Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мавлид ҳақида

19:33 / 15.12.2017 | Abduazim | 8275

Ассаламу алайкум устозлар! Ман яқинда @андижон_дурдоналари дeган каналда ушбу мақолани ўқиб қолдим! бу eрда олдин ҳeч қаeрда ўқимаган ва эшитмаган гаплар бор экан. Шунга ойдинлик киритиб бeрсангизлар. У каналда қуйидагича келган экан:

Мавлуди шариф хосиятлари Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розиёллоҳу анҳу айтдилар:
«Ким-ки мавлид уқитиш учун бир танга эхсон қилса жаннатда менинг рафиқим бўлади».
Хазрати Умар розиёллоҳу анҳу айтдилар:» ким-ки пайғамбаримиз ﷺ нинг мавлидларини улуғласа, бас ба тахқиқ исломни тирилтирибди».
Хазрати Усмон розиёллоҳу анҳу айтдилар:» ким-ки мавлидни қироъатига бир танга сарф қилса, гўëки ухуд ва хунайн ғазвасида хозир бўлибди». Хазрати Али розиёллоҳу анҳу айтадилар:» ким-ки пайғамбаримиз ﷺ нинг мавлидларини ҳурмат қилса ва унинг ўқилишига сабаб бўлса, бу дунëдан иймон билан кетгай ва жаннатга беҳисоб киргай». Шайх Хасани Басрий роҳимаҳуллоҳ айтдилар:»мен шуни яхши кўраманки қани эди менда ухуд тоғича тиллом бўлса-ю уни мавлуд ўқитишга сарф қилсам». Хазрати Жунайди Бағдодий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:» ким-ки мавлудда хозир бўлса ва унинг қадрини улуғласа бас батахқиқ иймон билан зафар топибди». Хазрати Маъруфи Кархий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:» ким-ки мавлуд ўқитиш учун таъом таëрласа ва ëр-у дўстларини жамласа чироқ ëқса янги кийимларни кийиб, хушбуй нарсаларни тутатса ва атирлар сепса, бу ишларнинг барчасини мавлидни улуғлаш учун қилса, Аллоҳ таъоло бу кишини пайғамбар алайҳиссаломлар билан бирга хашр қилгай ва аъло иллиййинда бўлгай». Имом Фахруддин Розий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:» қайсидур шахс тузга ëки буғдойга ва ëки ейиладиган нарсага мавлиди шарифни ўқиса, ўша нарсада баракот хосил бўлғай, ўша нарсалар нимага текса, ул нарса изтиробда беқарор бўлғай токи Аллоҳ таоло уни егувчисини мағфират қилгунича. Агар сувга ўқилса ва у сувдан ичса қалбига минг нур ва раҳмат киргай ва минг қудурат ва иллат чиққай, у қалб хамма қалблар ўлган кунда хам харгиз ўлмагай. Кимки мавлудни кумуш ëки тилло тангаларга ўқиса ва уларни бошқаларига аралаштириб қўйса, уларда барака бўлгай ва унинг эгаси фақир бўлмагай ва қўли бўшаб қолмагай. Хазрати Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:» Кимки мавлуд учун дўстларини жамласа, таом тайëрласа ва эхсон қилса ва мавлуд ўқилишига сабаб бўлса қиëмат куни Аллоҳ таъоло у кишини сиддиқлар, шахидлар ва солихлар билан тургизгай ва жаннотун наъимда бўлгай». Хазрати Сарис сақатий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:» Кимки мавлидун набий ўқилган жойга борса, гуëки жаннат боғларидан бир боғга борибди. Чунки у жойга фақат пайғамбаримиз ﷺ нинг мухаббатлари учунгина борди. Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар кимки мени яхши кўрса жаннатда мен билан бирга бўлгай». Хазрати Султонул Орифийн Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ айтадилар :»Қайсидур хонадон, масжид ëки Махаллада мавлидун набий ўқилса у ерни фаришталар ўраб олгайлар ва шу макон ахлига салавот юборгайлар. Қайсидур мўмин уйида мавлид ўқиса. Аллоҳ таоло ўша хонадон ахлидан қахатчилик, вабо, ëнғин, чўкиш, офат, бало , буғз-у хасад, ëмон кўз ва ўғрилардан сақлагай. Агар вафот қилса мункар-накир жавобини осон қилгай, мақъади сидқда Худо хузурида бўлгай».
Ким-ки мавлидни улуғласа шу қадар кифоя қилгай, агар бемуҳаббатларга дунëни тўлдириб гапирилса хам қалбига тасир қилмагай. Аллоҳ таоло барчамизни ўзини ва хабибимизни улуғлайдиганлардан қилсин, омин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танишимиз, таништиришимиз вожиб амалдир. У зотга муҳаббат қилишимиз ҳам вожиб. Усиз ҳеч кимнинг иймони мукаммал бўлмайди. Шунинг учун тез-тез ва куни тайин қилинмаган ҳолатда сийрат китобларидан дарслар, маърузалар ташкил қилиш керак ва буни бир ой  ёки бирор кунга белгилаб олмаслик керак. Аммо ҳар қандай имконият ва шароитдан бу борада фойдаланиш ҳам лозим. Сиз келтирган гапларга келсак уларнинг барчаси ёлғон, тўқима ва каззобларнинг уйдирмасидир. Ҳеч қандай мўтабар кишининг гапи ҳам эмас, мўтабар китобларда ёзилган ҳам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғликлари, Аллоҳнинг наздида шафоатлари қанчалик эътиборли эканлигини исботлаш тўқима ҳадисларга қолмаган. Мавлид маросимларидаги суҳбатларда тўқима, уйдирма гапларни айтиш ҳали ҳам учраб тургани ачинарли ҳол. Мавлиднинг фазилати ҳақида имом Шофеъий, Ҳасан Басрий ва яна бошқа мутақаддим уламоларга нисбат берилган гаплар ҳаммаси ёлғон, асоссиз. Энди бу ҳақда саҳобалардан нақл келтириш эса ўта кетган илмсизлик, беписандликдан бошқа нарса эмас. Динимиз тарихини, саҳобалар сийратини озгина билган одам бу гапларга ишона олмайди. Баъзилар шу маънода ҳадислар ҳам айтиб юборишади. Буларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон. Чунки у азизларимизнинг даврларида мавлид маросими қилиш деган гап ҳеч қаерда бўлмаган, бировнинг хаёлига ҳам келмаган, етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Мавлид йиғинларда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли асоссиз, тўқима ривоятларни айтиш ҳам бор. Айниқса аёллар ўртасида бу ҳолат янада кўпроқ урчиган. Мисол учун, «Туркий мавлид» номи билан танилган мавлид асаридаги кўп ҳикоялар тўқима гаплардир. Муаллиф, Аллоҳ мағфиратига олсин, эҳтимол, бу гапларни қайсидир манбадан олиб, уни рост деб ўйлагандир ёки бошқа бир сабаблар бордир. Аммо омонат ва илмий масъулият юзасидан айтиш керакки, асардаги кириш қисми ва дуоларидан фойда олиш мумкин бўлса-да, ундаги аксар маълумотлар, жумладан, «Қарчиғай ва чумчуқ воқеаси» каби ҳикоялар умуман асоссиз, асли йўқ гаплардир. Бу  гап муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ва яна бошқа айрим катталаримизга нисбатан беодоблик эмас, балки бу баён қилиниши, очиқ айтилиши лозим бўлган илмий омонатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилишдан оғир ва хатарли гуноҳ йўқ. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай бўлган бўлсалар, шундай танишимиз даркор. Қандайдир афсонавий шахсга айлантириб юбориш мутлақо ножоиз ва бу диннинг офатидир.

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар. Имом Бухорий, Муслим, Термизий раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ муҳаддисларимиз ҳадисларни саралаш учун ровийларнинг айбу камчиликларини ҳам баён қилиб, китобларга туширганлар ва мазкур ровийларнинг ҳадисларини қабул қилмаганлар. Бир куни буюк муҳаддислардан бири Яҳё ибн Саъидга Абу Бакр ибн Халлод: «Сен ҳадисларини олмаётган мана бу кишилар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида сенга даъвогар бўлиб қолишларидан қўрқмайсанми?» деди. Шунда у: «Уларнинг менга даъвогар бўлишлари мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Нега менинг ҳадисимдан ёлғонни аритмадинг?» дея даъво қилишларидан кўра яхшидир», деди. Абу Туроб Нахшабий Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга: «Олимларни ғийбат қилма!» деди. Шунда у киши: «Шўринг қургур! Бу холисликдир, ғийбат эмас», деди. Бир сўфи Ибн Муборакка: «Ғийбат қиласанми-а?» деган эди, у: «Жим бўл! Агар мен баён қилиб бермасам, ҳақни ботилдан қандай ажаратасан?» деди. Ислом уламоларининг тутган йўллари мана шудир. Улуғларимизнинг тариқатлари шу, динмизнинг талаби шу. Зотан, диннинг софлиги, яроқлилигини сақлаш учун шундай йўл тутиш лозиму лобуддир, бошқа илож йўқ. Ана шу эътибордан хусусан мавлид маросимларида етказиладиган маълумотларнинг саҳиҳ, асосли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Манбаси номаълум, далили аниқ бўлмаган гаплардан узоқ бўлиш лозим. Энг асосийси мавлиднинг фазилатини уқтириш учун, уни тарғиб қилиш учун бундай уйдирма гапларга ҳожат йўқ, бор ва саҳиҳ гапларни айтилса ҳам етарли. Аллоҳ ҳаммалиримизни ислоҳ қилсин! Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat