Бу сериаллар миллатни бузмоқда

СаволларМавзу: Таълим ва МутаалимБу сериаллар миллатни бузмоқда
Nuriddin сўради 4 хафта аввал

Ассалому алайкум! Ҳозирги кўпчилик томоша қилаётган сeриалларни кўриб одамларга ёмон таъсир қилмоқда. Улардан афсуски кўпчилик “ибрат” олмоқда. Мeни қийнаётган нарса ойимлар бир ҳинд сeриалини кўрадилар унда ҳайкалга сиғинадиган жойи кўп. Жияним 4 ёш бир куни қарасам у кинодан ўрганганини кафтларини бир бирига қўйиб ўзича ибодат қиляпти. Бундай иш ёмонлигини тушунтирдим, шунинг учун телевизорларда исломий кинолардан қўйса яхши бўларди, чунки кўпчилик ТВ томоша қилади. Жавобни тeлeграмдаги сахифангизга ҳам жойлаштирсангиз кўпчилик хулоса оларди.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Афсуски ҳозир тўғриланиши керак бўлган долзарб мавзулардан яна бири шу эди. Шундай алломалар юрти бўлган жойларда одамлар алломаларимиздан эмас, балки аждодларимиз қаттиқ қайтарган нарсалардан ибрат олиши ачинарли ҳолат. Яъни одамлар динимиз қайтарган нарсалардан ибрат олишмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “қиёматга яқин мункар ишлар маъруф, маъруф ишлар мункар саналиб қолади” деганлар. Қолаверса ғайридинларнинг ибодат амалларини мусулмон киши қайтариши жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ تَشَبَّهَ بِقَوْمٍ فَهُوَ مِنْهُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِيِّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Абу Довуд ва Табароний қилган ривояти.
Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…
Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди.
Кўриб турибмизки, бунда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини унутмаслиги керак. Эркак киши эркаклигини, аёл киши аёллигини. Мусулмон мусулмонлигини.
Худди шунингдек, мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларда уларга тақлид қилмасликлари лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!