Ҳанафий мазҳабидаги витр намози

СаволларМавзу: ИбодатларҲанафий мазҳабидаги витр намози
Zilola сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, Имом азам мазҳабларида витр вожиб номози қандай ўқилади?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

الْوِتْرُ ثَلَاثُ رَاكَعَاتٍ وَجَبَ بِسَلَامٍ وَقَبْلَ رُكُوعِ الثَّالِثَةِ يُكَبِّرُ رَافِعًا يَدَيْهِ، ثُمَّ يَقْنُتُ فِيهِ أَبَدًا دُونَ غَيْرِهِ، وَيَقْرَأُ فِي كُلِّ رَكْعَةٍ مِنْهُ الْفَاتِحَةَ وَسُورَةً وَيَتْبَعُ الْقَانِتَ بَعْدَ رُكُوعِ الْوِتْرِ لَا الْقَانِتَ فِي الْفَجْرِ، بَلْ يَسْكُتُ

Витр бир салом билан вожиб бўлган уч ракъатдир. Учинчи рукуъдан олдин икки қўлини кўтариб, такбир айтади, сўнг доимо шу ўриндагина «Қунут» дуосини ўқийди, бошқасида эмас. Унинг ҳар бир ракъатида Фотиҳани ва бирор сурани қироат қилади. Ва (иқтидо қилувчи) витрнинг рукуъсидан кейин «Қунут» ўқувчи(имом)га эргашади, бомдодда «Қунут» ўқувчига эргашмайди, балки сукут сақлайди.
Ушбу қисқа ибораларда жуда ҳам кўп ҳукмлар жамлангандир. Фиқҳ уламоларининг, жумладан, «Мухтасари Виқоя» соҳибининг маҳорати батафсил гапирилса, кўпгина саҳифаларга жой бўладиган маълумотларнинг оддий киши учун осонгина тушуниладиган тарзда бир неча сатрдан иборат бўлиб қолишига сабаб бўлган.
Бу фикримиз мазкур қисқа матнни шарҳ қилганимизда яна ҳам яққолроқ намоён бўлса, ажаб эмас.
Витр бир салом билан вожиб бўлган уч ракъатдир.
«Витр» сўзи бизнинг тилимизда «тоқ» маъносини билдиради. Ўрганаётган жумламизда «бир салом билан» деган иборанинг келишига шофеъий мазҳабидаги «Уч ракъатли витр икки салом билан ўқилади», деган гап сабаб бўлган. Уларда олдин икки ракъат ўқиб, салом берилади. Кейин алоҳида бир ракъат ва унда «Қунут» дуоси ўқилиб, яна салом берилади.
Бизнинг мазҳабимизда уч ракъатда бир салом бериш қабул қилинган.
Шунингдек, бизда витр намози вожибдир.
Ҳанафий уламолар витр намозини «вожиб» деганларида ўз хаёлларидан чиқариб айтмаганлар. Улар бу гапни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар.

عَنْ عَلِيٍّ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ  يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ أَوْتِرُوا، فَإِنَّ اللهَ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْرَ  رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

عَنْ خَارِجَةَ بْنِ حُذَافَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ  إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ أَمَدَّكُمْ بِصَلَاةٍ، وَهِيَ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ، وَهِيَ الْوِتْرُ، فَجَعَلَهَا لَكُمْ فِيمَا بَيْنَ الْعِشَاءِ إِلَى طُلُوعِ الْفَجْرِ  رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ

Хорижа ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У Зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ  اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ بِاللَّيْلِ وِتْرًا رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тундаги охирги намозингизни витр қилинг», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  إِنَّ اللهَ تَعَالَى زَادَكُمْ صَلَاةً، أَلَا وَهِيَ الْوِتْرُ، فَصَلُّوا مَا بَيْنَ الْعِشَاءِ إِلَى طُلُوعِ الْفَجْرِ رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ

Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У витрдир. Бас, уни хуфтондан то тонг отгунча ўқийверинглар», дедилар».
Дора Қутний ва Табароний ривоят қилишган.
Ушбу ривоят яна бошқа еттита саҳобийдан ҳам келтирилган.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  الْوِتْرُ حَقٌّ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ  رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу-вожибдир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Кўриниб турибдики, витр намозининг савияси суннат намози савиясидан юқоридир. Агар шундай бўлмаса, ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга, бу ҳадисларнинг далиллик кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадисларнинг далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун ҳанафий уламолар витр намозини вожиб деб, фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўринга қўйганлар.
Энг кучли далиллардан бири – бу намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон тарк қилмаганларидир. Бу эса витр намози оддий суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади.
Учинчи рукуъдан олдин икки қўлини кўтариб, такбир айтади, сўнг доимо шу ўриндагина «Қунут» дуосини ўқийди, бошқасида эмас.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, «Қунут» дуоси витр намозида ўқилади. Витр намозининг учинчи ракъатида қироатни тамом қилганидан сўнг намозни бошлашдагига ўхшатиб такбир айтиб, икки қўлини қулоқларининг юмшоқ жойигача кўтаради. Сўнгра қўлларини киндиги остига қўяди ва «Қунут»ни ўқиб, кейин рукуъга кетади.
Ҳанафий мазҳаби витрда рукуъдан олдин «Қунут»ни ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْنُتُ فِي وِتْرِهِ قَبْلَ الرُّكُوعِ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам витрнинг рукуъсидан олдин «Қунут» ўқир эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْنُتُ فِي الْوَتْرِ قَبْلَ الرُّكُوعِ، قَالَ ثُمَّ أَرْسَلْتُ أُمِّيَ أُمَّ عَبْدٍ فَبَاتَتْ عِنْدَ نِسَائِهِ، فَأَخْبَرَتْنِي أَنَّهُ قَنَتَ فِي الْوَتْرِ قَبْلَ الرُّكُوعِ رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам витрда рукуъдан аввал «Қунут» ўқирдилар. Сўнгра онам Умму Абдни юбордим. Бас, у у зотнинг аёллари олдида ётиб қолди ва келиб, менга у зотнинг витрда рукуъдан олдин «Қунут» ўқиганларининг хабарини берди».
Дора Қутний ривоят қилган.
Бунга ўхшаш ривоятлар жуда ҳам кўп.
Ҳанафий ва моликий мазҳаблари қунутда ўқиладиган дуога ушбу далилни келтирадилар:

أَخْرَجَ أَبُو دَاوُدَ عَنْ خَالِدِ بْنِ أَبِي عِمْرَانَ قَالَ بَيْنَمَا رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَدْعُو عَلَى مُضَرَ إذْ جَاءَهُ جَبْرَائِيلُ  فَأَوْمَأَ إلَيْهِ أَنْ أُسْكُنْ، فَسَكَتَ، فَقَالَ يَا مُحَمَّدُ، إنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْكَ سَبَّابًا وَلَا لَعَّانًا، وَإِنَّمَا بَعَثَكَ رَحْمَةً، لَيْسَ لَكَ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ ثُمَّ عَلَّمَهُ الْقُنُوتَ اللَّهُمَّ إنَّا نَسْتَعِينُكَ وَنَسْتَغْفِرُكَ، وَنُؤْمِنُ بِكَ وَنَتَوَكَّلُ عَلَيْكَ، وَنُثْنِي عَلَيْكَ الْخَيْرَ كُلَّهُ، نَشْكُرُكَ وَلَا نَكْفُرُكَ، وَنَخْلَعُ وَنَتْرُكُ مَنْ يُفْجِرُكَ اللَّهُمَّ إيَّاكَ نَعْبُدُ وَلَكَ نُصَلِّي، وَنَسْجُدُ وَإِلَيْكَ نَسْعَى، وَنَحْفِدُ نَرْجُو رَحْمَتَكَ، وَنَخْشَى عَذَابَكَ، إنَّ عَذَابَكَ بِالْكُفَّارِ مُلْحِقٌ

Имом Абу Довуд Холид ибн Абу Имрондан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил алайҳиссалом келди ва у зотга «Жим», деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у:
«Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди.
Сўнгра «Қунут»ни ўргатди:
«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настағфирука. Ва нуъмину бика ва натаваккалу алайка. Ва нусний алайкал хойро куллаҳу. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман йафжурук. Аллоҳумма иййаака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъаа ва наҳфиду. Наржуу роҳматака ва нахшаа азаабака. Инна азаабака бил куффаари мулҳиқ».
Дуонинг маъноси:
«Аллоҳим, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга иймон келтирамиз, Сенга таваккул қиламиз ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир».
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган.
Ким «Қунут» дуосини ўқимай рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади.
«Қунут» дуосини билмаган одам уни ёдлаб олгунича уч марта «Аллоҳуммағфир лии», деса ёки «Роббанаа аътина»ни ўқиб турса бўлади.
Унинг ҳар бир ракъатида Фотиҳани ва бирор сурани қироат қилади.

Абдулазиз ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима ила витр ўқишларини сўрадик. У киши:
«Биринчи ракъатда «Саббиҳисма роббика»ни, иккинчи ракъатда «Қул йа айюҳал каафируун»ни, учинчи ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва муъаввизатайнини ўқир эдилар», деди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бошқа ривоятларда учинчи ракъатда фақат «Қул ҳуваллоҳу аҳад»нигина ўқишлари айтилган.
«Муъаввизатайни» – «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларидир.
Ушбу ҳадисдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпинча уч ракъат витр ўқиганлари очиқ-ойдин билинмоқда.
Ва (иқтидо қилувчи) витрнинг рукуъсидан кейин қунут ўқувчи(имом)га эргашади, бомдодда қунут ўқувчига эргашмайди, балки сукут сақлайди.
Одатда таровеҳ намозида витр ҳам жамоат билан ўқилади. Шунда муқтадий имомнинг ортидан «Қунут»ни ўқийди.
Ҳанафий мазҳабидаги намозхон бомдод намозида шофеъий мазҳабидаги имомга иқтидо қиладиган бўлса, имом ўз мазҳабига биноан «Қунут»ни ўқиганда, муқтадий сукут сақлаб тураверади. («Кифоя» китобидан). Валлоҳу аълам!