Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бир инсон ўлими сабабли баҳс

22:16 / 15.11.2017 | Kamoliddin | 5678

Ассалому алайкум! Кунларнинг бирида бир воқeа содир бўлди ва шу жойда ўртоқлар орасида баҳслашиб қолдик. Сизлардан бир илтимос шу баҳсга аниқлик киритиб бeрсангизлар. Ўша куни бир машҳур ғайридин инсон ўлими ҳақида эшитиб қолдик. Шахсан мeни у кишига ҳурматим ўртачадан баланд бўлгани учунми, ўша хабарни эшитиб Аллоҳим раҳматига олсин дeб гапирдим. Шу ўринда ўртоқлардан бири мусулмон бўлмаган одамга нисбатан «Аллоҳ раҳматига олсин» дeб айтилмайди дeб ишонч ила қаттиқ гапирди. Ўз гапларини бу сохада 7 йилдан ортиқ ўқигани ва турли хил китобларни ўқиганини айтди. Мeн жавобан сизни фикриз нотўғри дeб жавоб қилдим. Чунки биз инсонлар ҳаммамиз ким бўлишимиздан қатъий назар Аллоҳ олдида тeнг ва баробармиз. Шундоқ экан, инсонларни мусулмон ва мусулмон бўлмаганларга ажратиш нотўғри бўлади. Бошқа дин вакилигига кeлсак Аллоҳим инсонларнинг қайси дин вакили бўлиши эмас, балким у инсонни Аллоҳни (Худо, раббим, илоҳ, русларда Бох, всевышний ва ҳоказо), яъни ким, унинг ягоналигини тан олиши ва ёлғиз унга ишониши муҳим. Динларга кeлсак, ҳар замонларда Аллоҳ пайғамбарларни жўнатиб биз инсонлар тўғри йўл кўрсатиш мақсадида кўрсатамалар бeрган ва ўша вақтларда динлар кeлиб чиққан (асосийлари: бани исроил, христианлар (православ) ва охиргиси ислом дини ва унинг асоси Қуръони китоби. Хуллас дин тури муҳим эмас, аввало инсонни ёлғиз Худога ишониши дeб таъкидладим. Шу жумладан қайси пайғамбаримиз эканлари эсимда йўқ, лeкин кунларни бирида ўз умматлари билан кeтаётганларида бир яҳудий мурдасини кўтариб кeтаётганларини учратиб қолибдилар. Шунда пайғамбаримиз дарҳол одамлар олдига ўтиб олиб мурда тобутини кўтариб олиб кeтдилар. Аммо умматларидан бирортаси ҳам уларга қўшилмади. Ўликни кузатиб қўйиб қайтганларида уларни саволга тутишди. Нeга сиз ғайридинни тобутини кўтариб олиб кузатиб қўйдиз, ахир у бошқа дин вакилику. Шунда пайғамбаримиз жавоб қилдилар у ким бўлишидан қатъий назар, аввалом бор у инсон ва Аллоҳимни бандаси ва мeн айнан ўша инсонга нисбатан иш тутдим ва унинг қайси дин вакили бўлиши муҳим эмас дeб жавоб қилдилар.

Ўртоқларим эса уни 7 йил ўқиганию турли хил китобларни ўқигани эшитиб у томонга оғиб кeтишди. Тeпада кeлтирган фикр ва мулоҳазаларимни инобатга олган ҳолда мeнга ва ўртоқларимга ва умуман бошқаларга ҳам ўзини асл мусулмонман дeб юрганлар учун ҳам жавоб бeрсангизлар.

Савол: бошқа дин вакилига нисбатан (мусулмон бўлмаган) — оллоҳим ўз раҳматига олсин — дeб айтиш тўғрими ёки йўқми?

Ҳурмат ила — Камолиддин.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан дунёвий ишларда иноқ ва тотув бўлиб яшашлари керак. Қариндош ёки қўшни бўлишса уларни ҳаққларини ўрнида адо қилиш керак. Қуръон бунга буюради. Ота-она бўлса уларни ҳам ҳаққларини адо қилиш керак. Аммо сиз истиғфор айтиб нотўғри қилгансиз ва сизни келтирган мисолингиз ҳам ҳадисда келмаган. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида марҳамат қилади:

مَا كَانَ لِلنَّبِيِّ وَالَّذِينَ آمَنُواْ أَن يَسْتَغْفِرُواْ لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُواْ أُوْلِي قُرْبَى مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ۝

113. Набийга ва мўминларга мушриклар учун, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, улар олов соҳиблари экани аён бўлганидан кейин мағфират сўрашлари дуруст эмасдир.
Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад Ибн Мусаййибдан, у эса отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда, унинг олдига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳу», десанг, Аллоҳнинг ҳузурида сен ҳақингда дуо қиламан, – дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайялар эса:
– Эй Абу Толиб, Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми? – дедилар. У бўлса:
– Мен Абдулмуттолибнинг динидаман, – деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Агар ман қилинмасам, сенинг учун истиғфор айтаман, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло
«Набий ва мўминларга мушриклар учун, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, улар дўзах соҳиблари экани аён бўлганидан кейин мағфират сўрашлари дуруст эмасдир» оятини нозил қилди».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Бу ерда иймон ва эътиқод алоқаси ҳамма алоқалардан устун туриши яққол кўриниб турибди. Мўмин киши учун иймони ҳамма нарсадан афзал, шунинг учун у аввало, иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга мушриклар учун истиғфор айтиш жоиз эмаслигини баён қилувчи бу ояти каримадан кейин ўз-ўзидан бир ҳақли савол пайдо бўлади. У «У ҳолда нима учун Иброҳим алайҳиссалом ўзининг мушрик отаси учун истиғфор айтган?» деган саволдир.
Арабистон ярим оролида, хусусан, Маккада Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари машҳур эди. Чунки қисса айнан шу ерларда бўлиб ўтганди. Маккаликлар ўзларининг Иброҳим алайҳиссалом динидан эканликлари билан фахрланар эдилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مَحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَا يَسْمَعُ بِي أَحَدُ مِنْ هَذِهِ الْأُمَّةِ يَهُودِيٌّ وَلَا نَصْرَانِيٌّ ثُمَّ يَمُوتُ وَلَمْ يَؤْمِنْ بِالَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ إِلَّا كَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу ҳадисни Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши ҳақидаги фаслда келтиришларининг сабаби очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб, Аллоҳ таоло билан қасам ичиб, бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ таоло билан қасам ичмайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади.
«Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.
Биринчиси – умумий маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати даъват», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат дейилади. Бу уммат ер юзининг барча аҳолисидир, чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.
Иккинчиси – хос маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати ижобат», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дейилади. Булар ер юзидаги барча мусулмонлардир.
Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват» – бутун ер юзи аҳолиси ҳақида кетмоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, унга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириш лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади.
Ҳадисда «яҳудийсими, насронийсими» деб, икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг ҳам сабаби бор. Ушбу ҳадис айтилган пайтда яҳудийлик ва насронийлик ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг қавмига Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган, Таврот ва Инжил китобларини туширган эди. Бу қавмлар аҳли китоб деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади, чунки уларнинг ер юзидаги бошқа дин аҳлларидан фарқи бор. Бошқа динларнинг илоҳий, самовий дин эканлиги маълум эмас. Аллоҳ таоло уларга пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Модомики яҳудий ва насроний қавмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида эшитганларида иймон келтиришлари лозим экан, динларининг самовий эканлиги маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганларнинг иймон келтириши лозимлиги турган гап.
Яҳудий дини самовий дин бўлган. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканлигини, кейин яна бошқа дин келишини айтган. Ниҳоят, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида ҳам башорат берган.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, у зотга Инжилни тушириши билан яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у зотга душманлик қилдилар, «Тавротда башорати берилган пайғамбар бу эмас, бошқа», дедилар.
Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, масийҳий, яъни насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам, барибир ўзларини «Насроний» деб, «Инжил аҳли» деб юрдилар. Аллоҳ таоло уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз.
Вақти-соати келгач, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Расули – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин – Ислом дини ила бутун башариятга пайғамбар этиб юборди. Насроний дини ҳам, Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан у зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса яна нотўғри таъвилга ўтиб, «Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа» деб, иймон келтирмади.
Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
«Ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар.
Шунга биноан ер юзи аҳолисидан кимга Ислом чақириғи етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.
Ислом чақириғи етмаган кишилар эса «фитрат аҳли» дейилади. Чақириқ етмагани учун уларни кофир деб ҳукм чиқарилмайди, дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар фитрат аҳли деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам уламоларидан қилди. Ушбу китобда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эканмиз, деярли ҳар бир ҳадисда Бухорий, Насаий, Термизий каби имомларимизнинг хизматлари борлигига гувоҳ бўлиб, фахрланиб турибмиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Фақат ўрганиш, тушуниб етиш ва уларга амал қилишимиз керак. Биз ҳақ йўлда, ҳақ динда эканлигимизни англаб етишимиз ва бу ҳақиқатни билганимизча бошқа кишиларга ҳам англатишимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat