Бибихоним мақбарасидаги тош

СаволларМавзу: АқийдаБибихоним мақбарасидаги тош
Juju сўради 7 кун аввал

Ассалому алайкум! Самарқандга боргандик. Сиёб бозори яқинидаги Бибихоним мақбараси ҳовлисида Қуръон қуйиладиган лаҳв шаклида катта тош ясалган экан. Бизни олиб юрган одам “шу тош тагидан ният қилиб ўтсангизлар амалга ошади” дeди. Мeн буни қилманглар, бу бидъат дeсам ҳам бошқалар тош тагидан ўтишди. Бу иш мeнга ёқмади. Илтимос айтингларчи ўша одамни айтганлари тўғрими?

1 жавоб
Best Answer
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 7 кун аввал

Ва алайкум ассалом!

Афсуски динимиз таълимотларидан узоқлашиш бизни шу ҳолатга олиб келди. Ўша гапни айтган инсон Аллоҳ ва расулига ёлғон тўқувчи ҳисобланади. Чунки қачон ният амалга ошиши Аллоҳнинг билишига хос ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган ўринларига хосдир. У инсон гўёки : “Шу ердан ўтсангиз Аллоҳ ниятингизни амалга оширишини менга билдирди” дегани бўлади. Ҳолбуки Аллоҳ билан пайғамбарларнинг орасидаги ваҳий орқали хабар бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари билан тўхтаган. Бу каби ишлар Аллоҳ таолога ёлғон тўқишир. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِآيَاتِهِ إِنَّهُ لاَ يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ۝

21. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Албатта, золимлар зафар топмаслар. 

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أَوْ قَالَ أُوْحِيَ إِلَيَّ وَلَمْ يُوحَ إِلَيْهِ شَيْءٌ وَمَن قَالَ سَأُنزِلُ مِثْلَ مَا أَنَزلَ اللّهُ وَلَوْ تَرَى إِذِ الظَّالِمُونَ فِي غَمَرَاتِ الْمَوْتِ وَالْمَلآئِكَةُ بَاسِطُواْ أَيْدِيهِمْ أَخْرِجُواْ أَنفُسَكُمُ الْيَوْمَ تُجْزَوْنَ عَذَابَ الْهُونِ بِمَا كُنتُمْ تَقُولُونَ عَلَى اللّهِ غَيْرَ الْحَقِّ وَكُنتُمْ عَنْ آيَاتِهِ تَسْتَكْبِرُونَ

93. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, «Менга ваҳий қилинди», деган ёхуд «Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан», деган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Золимларнинг ўлим талвасасида турган пайтларини, фаришталарнинг «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», – дея уларга қўл чўзиб турганларини кўрсанг эди. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!