Ушбу ҳадис саҳиҳми?

СаволларМавзу: ҲадисларУшбу ҳадис саҳиҳми?
Mirshod сўради 1 ой аввал

Ассалому алайкум! Ушбу ҳадис саҳиҳми? Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Бир қавм аҳли: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга бир қабила аъзолари гўшт олиб келишади. Унга Аллоҳнинг исмини зикр қилишганми, йўқми, билмаймиз» дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга ўзинглар «бисмиллоҳ» денглар-да, еяверинглар», дедилар» (Бухорий ва Насоий ривояти).

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 1 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهُمْ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ قَوْمًا حَدِيثُو عَهْدٍ بِجَاهِلِيَّةٍ يَأْتُونَ بِلُحْمَانٍ لَا نَدْرِي أَذَكَرُوا اسْمَ اللهِ عَلَيْهَا أَمْ لَا، أَنَأْكُلُ مِنْهَا؟ فَقَالَ: سَمُّوا اللهَ وَكُلُوا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
«Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятга яқин бўлган қавмлар бизга гўштлар келтирадилар. Уларга Аллоҳнинг исми айтилганми ёки йўқми, билмаймиз, уларни еяверайликми?» дедилар. Бас, у зот:
«Аллоҳнинг исмини айтиб, еяверинглар», дедилар».
Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни имом Молик ҳам ривоят қилиб, охирида «Бу Исломнинг аввалида бўлган эди»ни зиёда қилган эканлар. Мана шундан ушбу ҳадиси шариф насх қилинганлиги ва унга амал қилиш тўхтагани англашилади.
Сўйиш вақтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш сўйишнинг икки шартидан биринчиси ҳисобланади. Бунга бир неча далиллар бор:
Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишоналаридан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Улар узра олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга мусаххар қилиб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз» (36 оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда.
«Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишоналаридан қилдик».
Яъни, туяларни Аллоҳнинг динидаги улкан ибодатда қурбон этиладиган ҳайвонлардан қилдик.
«Уларда сизга яхшилик бор».
Туяларда одамлар учун кўплаб яхшиликлар бор. Керак бўлганида минадилар, юк ортадилар, маркабларга қўшадилар, сутини ичадилар, гўштини ейдилар, терисидан, жунидан фойдаланадилар, сотиб, моддий манфаат кўрадилар. Энг муҳими, уларни қурбонликка сўйиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қиладилар.
«Улар узра олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг».
Туя тик турган ҳолида, олд оёқларидан бирини бўйнига боғлаб туриб сўйилади. Бу ҳол араб тилида бир сўз билан «саваффа» дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб қўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйиш керак.
Яъни, «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар. Аллоҳумма, минна илайка», деб туриб сўйиш лозим.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида бундай дейди:
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар» (121-оят).
Уламо аҳлларимиз ушбу оятнинг тафсирида «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар».
Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса ейиш мутлақо мумкин эмас.
«Албатта, у фисқдир».
Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни дин амридан чиқишдир.
«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».
Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ҳақида ҳам талашадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермаслигингиз керак.
«Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар».
Аллоҳнинг гапини уқмай, ўзганинг гапига юрган одам мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Аллоҳнинг амрини тутмай, бошқанинг амрини тутган киши мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Ҳатто ҳайвонларни сўйишда Аллоҳдан бошқанинг амрини тутиш ҳам ширк ҳисобланади. Кофир бўлиш эса умуман бошқа кулфат. Мусулмон билан кофирнинг орасидаги фарқ жуда ҳам улкан.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтадики:
«Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» (118-оят).
Яъни, ҳақиқий мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг номи билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан озиқланинг. Кишининг ҳаётида озиқ-овқат муҳим ўрин тутганидан, хусусан, тановул қилинадиган таомнинг ҳалол бўлиши муҳимлигидан иймонни ўртага қўйиб, Аллоҳнинг номи зикр қилиниб сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейишга амр қилинмоқда:
«Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!»
Бу эса «бошқасини еманг», деганидир. Воқеъликда баъзи одамлар эътиборсизлик ёки арзимас баҳоналар билан ҳалол ҳайвонларни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилишни йўлга қўймасалар, бошқалари ундан ҳам арзимаган баҳоналарни рўкач қилиб, ўша гўштларни ейишни ўзига, фарзандларига раво кўрадилар. Аслида эса уларнинг бандалик бурчлари ҳалол-пок, Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштинигина ейишни тақозо этар эди.
«Сизга нима бўлдики, устида Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсадан емас экансизлар?! Ҳолбуки, У сизларга мажбур бўлганингиздан бошқа ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб қўйган-ку?! Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳавойи нафслари ила адаштирурлар. Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир» («Анъом» сура, 119-оят).
Агар мўмин-мусулмон бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиб, иймон келтирган бўлсангиз, Аллоҳ сизга Ўзининг номи айтиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан емоқни буюрган экан.
«Сизга нима бўлдики, устида Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсадан емас экансизлар?!»
Унда мусулмонлигингиз қоладими?
«Ҳолбуки, У сизларга мажбур бўлганингиздан бошқа ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб қўйган-ку?!»
Ана шу батафсил баён қилинган ҳаром нарсалар ичида ҳамма нарса айтилган-ку. Яъни, «Ноилож ҳолга тушиб, емасангиз, ҳалокатингиз муқаррар бўлиб қолганда, ҳаддан ошмай, ҳаром нарсани есангиз ҳам майли», дейилган-ку. Ҳамма нарса аён бўлиб туриб, нимага яна ортиқча гап қиласиз?
«Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳавойи нафслари ила адаштирурлар».
Жумладан, ҳалол-ҳаром масаласида ҳам. Кўпчилик Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш масаласида ҳам хоҳ билмасдан, хоҳ билиб туриб, аммо ҳавойи нафснинг гапига кириб, одамларни адаштирадилар. Одамларга нотўғри фатво берадилар.
«Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир».
У Ўзининг ҳукмига тажовуз қилиб, ҳаром нарсаларни, Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўштини еганларни жуда яхши билади ва уларга тегишли жазони беради. Шунингдек, илмсиз равишда ҳавойи нафснинг кўйига кириб, бу масалада ва бошқа масалаларда одамларни адаштирганларни ҳам яхши билади ва уларга ҳам тегишли жазосини беради.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида ов ҳалол бўлиши учун ҳам «Бисмиллаҳ»ни айтиш шарт эканлигини баён қилувчи оятда қуйидагиларни айтади:
«Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи ҳайвонлардан Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатиб, ўргатилган қилганларингиз сизга тутиб берган нарсадан еяверинглар ва уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир», – деб айт!» (4-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга:
«Агар ўргатилган итингни (овга) қўйсанг ва уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилган бўлсанг, агар ўлдириб қўйган бўлса ҳам еявер. Модомики, улардан бошқа ит уларга шерик бўлмаса бўлди», дедилар».
Демак, ит эгаси уни овга қўйиб юбориш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиши шарт, бундай қилиш сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш ўрнига ўтади.
Таом учун тановули ҳалол қилинган ҳайвонларни сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмини айтишнинг шарт қилиб қўйилиши улкан ҳикматни ўзида мужассам қилгандир.
Маълумки, сўювчига ҳам, сўйилувчига ҳам жонни Аллоҳ таоло берган. Аллоҳ таоло берган жон билан ҳаракат қилаётган сўювчи, Аллоҳ таоло жон берган ва унга таом учун ҳалол қилиб қўйган ҳайвоннинг жонини чиқариб, гўштга айлантириш пайтида унга жон берган Аллоҳ таолони эсламаслиги улкан маънавий жиноятдир. Ана шу жиноят билан сўйилган ҳайвон ҳаромга айланиши айни адолатдир.
Агар сўювчи Аллоҳ таолонинг исмини айтишни эсидан чиқариб қўйса, сўйгани ҳалол бўлади. Чунки шариатимизнинг умумий қоидаларидан бири эсидан чиққан кимсанинг афв қилинишидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида ухлаб қолган, эсидан чиққан ва мажбур қилинган афвли эканлигини баён қилганлар.
Баъзи ривоятларда зикр қилинишича, одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни эсидан чиқариб қўйиш ҳақида сўраганларида У зот алайҳиссалом «Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг қалбидадир», деган эканлар.
Уламо аҳлларимиз «Агар сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутганнинг сўйиши ҳаром дейилса, улкан торлик бўлар эди», деганлар.
Сўювчи «Бисмиллаҳ»нинг нима эканлигини идрок этиши ва тўлиқ айта олиши ҳам шарт.
Сўювчи ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортаётиб, «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар», дейиши керак.
Сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа исмни айтиб бўлмайди. Ҳатто «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар, бу Фалончидан қурбонлик», дейиш ҳам макруҳдир.
Аташ учун бирор нарса айтмоқчи бўлса, ҳайвонни ётқизишдан ёки «Бисмиллаҳ»ни айтишдан олдин айтиши мумкин.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Аҳмадлар қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жонлиққа пичоқ тортиб бўлиб:
«Аллоҳим! Ушбуни Муҳаммаднинг умматидан, Сенинг ваҳдониятингга ва менинг етказишимга шаҳодат келтирганлардан қабул қил», деганлар.
Энди сўйилган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун «Бисмиллаҳ»нинг айтилишидан кейинги иккинчи шарт, яъни сўювчига қўйилган талаб – «Сўювчи мусулмон ёки китобий бўлиши шарт»лиги ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтайлик.
Сўювчи мусулмон бўлиши ва сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиши шартлиги ҳаммага маълум.
Аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши «Моида» сурасидаги:
«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир»  ояти каримасига биноандир (5-оят).
Булардан бошқаларнинг, жумладан, муртад ва динсизларнинг сўйиши ҳам ҳаромдир.
Аҳли китобнинг аёллари сўйган нарса ҳам худди муслима аёллар сўйган нарса каби ҳалолдир. Шунингдек, балоғатга етмаган болаларники ҳам.
Мажусий ва муртад овлаган балиқ ва чигиртка ҳалолдир. Чунки у нарсаларга «Бисмиллаҳ»ни айтиш шарт эмас. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!