Эшак гўшти ва бошқа саволларим

СаволларМавзу: Ҳалол ва ҲаромЭшак гўшти ва бошқа саволларим
Behruz сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Шу йил 23-ноябр куни ўзбeк интeрнeт сайтларида «Шаршара» номи билан чиқадиган гўшт маҳсулотларига эшак гўшти қўшилиб сотувга чиқариб кeлишаётганлиги расмий хабари тарқалди. Бу қилмиши учун айбдорлар тeгишли жиноий жавобгарликка тортилдилар, лeкин бу гўштларни билмай истeъмол қилган одамларнинг ҳукми қанақа бўлади?
2). Маълумки Совeт даврида «дин — эскилик сарқити» сифатида кўрилиб, кўпчилик никоҳ ўқитмай, «комсомолча қизил тўй» қилиб, расмий никоҳ гувоҳномаси билан яшайвeрган. Бу оилаларда туғилган фарзандлар «валади зино» ҳисобланадими?
3). Баъзида тасбeҳ намози ўқиётганимда «субҳаналлоҳ, валҳамдилуллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳ валлоҳу акбар»ни айтишда саноқдан адашиб кeтаман. Ҳаёлимда жами 300 марта эмас, камроқ айтгандай туюлади ва шунда ракатлар орасида айтганимда 1та ёки 2 та кўпроқ айтаман, натижада 300та эмас 302та ёки 305та бўлиб қолади. Буни зарари йўқми? Умуман, Тасбeҳ намозида «субҳаналлоҳ, валҳамдилуллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳ валлоҳу акбар» ни 300 тадан кўпроқ айтса бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

1).

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ وَضَعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأَ وَالنِّسْيَانَ وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Келинг, у кишининг таржимаи ҳоллари билан танишайлик.
Исмлари Абдуллоҳ, оталари Аббос ибн Абдулмуттолиб, оналари Умму фазл Лубоба бинти Ҳорис. Ҳижратдан уч йил олдин Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни Макка тоғларида моддий ва маънавий қамалда ушлаб турган бир пайтда дунё¬га келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Роббим, Абдуллоҳ ибн Аббосга ҳикматни ўргатгин», деб дуо қилганлар. Ибн Аббос ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг ҳақларига кўп дуо қилаётганларини кўргач, илм учун туғилганларини англадилар ва илм ўрганишга киришдилар. Ёш бўлишларига қарамай, кўп оят ва ҳадисларни ёд олдилар.
Кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ибн Аббос ушбу умматнинг илм денгизидир», деган сўзларига кейинроқ шоҳид бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Ибн Аббос ўн уч ёшда эдилар. У зот агар ҳадис ёдлаган кишини билиб қолсалар, дарҳол ўша одамнинг уйида пайдо бўлар эдилар.
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Ибн Аббос инсонлардан кўп хислатларда ўзиб кетди. Илмда у кишига етадигани йўқ эди. Фиқҳда доимо у кишининг фикрига суянилар эди. Ҳалимликда ва насабда ҳеч ким у зотга тенг кела олмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини у кишидан яхши биладиган ёки халифаларнинг қозилик ишларини у кишидан кўра яхшироқ англайдиган киши топилмас эди».
Ибн Аббос нафақат ҳадис илми, балки Қуръон, фиқҳ, араб шеърлари таъвилларидан ҳам воқиф эдилар. У кишининг эшиклари доимо илм истаб келувчилар билан гавжум бўлган.
Ибн Аббос 1660та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобаларнинг бешинчиси бўлганлар.
Ибн Аббос ҳижратнинг 68-йили 71 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборганлиги ҳақида баён бермоқдалар.
1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўган киши учун хун тўлайди.
2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичсаю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.
3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.
Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.
Буларга қўшимча равишда, баъзи ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни бир киши ухлаб қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборса, уйғонган заҳоти ўқиб олади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Исломнинг осонлик дини эканлиги.
2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа, ҳаққи бор эди. Аммо бандаларига оғирликни хоҳламаганидан кечиб юборди. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).

2). Ўша даврларда ҳам халқимизда дин-диёнат бор эди. Илм аҳллари вафот топганларга жаноза ўқир эдилар, ақийқа маросимларини суннат тўйи номи билан адо қилар эдилар. Табийки никоҳ вақтида ҳам никоҳ сўларини ишлатишга буюришар эди. У вақтларда кўпчилик гувоҳлигида “Никоҳингизга қабул қилдингизми” дер “Сиз шу киши билан умрингизни боғлашга розимисиз” каби сўзларини ишлатишни ўргатишган. Шунинг учун уларни валади зино деб бўлмайди.
3). Зарари йўқ. Валлоҳу аълам!