Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Истинжо

22:11 / 08.01.2016 | Islom.sti | 5202

Ассалому алайкум! Биз Россияда ишлаймиз. Бир танишим “Кичик ҳожат қилганда яъни бавл қилса, яхшилаб артиниб, ювмасдан таҳоратни қўлдан бошласа бўлади” деди. Мен “Таҳорат қўлдан бошланади, катта ҳожат қилганда ювилади ва ел чиқса ювилмайди” деб эшитгандим. Бавл қилгач артиниб, таҳоратни қўлдан бошласа бўладими? Чунки бизда сув совуқ, иситишга эса вақт йўқ, унинг устига дўстим гемарой бўлган. Жавобингиз учун раҳмат!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! «Истинжо» деб, инсоннинг икки чиқарув аъзосини пешоб ва ахлатдан тозалашга айтилади. Ҳанафий мазҳабида истинжода ишлатиладиган тош ва кесаклар нажосатни камайтирувчи ҳисобланади. Бошқа мазҳабларда эса бутунлай нажосатни кетказувчи ҳисобланади. Ҳадислардаги жуда кўп ўринларда истинжо қилишда тош ва кесак билан кифояланганликлари зикр қилинган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه قَالَ: اتَّبَعْتُ النَّبِيَّ  صلي الله عليه وسلم وَخَرَجَ لِحَاجَتِهِ فَكَانَ لَا يَلْتَفِتُ فَدَنَوْتُ مِنْهُ فَقَالَ: ابْغِ لِي أَحْجَارًا أَسْتَنْفِضْ بِهَا أَوْ نَحْوَهُ وَلَا تَأْتِنِي بِعَظْمٍ وَلَا رَوْثٍ. فَأَتَيْتُهُ بِأَحْجَارٍ فِي طَرَفِ ثِيَابِي فَوَضَعْتُهَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَعْرَضْتُ عَنْهُ فَلَمَّا قَضَى أَتْبَعَهُ بِهِنَّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

195. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас эдилар. У зотга яқинлашган эдим:
«Менга «Тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», дедилар. Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У зот қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан қазои ҳожат ва истинжога тегишли бир неча нарсаларни ўрганиб оламиз.
1. Раҳбар, устоз кишилар қазои ҳожатга қўзғалганда кичиклар ва шогирдлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ҳушёр бўлиб, ёрдамга ошиқишлари зарурлиги.
2. Ана шундай вақтда катталарнинг изнисиз ҳам ортларидан бориш мумкинлиги. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнларисиз ортларидан бордилар.
3. Раҳбар ва устоз кишилар ўз атбоъ ва шогирдларини хизматга буюришлари жоизлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош келтиришни амр қилдилар.
4. Истинжо шаръий ҳукм эканлиги.
Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва бошқалар «Истинжо – вожиб», деганлар.
Имом Абу Ҳанифа эса «Суннат», деганлар.
5. Тошлар билан истинжо қилиш жоизлиги. Уламоларимиз «Тош учтадан кам бўлмаслиги керак», дейдилар.
6. Тош билан истинжо қилиш шарт эмаслиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шароитларида тош кўп бўлганлиги, уни топиш осонлиги учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош олиб келишни амр қилганлар. Бу, тошдан бошқа нарса ярамайди, дегани эмас.
Истинжо қилиб бўлмайдиган нарсалар – суяк ва тезакни номма-ном алоҳида айтганларидан истинжо учун тошдан бошқа нарса ҳам ишлатилиши мумкинлиги келиб чиқади. Тошнинг ўрнига ҳар бир қуруқ, пок, артишга ярайдиган ва эъзозсиз нарса бўлаверади.
7. Суяк ва тезак билан истинжо қилиб бўлмаслиги. Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк – таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Баъзи уламолар «Таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳ», деганлар.
Шундай бўлгач, фойдали нарсалар билан истинжо қилинмаслиги ўз-ўзидан маълум.
Баъзи қадимги уламоларимиз «Қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ», деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмайди. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан тозаланишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки у шу мақсад учун махсус тайёрлангандир.
8. Қазои ҳожат қилаётган одамга қарамай, ундан тескари ўгирилиб туриш кераклиги. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай қилдилар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Одатда саҳобалар тошва кесаклар билан бирга сувни ишлатмаганлар. Лекин кесак билан сувни бирга ишлатувчилар Қуръонда мақталинган. Аллоҳ таоло “Аъроф” сураси 82-оятида
«...улар ўзларини ўта пок тутадиган одамлардир»
деб мақтаган. Ҳанафийларнинг гапларига кўра кесак ва тош ишлатилганидан кейин ҳам икки йўлда бир оз бўлсада нажосат қолиши айтилган. Ўша қолган нажосатнинг миқдори қанчалиги ҳақида қуйидагилар айтилган :
Ундан (оғир нажосатдан) дирҳам миқдори афв қилинади. У қуюқ нажосатда бир мисқол, суюқда кафт(ёйиб, бармоқларни ҳисобга олмай ўртасига сув қуйилганда тўкилмай қолган) миқдоричадир.
Ушбу миқдоргача бўлган оғир нажосат теккан кийим ила намоз ўқиса жоиз. Ундан ортганда ўқиб бўлмайди. Оз миқдордаги нажосатдан сақланиш қийин бўлганидан бунга рухсат берилган. Дирҳамнинг оғирлиги 2,975 грамм.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.

http://savollar.islom.uz/savol-39145/

Топ рейтинг www.uz Openstat