Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жамъ ва фарқ

14:49 / 22.09.2013 | Burhon2026 | 2680

Савол: Тасаввуфдаги "Жамъ" ва "Фарқ" тушунчалари ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

 - Ёзилиш – баст –маҳбубни ёки унинг жамолини кўриш яқинлашгани сабабли ёки Унинг баркамол сифатларидан, жамолидан ҳижобни кўтарилиб Зотининг тажаллий бўлишидан ёхуд сабабсиз қалбларни ёки руҳларни қамраб оладиган хурсандлик.

- Сиқилиш – қабз – рағбат қилинган нарсанинг фавт бўлиши ёки талаб қилинган нарсанинг ҳосил бўлмаслиги сабабли ёхуд ҳеч қандай сабабсиз қалбни қамраб оладиган маҳзунлик ва торлик.   

Ушбу икки нарса (баст ва қабз) соликка худди кеча ва кундуз каби бирин кетин келиб туради;

1. Овомларга хавф ғолиб бўлса сиқиладилар ва умидворлик ғолиб бўлса ёзиладилар.

2. Хосларга жамол сифати тажаллий қилса ёзиладилар ва жалол сифати тажаллий қилса сиқладилар.

3. Хосларнинг хосларига жамол ҳам, жалол ҳам баробардир. Ҳолатларнинг ўзгариши уларни ўзгартмайди. Чунки улар Аллоҳ биландирлар ва Аллоҳ учундирлар. Ундан ўзга ҳеч нарса учун эмаслар.

Аллоҳ таоло бандага лутф кўрсатиб уни ағёрлардан – Ўзидан бошқалардан чиқариб олиб, ёлғиз Ўзига ихлос билан ибодат қилиш имконини берса, қандай ҳам яхши. Ўаш ҳолатда турган бандани Аллоҳ таоло қабз ва баст (сиқилиш ва ёзилиши) орасида тутиб туради.

Қачон У Зот бандани қабз – сиқилиш ҳолатига олса, банда хавфда турса, уни хавф қамраб олса, бу ҳолатга кўникиб қолса, қалби куйиб, жисми эриб кетмаслиги учун баст - ёзилиш ҳолатига чиқаради.  

Қачон У Зот бандани баст – ёзилиш ҳолатига олса, банда хурсанд бўлса, шодлик уни қамраб олса, бу ҳолатга кўникиб қолса, беодоблик қилиб, ҳовлиқиб кетмаслиги учун қабз - сиқилиш ҳолатига олади. Чунки баст – ёзилиш ҳолатида одоб билан туриш озларгагина насиб қилади, холос.

Шундай қилиб Аллоҳ таоло бандани жалоли ва жамоли орасида олиб туради. Қачон банда У Зотнинг жалолига шоҳид бўлса сиқилиш ҳолатига ўтади. Қачон банда У Зотнинг жамолига шоҳид бўлса ёзилиш ҳолатига ўтади.  

Аллоҳ таолонинг жалоли У Зотнинг гўзал исмларидан Муҳаймин-ҳамма нарсани қамраб олувчи, Жаббор-олий қадар, улуғ, Қаҳҳор-барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи, Мунтақим-интиқом олувчи, Роқийб-ҳеч бир заррани ҳам қўймай муроқаба қилиб турувчи, Қавий-ўта қувватли, Матийн-ўта матонатли,   Мутакаббир-кибриёси ва улуғлиги муболағали каби исмларида намоён бўлгандир.

Аллоҳ таолонинг жалоли Қуръони Каримнинг баъзи оятларида ҳам сифатлангандир.

Аллоҳ таоло "Фотир" сурасида марҳамат қилади:

 

 “Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса. . . Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир”, - (45-оят).

Ушбу оятда Аллоҳнинг жалоли яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўриши шундан билиб олинади.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса. . . » Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».

Шунга биноан, Ўзи билиб, тасарруф қилади.

Аллоҳ таоло "Ҳуд" сурасида марҳамат қилади:

 

 “Роббинг золим шаҳар-қишлоқларни ушлаганида, ана шундай ушлайдир. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир”, - (102-оят).

Яъни «Роббинг аҳли зулмкор юртларни азоб ила ушлаганида, мазкур қиссаларда келганидек, қаттиқ ушлайди. Турли йўллар билан қутулиб бўлмайдиган қилиб ушлайди.

«Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир».

Бу ҳақиқатни ҳамма билиб қўймоғи лозим. Қайси шаҳар, қишлоқ ёки диёр мазкур қавмларнинг гуноҳини такрорласа, уларга ҳам ўшандай азоблар келиши мумкин.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг жалоли У Зотнинг гўзал исмларидан Роҳман-улуғ неъматларни берувчи, Роҳийм-латиф неъматларни берувчи, Ғаффор-кўплаб мағфират қилувчи, Ваҳҳоб-кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи, Раззоқ-кўплаб ризқ берувчи, Ғафур-кўплаб мағфират қилувчи, Шакур-оз амал учун кўп савоб берувчи каби исмларида намоён бўлгандир.

Аллоҳ таолонинг жамоли Қуръони Каримнинг баъзи оятларида ҳам сифатлангандир.

Аллоҳ таоло "Зумар" сурасида марҳамат қилади:

 

 “(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», - (53-оят).

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми? » – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аллоҳ таоло "Тоҳа" сурасида марҳамат қилади:

 

“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман”, - (82-оят).

Ушбу икки оятга ўхша оятлар Қуръони Карим анчагина борлиги ҳаммага маълум.

Мусулмон инсон Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун ҳаракати давомида зикр ва нафл ибодатларни адо этиб борар экан унга гоҳида Аллоҳ таолонинг жалолига оид сифатлари, гоҳида У Зотнинг жамолига оид сифатлари устин келиб туриши бордир. Машойихлар банданинг Аллоҳ таолонинг жалолига оид сифатларидан тасирланишини қабз-сиқилиш деб номалаганлар. Аллоҳ таолонинг жамолига оид сифатларидан тасирланишини еса баст-ёзилиш деб номлаганлар.   

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда мазкур икки ҳолат ва уларнинг бандага тасири ҳамда охир-оқибатда эришиладиган натижа ҳақида сўз юритмоқда.

“Сени ёзилтирди, торлик ила қолдирмаслиги учун. Сени сиқилтирди, кенглик ила тарк қилмаслиги учун. Сени иккисидан чиқарди, Ундан бошқа ҳеч нарсага бўлмаслигинг учун”.

Агар Аллоҳ таоло бандани ёзилтирмасдан доимо торликда ушлаб турса, банда малол кўриб, ноумидликка тушиб қолиши бор.

Агар Аллоҳ таоло бандани сиқлтирмасдан доимо кенгликда ушлаб турса, банда ҳовлиқиб кетиб, ношукрликка тушиб қолиши бор.

Шунинг учун У Зот бандани мазкур икки ҳолатнинг орасида ушлаб туради. Буни овомлар ўлчовида хавфу ражо дейилади.

Албатта, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматнинг маъносини ҳам бошқа ҳикматлари каби Қуръони Каримдан олган.

Аллоҳ таоло "Ҳижр" сурасида марҳамат қилади:

 

“Бандаларимга хабар бергилки: «Албатта, Менинг Ўзим ўта мағфиратлидирман, ўта раҳмлидирман. Ва албатта, азобим, ҳа, у аламли азобдир», - (49-оят).

Ушбу икки ояти карима биргаликда Аллоҳ таолонинг ҳам жамол сифатларига, ҳам жалол сифатларига далолат қилмоқда.

Аллоҳ таоло "Қоф" сурасида марҳамат қилади:

 

“Ўша Кунда жаҳаннамга: «Тўлдингми? » – деймиз ва у: «Яна қўшимча борми? » – дер. «ҚоВа жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди.  Бу сизга ваъда қилинган нарсадир, ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига,  Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага”, - (30-33-оятлар).

Ушбу тўрт ояти карима ҳам биргаликда Аллоҳ таолонинг ҳам жамол сифатларига, ҳам жалол сифатларига далолат қилмоқда.

Ушбу шаклда қабз-сиқилиш ва баст-ёзилишни биргаликда, худди торозининг икки палласига ўхшатиб олиб боришда, аввал ҳам айтиб ўтилганидк, банданинг руҳий ҳолатида мувозанатни сақлаб туриш бордир. Банда бир йўла ноумид ҳам бўлмайди ёки бир йўла ўзини қўйиб ҳам юбормайди.

Қуръони Карим бандаларнинг яхши ва ёмон ҳислатларини сифатлашда ҳам худди шундай тавозун ила хитоб қилади.

Аллоҳ таоло "Зарият" сурасида марҳамат қилади: 

 

“Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир”, - (17-19-оятлар).

Кечани ибодат билан бедорликда ўтказиб, саҳар чоғида туриб, Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар. Тақводорлар сўраган ва сўрамаган муҳтож кишиларга ўз молларидан маълум миқдорда ҳақ ажратиб қўйган кишилардир.

Албатта, бу каби сифатларни ўқиган ёки эшитган киши мазкур тақводорларга ҳавас қилади ва уларнинг сафидан жой олишга ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло "Муддассир" сурасида марҳамат қилади:

 

 “Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик.  Ва мискинларга таом бермаган эдик.  Ва ботилга шўнғувчилар билан бирга шўнғир эдик.  Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарар эдик… токи бизга ўлим келгунича», – дерлар”, - (43-47-оятлар).

Албатта, бу каби нобокорларнинг ушбу сифатларини ўқиган ёки эшитган киши мазкур осийлардан нафрат қилади ва уларнинг сафидан жой олмасликка ҳаракат қилади.

Шундай қилиб мўмин банда хавфу ражо, қабзу баст орасида бориб нажот топади ва Аллоҳ таоло иноятига олса, ундан ҳам юқорироқ мартабага эришиши мумкин бўлади.

“Сени иккисидан чиқарди, Ундан бошқа ҳеч нарсага бўлмаслигинг учун”.

Яъни, Аллоҳ таоло сени фақат Ўзига ибодат қилишинг учун қабз ва бастдан чиқарди. Бу эса мўмин банда учун Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш борасидаги ҳаракатнинг юқори нуқтасидир. Бу мартабага эришган банда Аллоҳ таолога муҳаббат, улуғлаш, хавф, маҳобат билан юзланишда ўзига етадиган неъматлар ва ҳузур ҳаловатлар, алам ва шиддатларга парво қилмайдиган бўлиб қолади.

Чунки Аллоҳ таолодан турли неъматлар ва бахту саодатлар етганда У Зотга муҳаббат, эҳтиром билан юзланадиган ва мазкур неъмат ва яхшиликлар узилиб қолганда бошқа ҳолатга тушиб қоладиган қалбнинг муҳаббати ҳақиқий ва мусаффо эмаслиги аниқдир.

Худди шунингдек, бошига мусибат тушганда, синовлар келганда, иши юришмаганда Аллоҳ таолодан қўрқиб, У Зотнинг маҳобатидан ҳайиқадиган, ўзини ўнглашга шошиладиган ва мазкур мусибат ва синовлар кетиб ҳолат ўзгарганда ўзидан кетадиган шахсларнинг қалби ҳам мухлис қалб бўла олмаслиги аниқдир.

Оддий ҳолатдан чиқиб орифлик даражасига етган бандалар Аллоҳ таолога муҳаббат қилиш, У Зотни улуғлаш, У Зотнинг маҳобатидан ҳайиқиб, хавфда туришлари учун яхшиликлар етиши ёки ёмонликларнинг кетиши шарт эмас. Уларнинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатлари ва маҳобатлари У Зот Роббилари бўлгани ва ўзлари У Зотнинг бандалари бўлгани учундир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ёзилтириб, сиқилтириб, кейин иккисидан чиқариб, Ўзидан бошқа ҳеч нарсага бўлмаслигимиз даражасига эриштирсин!

Топ рейтинг www.uz Openstat