Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мужда умидида

17:42 / 17.12.2017 | Савол Берувчи | 6336

Ассалому алайкум! Муҳтарам аҳли илмлар, Исро сурасининг 4-оятида Аллоҳ таоло «Биз у китоб (Таврот) да Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик», дейди.
5 ва 6-оятлардан уларнинг биринчи катта бузғунчиликлари тарихда бўлиб ўтгани англашилади. Иккинчи катта туғёнлари ҳам тарихда бўлганми ёки 7-оятдаги «масжидга аввал кирганларидек киришлари учун» дейилганини бугунги кунларда сионист яҳудийларнинг Байтул Мақдисга киришда мусулмонларга қилаётган азиятлари, таъқиқлари, қолаверса Фаластин халқига, мусулмонларга қарши қураётган ўйинлари, найрангларининг сўнги келишига ва оятда айтилганидек, «юзларини қора қилинишига» умид берувчи бир башорат, мужда сифатида қабул қилсак ўринли бўладими? Аллоҳ таоло дийнимизни ва мусулмонларни азиз қилсин, умматни суннати мутоҳҳарада собит қилсин, уммат фахри бўлган сизлардек уламоларимизни илмларини зиёда ва фойдали қилиб, Ўз ҳифзи-ҳимоясида асрасин!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз айтган 4-оятда Бану Исроил кишилари икки бор гуноҳга ботганлар, Раббоний ҳукмларга зид иш қилганлар. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг душманларини устиларига султон қилган. Натижада улар ҳалокатга дучор бўлишган. Биринчи бор шундай воқеъа содир бўлганида улар тавба қилиб, ёмон амаллардан тўхташган ва яна Байтул Мақдисни қўлларига олишган. Кейинчалик яна фисқ-фужурга берилганларидан кейин Аллоҳ уларнинг душманлари орқали уларга яна жазо берган. Қуръони каримда шу икки бор фасод тарқатганларида ҳалокатга учраганларини зикр қилган. Тарихда бу каби олтита воқеъани зикр қилинган. 1-воқеъа Сулаймон алайҳиссалом Масжидул Ақсони бино қилганлар ва обод қилганлар. У зот вафот топганларидан кейин Байтул Мақдиснинг ҳокими динсизлик ва ёмон амалларга берилган. Ўша вақтда Мисрнинг бир подишоҳи устиларига бостириб келиб Байтул Мақдиснинг бутун бойликларини ташиб кетган. Аммо шаҳар ва масжидни вайрон қилмаган. 2-воқеъа. Тақрибан 400 йил ўтиб Байтул Мақдис атрофида яшовчи яҳудийлардан баъзиси бутпараст бўлиб кетишган. Қолганлари уларга эътироз билдириб ўртада жанг бошланган. Ўша иш туфайли Мисрнинг бир подишоҳи устига бостириб келган, шаҳар ва масжиднинг иморатларига ҳам нуқсон етган. Шаҳар халқи бошига тушган кулфатлардан ибрат олиб Аллоҳнинг ибодатига қайтишган. 3-воқеъа. Ўша воқеъадан бир неча йил ўтиб Бобил мамлакатининг подишоҳи Бухтуннаср Байтул Мақдис устига бостириб келган. Шаҳарни фатҳ қилиб, мол-дунёси ва кўплаб одамларини асир қилиб олиб кетган ва Байтул Мақдиснинг аввалги подишҳининг хонадонидан бир эркак кишини ҳоким сифатида тайин қилиб кетган. 4-воқеъа. Ўша тайинланган подишоҳ бутпараст ва фисқ-фужурга берилган киши эди. Бухтуннасрга қарши чиқди, у иккинчи бор улар устига лашкар тортиб, шаҳар халқини қатл қилди, шаҳарга ўт қўйиб кулини кўкка совурди. Бу ҳодиса масжид таъмиридан 415 йил ўтганидан кейин содир бўлди. Ушбу воқеъадан кейин яҳудийларни Бобилга сургун қилинди, ўта даражада хорликда етмиш йил ҳаёт кечиришди. Сўнг Эрон шоҳи Бобил шоҳи устидан ғалаба қозониб, Бобилни фатҳ қилди. Сўнг Эрон шоҳи сургун қилинган яҳудийларга раҳми келиб, уларни Шом мамлакатига қайтарди ва уларга бир қанча мол-мулк ҳам берди. Бу вақтда яҳудийлар гуноҳдан ва ёмон амаллардан тавба қилиб бўлишган эди. Қайтадан Байтул Мақдис атрофига келиб жойлашишди ва аввалги шаклидаги каби масжидни бино қилишди. 5-воқеъа. Яҳудийлар Байтул Мақдисга келиб осуда ҳаёт кечиришни бошлаганларидан кейин ғулувга кета бошлашди. Аввалги хорликларини унутишди, фисқ-фужурга мубтало бўлишди. Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишидан 170 йил аввал Антокия подишоҳи улар устига бостириб келди. 40.000 яҳудийни қатл қилди, 40.000ни чўри ва қул қилиб ўзи билан бирга олиб кетди. Масжидга ҳам ўта даражада беҳурматлик қилди. Масжид сақланиб қолди, аммо кейинчалик у подишоҳнинг ўрнига ўтирган подишоҳлар шаҳар ва масжидни буткул вайронага айлантиришди. Бироз муддат ўтгач Байтул Мақдисга Рум султонлари ўз ҳукмронлигини ўрнатишди. Масжидни қайта бино қилишди. Шундан саккиз йил ўтиб Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом дунёга келдилар. 6-воқеъа. Ийсо алайҳиссалом туғилиб, пайғамбар бўлиб тирик ҳолларида осмонга кўтарилганларидан 40 йил ўтиб, яҳудийлар Рум салтанатининг подишоҳларига қарши бош кўтаришди. Румликлар шаҳар ва масжидни вайрон қилиб, яна аввалги вайрона ҳолатига келтириб қўйишди. Ўша вақтда подишоҳнинг номи Тетас(Тйтс ҳарфлар билан келтирилган экан) эди. У яҳудий ҳам насроний ҳам эмасди. Ундан бир неча йиллар ўтиб Кустунтийн аввал насороликни ихтиёр қилди. Ундан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замоналаригача масжид вайрон ҳолатда турди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни таъмирлади. Бу олти воқеъа Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Баёнул Қуръон” тафсирида “Тафсири Ҳаққоний”дан ҳавола қилинган. Қуръони каримда зикр қилинган икки воқеъа олти воқеъадан қайси бири эканлигини тайин қилиш мушкул. Кўплаб уламолар ўша икки фасод тўртинчи ва олтинчи воқеъалар содир бўлган вақтдаги фасод тарқалиши – дейишган. “Тафсири Қуртубий”да Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг ривояти билан узун бир марфуъ ҳадис ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: Мен “Байтул Мақдис Аллоҳ таолонинг наздида қадри олий масжид-а” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У дунё уйларининг орасида энг мумтоз ва қадри олий бир уйдир. Аллоҳ таоло уни Сулаймон алайҳиссаломга олтин-тилло, қимматбаҳо гавҳар, ёқут ва зумрат тошлардан қурдирган. Сулаймон алайҳиссалом уин қуришни бошлаганларида Аллоҳ таоло жинларни у кишига бўйинсундириб берган. Барча қиматбаҳо олтин ва кумушларни уларга келтиртирган ва масжид қурдирган” дедилар. Мен “Ўша олтин кумуш ва қимматбаҳо тошлар қаерда ва қандай йўқ бўлган” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бану Исроил Аллоҳ таолога итоатсизлик қилиб, гуноҳ ва фисқ-фужурга мубтало бўлганида, пайғамбарларни ҳам қатл қилишди. Аллоҳ таоло уларнинг тепасига Бухтннаср номли подшоҳни келтирди. У мажусий бўлиб, етти йил Байтул Мақдис устидан ҳукмронлик қилди. Қуръон каримдаги ушбу оятдан  шу воқеъа ирода қилинган:

فَإِذَا جَاء وَعْدُ أُولاهُمَا بَعَثْنَا عَلَيْكُمْ عِبَادًا لَّنَا أُوْلِي بَأْسٍ شَدِيدٍ فَجَاسُواْ خِلاَلَ الدِّيَارِ وَكَانَ وَعْدًا مَّفْعُولاً۝

5. Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юборамиз. Бас, ҳовли-жойлар оралаб изғийдилар. Бу ваъданинг ижроси эди. Бухтуннаср лашкари  Байтул Мақдисга бостириб кирди. Эркакларни қатл қилди, аёл ва болаларни асирга олиб, Байтул Мақдисдаги бутун олин-кумуш ва қимматбаҳо тошларни 170.000 уловга юклаб ўз юрти Бобилга олиб кетди. 100 йилгача Бану Исроилни қул қилиб турли машаққат ва ишларга мажбурлади. Сўнг Аллоҳ таоло Форс подшоҳларидан бирини Бобилга қарши қилди. У Бобилни фатҳ қилди ва Бану Исроилни Бухтуннаср асирлигидан озод қилди. Байтул Мақдисдан келтирилган барча бойликларни Байтул Мақдисга қайтарди ва Бану Исроилга: “Агар яна итоатсизлик ва фисқ-фужурга қайтсанглар биз ҳам сизларни қатл қилиш ва асирга олиш азобини қайтарамиз” дейишди. Аллоҳ таолонинг:

عَسَى رَبُّكُمْ أَن يَرْحَمَكُمْ وَإِنْ عُدتُّمْ عُدْنَا وَجَعَلْنَا جَهَنَّمَ لِلْكَافِرِينَ حَصِيرًا۝

8...Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Ва жаҳаннамни кофирларга зиндон қилганмиз” оятидан шу ирода қилинган. Сўнг Бану Исроил Байтул Мақдисга қайтди, бутун бойликларни ҳам ўз қўлларига олишди. Сўнг гуноҳ ва фисқ-фужурга яна қайтишди. Шу вақт Аллоҳ таоло уларга Рум подшоҳи Қайсарни устиларидан султон қилди. Қуръони каримдаги:

فَإِذَا جَاء وَعْدُ الآخِرَةِ لِيَسُوؤُواْ وُجُوهَكُمْ وَلِيَدْخُلُواْ الْمَسْجِدَ كَمَا دَخَلُوهُ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَلِيُتَبِّرُواْ مَا عَلَوْاْ تَتْبِيرًا۝

7. Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги(бузғунчилик)нинг ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборурмиз) оятидан воқеъа ирода қилинган. Рум подшоси қуруқлик ва денгиз икки йўл орқали уларга жанг қилди. Кишилардан кўпини қатл қилди, қолганларини асир олди ва Байтул Мақдиснинг барча бойликларини 170.000 уловга юклаб олиб кетди ва ўзларининг “Канисатуз Заҳаб” деган жойларига қўйишди. Бу барча бойлик ҳозиргача ўша ерда туради. Қиёматга яқин имом Маҳдий уни Байтул Мақдисга 170.000 уловда қайтариб олиб келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло аввалийн ва охирийн ҳаммани жамлайди” дедилар. Қуртубий ўзларининг тафсирларида ривоят қилганлар. Биз уни узун бўлиб кетмаслиги учун маъносини ривоят қилиб келтирдик. Фаластин халқининг бошига келган бу балолар ўша ерда Аллоҳнинг буйруқларига итоатсизлик қилганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа жойлардаги каби суннатларидан юз ўгирганлиги туфайлидир. Хулоса қилиб айтсак Байтул Мақдис аҳли Аллоҳ таолога итоат қилишда бардавом бўлсалар дину-дунёда зафар топадилар. Диндан юз ўгирсалар хорликка дучор бўладилар, кофирлар улар устидан ғолиб бўлиб, жону-молларига талофат етади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat