Ҳажга бориш ҳақида

СаволларМавзу: ИбодатларҲажга бориш ҳақида
наргиза сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Оллоҳ илмингизни зиёда қилсин. 3 йил олдин хаж сафари учун навбатга ёздириб қўйган эдим. 2018 йилда навбатим келганлигини хабарини беришди. Аммо, мен бирор марта намоз ўқимаганман, рўза ҳам тутмаганман. Айрим сураларни ёд олганман. Турмушимдан ажрашганман. Фарзандларимни бир ўзим уйли жойли қилдим. Хозирги кунда пенсияга чиққанман, ишлайман. Савол. Мен шу холимда хаж зиёратига боришим мумкинми?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Боришингиз имконияти бўлса боришингиз фарз. Шунча йил Аллоҳ таолодан юз ўгирибсиз, шунда ҳам Аллоҳ сзни ризқингизни ва сўраган барча нарсангизни берибди. Гуноҳингизни тан олиб шармандалигингизни изҳор қилиб, гуноҳларингизга тавба қилиб ҳажга боринг. Шояд Арофат майдонида раҳмат ёғилган кунда сиз ҳам ундан насибадор бўлиб қолсангиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قاَلَ: مَنْ حَجَّ ِللهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».
Шарҳ: Яъни, ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.
Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, иншааллоҳ, ўша банда муродига етади.
Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا، وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلَّا الْجَنَّةُ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатга эришиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган ушбу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, ҳажни сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.
Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори, одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканлигини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).

Сиз ёшлигидан Аллоҳнинг ибодатида униб ўсган солиҳалар қаторида бўлолмасангиз ва Аршнинг соясидек соядан насибадор бўлмасангизда, тавба қилувчиларнинг сафида бўлиб қоласиз. Балоғатга етган ёшингиздан буён қолдирган намоз ва рўзаларингизни қазоларини адо қилишга киришинг. Аллоҳнинг неъматларини еявериб-еявериб тишлар тўкилса ҳам шукур қилмай бош эгмаслик нонкўрлик бўлиб қолади. Аллоҳ фазлидан бераман десаю, мағфират қилинишга сабабни тўғриласаю сиз қочасизми? Қуйидаги ҳадиснинг остига кириб қолманг.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُلُّ أُمَّتِي يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ، إِلَّا مَنْ أَبَى». قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَنْ يَأْبَى؟ قَالَ: «مَنْ أَطَاعَنِي دَخَلَ الْجَنَّةَ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ أَبَى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат бош тортган одам мустасно», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортар экан?» дейишди. «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!