Бойликка интилишнинг оқибати

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушБойликка интилишнинг оқибати
Noname сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим яхши инсонлар, қўлдан келганча яхши амалларни қилишга ҳаракат қилар эдилар. Токи мол-дунё йиғиш хасталигига йўлиқмагунча. Мана 2 йилдирки шу дардни таъсири иймонга бермоқда. Кечалари  ишлаб, хуфтон намозини туриб ўқирман деб хуфтонни ҳам бомдодни  ҳам кўпинча қазо қилиб қўядилар. Хозир шу одатлари сурункалига айланган. 1 йил олдин намозларга қаттиқ турайлик, мунофиқлик аломати кузатиляпти деб айтганимда “Ўзингни бил, ўзинг олдин қойиллатгиндек кейин талаб қил” дердилар. Кейин Аллоҳ мехрибонлиги билан менга бир синов берди ва бу синов иймонимни мустаҳкамлаб, мени Аллоҳга яна хам кучли боғлади.  Ана энди турмуш ўртоғимга “бунақа намоз ўқиш ярамайди, келинг жаннатга етакловчи хайру-садақани зиёда қилайлик. Мен жаннатда сиз билан бирга бўлгим келади, Жаннатларда бирга бўлиб, Аллоҳни висолига етишиш қанчалар яхши” деб тушунтирсам, «Сен ошириб юборяпсан, намозни ўқисам, нуқсон билан бўлса-да рўзани тутсам, закотни берсам! Кўп насихат қилуриб бездириб қўйвоссан, бу гапларинг билан ўзингни мендан устун қўйиб кибрга кетмаяпсанми, ношукурсана, шуларни қилсам сизлар учун қиляпман-ку!” деб  ғазабланадилар. Қайсидир сўзларим шунақа туюлгандир, лекин мен фақатгина бу дунё мехри, охират нематидан айриб қўйишидан ва шунча мол дунёга қандай жавоб берамиза деб қўрқиб айтганман. Чунки кўриб турибман-ки фикру-хаёллари қандай қилиб янада кўп пул топиш. Бу дард жарлик сари етаклаябти. Илтимос менга маслахат беринглар қандай йўл тутай? Ёзганларингизни турмуш ўртоғимга кўрсатаман.

1 жавоб
Best Answer
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Бойлик тўплаш, бўш вақт, саломатлик барчаси Аллоҳ таоло тарафидан инсонлар Аллоҳни Ўз розилигини топиш учун берилган. Бойлик тўпламоқчи бўлган инсон кўпроқ бойлик топсаю, Аллоҳни рози қиладиган жойларга сарфласа бу мол қандай ҳам яхши мол. Ундай киши қандай ҳам яхши киши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Солиҳ инсонга покиза мол қандай ҳам яхши” деганлар. Бутун дунёни бойлигини садақот қилиб ўз ўрнига етказиш, бир намозни ўз вақтида ўқишнинг савобига етмайди. Ўшанча молни садақот қилиш қолдирилган намозни фидяси ўрнига ўтолмайди. Аллоҳ таоло “Мааъуун” сурасида:

فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
деб марҳамат қилган. Ҳеч қандай бойлик у вайлдан қутқара олмайди. Бойликнинг ўзи яхши нарса эмас. У заҳарли илонга ўхшайди. Уни илон ушлашга мутахассис ушлаб, заҳарини олиб, заҳаридан қимматбаҳо дори тайёрлаши мумкин. Акс ҳолда илон ҳалок қилади. Мол-дунё аслида фархрланадиган нарса ҳам эмас. Бойни бойлиги учун ҳурмат қилиш динни учдан бирини кетказиш ҳисобланади. Бойни маталадиган жойи топганини яхши йўлга сарфлаб, ўз эгаларига етказишлигида. Аллоҳ таолони Карийм сифати билан сифатланиб фазилатга эришишидадир. Шунда бойни ҳурмат қилган инсон Аллоҳ таолонинг бойга берган Карийм сифатини ҳурмат қилган бўлади. Худди олимдаги илм сифатини ҳурмат қилганидек. Намозларни қолдириш билан эришилган бойликда хайрият ҳам бўлмайди. Бу Аллоҳ Қуръон зикр қилган истидрожга ҳам кириб қолади.
Аллоҳ таоло “Қалам” сурасида марҳамат қилади:

فَذَرْنِي وَمَن يُكَذِّبُ بِهَذَا الْحَدِيثِ سَنَسْتَدْرِجُهُم مِّنْ حَيْثُ لَا يَعْلَمُونَ۝

44. Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Ўзим билан қўйиб қўй. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз.
Яъни Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, Ўзига куфр келтирганларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам тек қўйиб қўяди. Дарҳол азоблашга ўтмайди, балки аста-секин азоблайди. Кишилар эса ўз қадрини мол-дунё, мансаб билан ўлчайдилар. Менинг фазлим бўлмаса, шунча бойлигим бўлармиди, шунчалик мансабга кўтарилармидим, деб ўйлайдилар. Охиратни унутадилар. Аллоҳ таоло эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда, унинг бойлигини ёки мансабини ошириб қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибатда оятда зикр қилинган ҳолатга тушиб қолади.
Уламоларимиз: «Аста-секин олишнинг бир тури шулки, гуноҳкор бир гуноҳ қилганда Аллоҳ таоло унинг мартабасини бир поғона ошириб қўяди ва шундай қилиб, у ўзининг ҳалокатли ҳолатга дучор бўлганини сезмай қолади», – дейдилар. («Тафсири Ҳилол» китобидан).
Суфёни Саврий истидрож маъносини тафсир қилиб, “Биз уларга неъматни ёғдириб, ибодатни унуттириб қўямиз” деган маънодадир – деганлар. Ҳадисда Бану Исроилдан бир киши “Эй роббим мен сенга қанчалар гуноҳкор бўлсам ҳам Сен мени жазоламаяпсан” деди. Аллоҳ таоло ўша замоннинг пайғамбарига ваҳий қилиб: “Ўша кишига айтгин Мен сенга қанчалар уқубатни бериб қўйдим, сен сезмаяпсан. Сенинг кўз ёшингни тўкилмай қўйгани, қалбингни қаттиқлашгани Менинг сенга бўлган истидрожим ва иқобимдир. Агар ақлинг етганида эди” деди.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا رَأَيْتَ اللَّهَ تَعَالى يُعْطِي الْعَبْدَ مِنَ الدُّنْيَا مَا يُحِبُّ وَهُوَ مُقِيمٌ عَلَى مَعَاصِيهِ فَإِنَّمَا ذَلِكَ مِنْهُ اسْتِدْرَاجٌ»، ثُمَّ تَلَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا نَسُوا مَا ذُكِّرُوا بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُوا بِمَا أُوتُوا أَخَذْنَاهُمْ بَغْتَةً فَإِذَا هُمْ مُبْلِسُونَ. أخرجه أحمد

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ таоло бир бандасига бандаси яхши кўрган нарсасини тўхтамай бериб турганини, банда эса гуноҳда давом этаётганини кўрсанг(билгинки), бу Аллоҳнинг истидрожидир” дедилар. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар. 

فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُواْ بِمَا أُوتُواْ أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ۝

44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. (Анъом сураси). Аҳмад ривояти.
Бундай муомалага «истидрож» яъни билдирмасдан, даражама-даража олиш дейилади. Валлоҳу аълам!