Намозни қазо қилиш

СаволларМавзу: ИбодатларНамозни қазо қилиш
Ibroxim сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Азиз узтозлар, мен намозни ўқишни бошлаганимга сал кам бир йил бўлиб қолди. Саволим шундан иборатки менинг асосий вақтим ўқишда ёки қўшимча дарсларда бўлади. У ерда намоз ўқиш учун шароит йўқ. Шу сабабдан пешин ёки шом номозларим қазо бўлиб қолаяпти. Шунда бу қазони атайин қилаётган бўлмайманми? Бунинг хукми қандай?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Ҳозир намозга шароит йўқ бўлган жойнинг ўзи йўқ. Худди қорнингиз очганида амаллаб шароитини қилиб қорнингизни тўйдирганингиздек нима қилиб бўлса ҳам шароит қилиб намозларни вақтида адо қилинг. Ҳеч бўлмаганда амаллаб фарзини бўлса ҳам ўқиб олиш лозим. Намозга узр йўқ. Аллоҳ таоло “Мааъуун” сурасида марҳамат қилади:

فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!