Ассалому алайкум! Яқинда интернетда «СЕКРЕТ» номли ҳужжатли фильм кўрдим. Бу фильмда умримда эшитмаган нарсаларни эшитдим. Унда айтилишича инсон миясидан тарқалаётган частоталар орқали яхши ёки ёмон нарса ва ҳодисаларни тортиш мумкин экан. Кейинроқ билсам, бу нарса интернетда жуда машҳур ва кўпчилик ундан фойдаланар экан. Шариатимиз бунга қандай қарайди? Илтимос агар иложи бўлса шу фильмни кўриб чиқинглар.
Ва алайкум ассалом! Афсуски биз динимиздан узоқлашган эдик, динимизда 1400 йилдан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари бўлиб келаётган нарсаларни бошқа дин вакиллари янгилик деб яна бизга тақдим қилишмоқда ва мусулмонлар улкан кашфиёт деб қабул қилмоқдалар. Қолаверса улар келтирган нарсалар бир жиҳатдан фойда келтирса, бошқа жиҳатдан зарар ҳам келтиради. Чунки инсон ўзига нима яхши ёки ёмон эканлигини билмайди. Бу борада Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига муҳтождир. حَدَّثَنَا الْحُمَيْدِيُّ عَبْدُ اللهِ بْنُ الزُّبَيْرِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ: حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْأَنْصَارِيُّ قَالَ: أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ عَلْقَمَةَ بْنَ وَقَّاصٍ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ: سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى دُنْيَا يُصِيبُهَا أَوْ إِلَى امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ». أطرافه: 54، 2529، 3898، 5070، 6689، 6953 تحفة: 10612 - 2/1 1. Алқама ибн Ваққос айтади: «Умар ибн Хаттоб минбарда туриб шундай деганини эшитдим: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади. Кимнинг ҳижрати эришадиган дунёси учун ёки никоҳлаб оладиган аёли учун бўлса, демак, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир», деганларини эшитдим».(“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). ЯХШИ НИЯТ Аллоҳ таоло иймон аҳлига ният суратида шундай кимёвий элиментни ато этган-ки, у ёрдамида инсон озгина таважжуҳ ила тупроқни тиллага айлантира олади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган: عَنْ عُمَرَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّمَا اْلأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّماَ لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар”. Бешовлари ривоят қилишган. Баъзилар бу каби ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, ният билан ёмон ишлар хойрли амалларга, гуноҳлар эса, савобга айланади дейдилар. Бу гап мутлоқ нотўғридир. Гуноҳ иш ҳар қандай ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Нечоғлик гуноҳ ишни яхши ният билан қилинмасин, барибир у гуноҳлигича қолади. Масалан, бир киши садақа қилиб юбориш ниятида бировнинг уйига ўғирликка кирди ва ўғирланган нарсаларни садақа қилиб юборди. Қилинган ният билан ўғриликнинг гуноҳи афв бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келган иршодларини қуйидаги тарзда тушуниш лозим: 1. Қилган яхши ишга тўғри ният билан савоб олинади, яъни Аллоҳни рози қилиш ниятида ўқилган намозга савоб олинади. Агар инсонларни кўзи учун намоз ўқилса, савоб ўрнига гуноҳ бўлади; 2. Ният билан қилинган яхши ишга ажр олиш мубоҳ амалларда ўз исботини топади. Чунки, мубоҳ ва жоиз ишларга на савоб ва на гуноҳ бўлади. Лекин, мубоҳ амаллар яхши ният билан савобли, ажрли ибодатга айланади ва ният билан қилинган ишга ажр берилади. Масалан, овқатланиш мубоҳ амаллардандир. Агар бирор киши: “Овқат воситасида танмда Аллоҳ таоло буюрган амалларни қилишга куч пайдо бўлади” деган ниятда овқатланса, еган овқати ҳам савобга айланади ёки бир киши: “Аллоҳ таоло мени зиммамга нафсимни ҳаққини юклаган. Мен уни адо қилишим лозим” деган ният ила овқатланса ёки “Овқатлангандан кейин танам яйрайди ва қалбим билан Аллоҳ таолога ҳамд айтаман” деган ният ила овқатланса, бас еган овқатига савоб берилади. Билинки, бирор мубоҳ иш йўқ-ки, яхши ният билан ибодатга айланиб, уни қилган кишига савоб бўлмаса! Ҳа, албатта барча яхши ният ила қилинган мубоҳ ишлар ибодатга айланиб, уни қилган кишига савоб берилади. Масалан, кундалик қиладиган барча мубоҳ ишларимиз яхши ният билан ибодатга айланиб, уларга савоб берилади. Уларнинг баъзиси билан қуйида танишиб чиқамиз: 1. Кундалик ишлар хоҳ у тижорат бўлсин, хоҳ амалдорлик, хоҳ деҳқончилик, агар инсон у ишларга: “Аллоҳ таоло нафсимни ва бола-чақаларимни ҳақларини адо этишни мени зиммамга юклаган” деган ният ила киришса, зиммасига юкланган ҳақларни адо этиш билан бир қаторда қилган ишлари ибодатга айланиб, уларга савоб берилади. Агар у киши: “Қилган меҳнатидан чиққан фойдани ўз аҳлимга сарф қилиб, ошаганини бошқа муҳтожларга ва бошқа хайрли ишларга харж қиламан” деган ният билан ишга отланса, қилган нияти туфайли зиёда савобга эга бўлади; 2. Бир киши халққа хизмат қилиш нияти ила илм олса, масалан, халққа динни етказиш мақсадида диний илмни олса ёки доктор бўлиб, касалларга хизмат қилиш мақсадида тиббиёт соҳасини ўрганса ёки давлатга, халққа хизмат қилиш мақсадида машинасозлик соҳасини ўрганса ёки инсонлар ҳожатини чиқариш ниятида бирор бир ҳунар ўрганса, иншаа Аллоҳ қанча вақт уларни ўрганишга сарф қилса, қилган хайрли нияти сабабли ўшанча вақт унга савоб етиб туради; 3. Бир киши бир касбни танлади. Шунда буни фикр қилди-ки, ризқ Аллоҳ таолонинг зиммасида, қандай бўлмасин у ўз эгасига етади. Ризқни қўлга киритишни жуда кўп йўллари бор. Лекин, мен фалон йўлни танладим ва унинг воситасида Аллоҳ таолонинг махлуқларига хизмат қиламан деб ният қилса, ўша танлаган касби ажру-савобга сабаб бўлади. Масалан, бир киши табиб бўлиб: “Ризқни жуда кўп йўллари бор. Мен бу танлаган касбим билан касалликдан тинкаси қуриган инсонларга ёрдам бераман” деб ният қилса, гарчи беморлар томонидан табибга мукофот ёки ҳақ берилса ҳам, табиб қилган ниятига ин шаа Аллоҳ ажр олади. Шундай ниятли инсон баъзан ҳеч қандай эвазсиз муолажа қилса ва баъзан катта ҳақ эвазига даволайди ва у қилган ниятига савоб олаверади (13 бет); 4. Бир киши кийим-кечак сотишни хоҳлаб: “Ҳар бир кишига шаръан кийим кийиши вожиб. Кўп хунарлар ичидан кийим-кечак сотиш тижоратини инсонлар зиммасидаги вожиб амални адо этишга кўмаклашиш учун танладим” деган ният билан ишга киришса, ин шаа Аллоҳ бу хунарга ажр олади; 5. Бир киши расмий ишда ишлайди. У ўз ишига:: “Ушбу вазифам орқали инсонларни ҳожатларини чиқараман” деган ниятда киришса, ин шаа Аллоҳ ниятига савоб бўлади. Билинки, бирор касб-хунар йўқки, яхши ният қилиб бўлмаса, яъни барча касбни бошлашда яхши ният қилиш мумкин; 6. Бир киши чиройли кийимни: “Аллоҳ таоло менга бу неъматни ато этди. Унга қаровчилар ҳурсанд бўладилар” деган ният кийиса, ниятига ажр олади. Лекин, кийимимга қараб ким эканимни билиб оладилар ёки инсонларга кўз-кўз қиламан деган ниятда кийинса, ин шаа Аллоҳ ажрдан бебаҳра қолади; 7. Киши: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати болаларни суйишлик” деган ниятда фарзандларини эркаласа, ин шаа Аллоҳ ниятига савоб олади; 8. Киши уй ишларини: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига қачон келсалар уйдагиларни уй ишларига кўмаклашар эдилар” деган ниятда қилса, ин шаа Аллоҳ ниятига ажр олади; 9. Аёл: “Яхши муомала қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва У зот муомалани яхши қилишга амр қилганлар” деган ниятда яхши болалари билан муомала қилса, ин шаа Аллоҳ ниятига ажр олади; 10. Бир киши: “Меҳмонларга икром кўрсатиш суннат ва қолаверса мўминнинг ҳаққи” деган ниятда меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олса, ин шаа Аллоҳ қилган ниятига ажр олади; 11. Бир киши уйига: “Инсонлар ёки ҳайвонларга фойда бўлади ва қолаверса, қаровчиларни кўзини қувонтиради” деган ниятда кўчат ўтқазса, ин шаа Аллоҳ ниятига ажр олади; 12. Бир киши ёзувини: “Ўқувчиларга енгил бўлади” деган ниятда чиройли қилса, ин шаа Аллоҳ ниятига ажр олади. 13. Аёл эрини мамнун қилиш ниятида уй ичида рухсат берилган зеб-зийнатлар билан зийнатланса, эр эса аёлим хурсанд ва мамнун бўлади деб покиза бўлса, иншаа Аллоҳ қилган ниятларига ажр оладилар; 14. Бир киши: “Зиммадаги фарзларни адо этишга куч-қувват пайдо қилади” деган ниятда рухсат берилган ўйин-кулгини қилса, иншаа Аллоҳ ниятга ажр олинади; 15. Бир киши: “Намоз вақтларини билиш, вақтни қадрига етиб, яхши ишларга уни сарфлаш мақсадида” қўлига соат тақса, ин шаа Аллоҳ қилган ниятига савоб бўлади. Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳёул улум” китобларида ният тўғрисида қуйидаги ўринли иборани келтирганлар: “Инсон ҳаётида бирор мубоҳ амал йўқ-ки, ният билан савобли ишга айланмаса!! Эр-хотин ўзаро бир-бирлари билан: “Бири иккинчисини ҳақини адо этиш ёки иффатни сақлаш” ниятида яқинлик қилсалар, қилган ишларига савоб оладилар”. Валлоҳу аълам!