Қуръони КаримТиловати мансух бўлган оятлар
Saidiy80 сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Ҳукми қолиб тиловати мансух бўлган оятлар борлигини билдим. Шундай оятлар нечта ва қандай маънодаги оятлар эканлиги хақида маълумот борми? Бунинг ҳикмати маълумми ёки Аллоҳнинг Ўзи биладими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Ҳикматини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:

مَا نَنسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِّنْهَا أَوْ مِثْلِهَا أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللّهَ عَلَىَ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ۝

106. Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини билмадингми?
«Насх» сўзи луғатда «ўзгартириш», «бекор қилиш» деган маъноларни билдиради. Шариат таърифида эса бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олаверганидан сўнг Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, ким Набий алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, уни гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Набий алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканини англаб етганларидан сўнг бошқа оят нозил қилиб, аввалги ҳукмнинг бекор қилингани эълон этилди.
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир экани таъкидланган. Ана шу қудрати ила хоҳлаган оятни насх қилади, хоҳлаганини унуттиради. Бу хоҳишни яҳудийлар чегаралай олмайдилар. Шунингдек, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники, жумладан, қайси оятни насх этиш, қай бирини унут қилиш ҳам У Зотнинг Ўзининг мулки, Ўзи билади. («Тафсири Ҳилол» китобидан).
Ушбу оятдан қайсидир бир оятлар мансух бўлганлиги маълум бўлади. Тиловати мансух бўлиб ҳукми қолган оятлар ҳақида уламолар ихтилоф қилиб, энг машҳурлари иккитадир. Бир чақалоқ беш бор бир аёлни эмса, онаси бўлиб қолиши ояти ҳамда зинокор эркак ва зинокор аёлни тошбўрон қилиш оятидир. Валлоҳу аълам!