Муаллиф Topic: Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида  (Ўқилган 9420 мартта)

0 Фойдаланувчилар ва 1 Меҳмон ушбу мавзуни кузатмоқда.

Moskov

  • Хабарлар: 2
  • Баҳо: +0/-0
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« тарих:: Март 06, 2013, 04:16:51 pm »
А.Алайкум шейх хазратлари. Пайпока масх тортиш хакидаги хадисларга асослансак боладими, ва бу масалага жумхур уломолари кандай карайди. Ташакур


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« Жавоб #1 тарих:: Март 07, 2013, 11:42:40 am »
ПАЙПОҚҚА МАСҲ ТОРТИШ

Пайпоққа масҳ тортиш тўғрисида авваллари ҳеч гап бўлмас эди. Аммо кейинги пайтларда турли кишилар томонидан бу масала ҳам гап қилиб кўтариладиган бўлиб қолди. Баъзи кишилар бу ишни қилса бўлар экан деган гапни мусулмонлар ичида тарқатишмоқда.
Улар бугунги пайпоқлар янги чиққан нарсалар экани, аввалги жавраблар бошқа нарса эканини ўйлаб кўришни ўзларига эп кўрмаяптилар. Иншааллоҳ, мусулмон уммати янги зоҳирийларнинг бу гапини ҳам, қабул қилмаслигига ишончимиз комил. Аммо зоҳирийлар ўзлари қолиб кўпчиликни бошини айлантириш ниятида бу масалани ихтилоф чиқариш ниятида ҳаракат қилаётганлари, баъзи китобчаларни таржима қилаётганлари учун мухлис мусулмонларга маълумот бериш ниятида ушбу сатрларни ёзишга мажбур бўлмоқдамиз.
Одамларга бу ҳақдаги гапни аввал ҳам тушунтириб юрган эдик. “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласининг “Тоҳарат” деб номланган тўртинчи жузи чопдан чиққанидан кейин гап яна ҳам кўпайди. Чунки, унда “жавроб”га масҳ тортиш ҳақидаги ҳадиси шариф ҳам шарҳ қилинган эди. Баъзи одамлар бу масалага ойдинлик киритилганидан хурсанд эканларини айтишди. Бошқалари арабистондан келган танишлари ҳозирги юпқа нейлон пайпоқларга ҳам масҳ тортса бўлади деган гапни уларга ҳам сингдирганини, энди эса, бу ишни тарк қилганларини ҳам айтдилар.
Ушбу китоб ёзилиши давомида Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг “Тоҳаратда жавробга масҳ тортиш ҳақида” деган китоби рус тилига таржима қилиб чоп этилгани, уни биздаги юпқа нейлон пайпоқларга ҳам масҳ тортса бўлади дейдиганлар ўзбек тилига таржима қилаётганлари ҳақида хабар ва ушбу масалани ҳам китобга киритиш борасида таклиф келди. Ўйлаб кўриб, бу таклифни қабул қилишни маъқул топдик.
Вазият тақозоси ила Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг “Тоҳаратда жавробга масҳ тортиш ҳақида” деган китоби билан танишиб чиқишга тўғри келди. Мен ўқиган нусхага муқадимма ёзган Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг гапига қараганда бу китоб ҳозирги даврнинг кўзга кўринган зоҳирийларидан бирининг таклифига биноан чоп қилинган. Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг муқаддимасига қараганда, у киши бу китобни одамларнинг пайпоққа масҳ тортмаслик оқибатида “қийланиб” юрганларини кўриб, уларнинг саволларига жавоб бериш учун бу китобни ёзишга қарор қилган. Яъни, масала бўйича бетараф изланиш ўтказиш ва ҳақийқатни холисона баён қилиш учун эмас, олдиндан шакилланган фикрни юзага чиқариш учун китоб ёзишга киришилган. Шунинг учун бўлса керак, унинг бу рисоласида жавробга масҳ тортиш ҳақида сўзи бор учта ҳадисга оид гаплар кўпайган. Бошқача қилиб айтганда, мазкур ҳадислар ҳужжат бўлишга ярайдими ёки йўқми деган масаладаги тортишувлар ҳақида сўз борган.
Китоб муаллифининг ўзи олдиндан кўзлаган мақсадга мувофиқ гап топиш учун ҳаракати шу даражага етганки, ҳатто аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги бирор аҳли илм айтамайдиган, балки нотўғри ҳисоблайдиган гапни ҳам ўзига ҳужжат қилиб олган. Бу борада у киши ўз китобида қуйидагиларни ёзади:

“Аммо бизнинг ушбу масаламиз – жавробга масҳ тортиш масаласига келсак, унинг асли Китоби Каримда бордир. Тоҳарат ҳақидаги оятдаги масҳ ҳақидаги умумий гапда ёки бошқа умумиятларда. Аввалги умумийликка келсак, Аллоҳ таолонинг “Моида” сурасидаги олтинчи оятдаги “аржулакум” сўзини жар – касра қилиб ўқисак,  “Ва бошларингиз ва оёқларингизга масҳ тортинг” бўлади. Бас, албатта, бунинг зоҳиридан икки оёққа масҳ тортиш фарз бўлади”, дейди.
Албатта, тоҳаратни энди ўрганаётган болаларга ҳам аҳли суннат ва жамоатга мансуб аҳли илмлар бу гап нотўғри экани, шийъа мазҳаби шу гапни айтиб хато қилганини эслатиб қўйишни одат қилишгани ҳеч кимга сир эмас.
Муҳаммад Жамолиддийн Қосимий раҳматуллоҳи алайҳи шу тарзда гапни давом эттиради ва ўз фикрига мувофиқ сўз айтганларни мақтаб, бошқача гап айтганларни танқид қилади. Ҳатто уларнинг орқасидан дуо билан йўқлашда ҳам фарқли ибораларни ишлатган. Мисол учун, зоҳирийларнинг кўзга кўринган арбоби Ибн Ҳазмнинг номини келтиргандан бир марта “розияллоҳу анҳу” деса, бошқасида “Имом Ибн Ҳазм наввараллоҳу марқадаҳу – Аллоҳ ётган жойини мунаввар қилсин” деган иборани ишлатган.
Энг қизиғи, аввал эслаб ўтганимиз, Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг бу китобига муқаддима ёзган Аҳмад Муҳаммад Шокир ҳам ўз муқаддимасини асосан мазкур уч ҳадиснинг шариатда ҳужжат бўлишга яроқли эканини исбот қилишга ҳаракат қилган. Афтидан, ўзининг Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийдан кўра ҳадис илмида пешқадам билиб у кишига ёрдам бермоқчи бўлганга ўхшайди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Тоҳаратда жавробга масҳ тортиш ҳақида” номли китобнинг муаллифи ва унга муқаддима ёзган киши биз учун ўзлари билмаган ҳолда ўзлари кўтарган масала бўйича ўзларининг заиф томонларини, бу борада келган ривоятлар ҳақида қадимги ва ҳозирги уламоларнинг ихтилофлари борлигини кўрсатганлар.
Биз эса, мазкур ривоятларни қабул қилинган ҳолда биламиз ва бугунги пайпоқ деб аталаётган нарсаларга масҳ тортиш ҳақидагина уламолар жумҳури айтган гапга қўшилиб, янги зоҳирийларнинг гапларига қўшилмаймиз.
Уламола жумҳурининг бу масала бўйича иттифоқ қилган ҳукмини замонамизнинг кўзга кўринган фақиҳларидан бири, кўплаб фиқҳ академияларининг аъзоси, азиз биродаримиз муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг ўзларига берилган саволга қайтарган жавобларида топдим. Сиз азизларга ўша матннинг таржимасини ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.



Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« Жавоб #2 тарих:: Март 07, 2013, 11:44:49 am »
Уламолар таҳоратда оддий пайпоққа масҳ тортиш ҳақида нима дейди?

Илтимос, тушунтириб берсангиз, қандай пайпоқларга масҳ тортишга рухсат берилади? Билишимча, уламолар ўртасида жун ёки нейлон пайпоқларга масҳ тортишнинг жоизлиги ҳақида турли қарашлар бор экан.
А) Кўпчилик Ислом уламолари маълум шартлар бажарилсагина бундай пайпоқларга масҳ тортишга рухсат берилади, деб ҳукм чиқарганлар. Агар бу шартлар бажарилмаса, оддий пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас. Демак, кўпчилик пайпоқлар масҳ тортиш учун тўғри келмайди. Шунга қарамай, Саййид Абул Аъло Мавдудий ҳар қандай пайпоққа ҳеч қандай шартсиз масҳ тортиш мумкин, дейдилар.
Б) У киши фақат маълум шартлар бажарилгандагина пайпоққа масҳ тортиш мумкин, деб ҳисоблайдиган олимларга қарата шундай жавоб қилади: «Мен бундай шартларнинг манбаларини Суннатдан кўп марталаб роса қидириб, топа олмадим. Суннатда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайпоқ ва кавуш масҳ тортганлари таъкидланган, холос. Имом Насаийнинг тўпламидан бошқа барча ҳадис тўпламларида, шу жумладан имом Аҳмаднинг Муснадларида ҳам Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилган бўлиб, унга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат пайтида пайпоқ ва кавушларига масҳ тортганлари айтилган. Абу Довудда айтилишича, ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Баро ибн Озиб, Анас ибн Молик, Абу Умома, Суҳайл ибн Саъд ва Умар ибн Хурайс розияллоҳу анҳумлар пайпоққа масҳ тортганлар.
Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ва Аббос розияллоҳу анҳумолар ҳам шундай қилганлар. Бундан ташқари, Таҳовийнинг китобида Увайс ибн Авс розияллоҳу анҳудан, у киши Ибн Аббос ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинишича, Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат кавушларига масҳ тортганлар, пайпоқ ҳақида эса ҳеч нарса айтилмаган ҳам. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилган эканлар.
Демак, келтирилган ривоятларни кўриб чиққач, махсиларга тортиш жоиз бўлганидек, оддий пайпоқлар устидан, пайпоқ ва пойафзал устидан масҳ тортиш жоиз бўлиши керак. Бу ривоятларда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламолар кўрсатган шартларнинг бирортасини зикр қилмаганлар. Саййид Абул Аъло Мавдудийдан ташқари, Ибн Таймийя, ҳофиз Ибн Қайюм ва Аллома ибн Ҳазм роҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам шундай фикр билдирганлар.
Муҳтарам муфтий ҳазратлари, мен сиздан бу масалага шариат нуқтаи назаридан изоҳ беришингизни сўрайман.
Жавоб: Барча мужтаҳид имомларнинг фикрига кўра, бугунги кунимизда кийилаётган оддий ип-газламали, жун ва нейлон пайпоқларга масҳ тортишга рухсат берилмайди. Сизнинг Ислом уламолари ўртасида бу масалада турли қарашлар бор экан, деган фикрингиз нотўғри.
Аллома Косоний роҳимаҳуллоҳ «Бадоеъус саноеъ» китобида шундай ёзадилар: «Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар пайпоқларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас».
Аллома ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: «Ип ёки жундан қилинган пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас». Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган пайпоқ бир фарсахдан (уч милдан) ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин («Ал-Баҳрур-Роиқ»).
Юқорида айтилганлардан маълум бўлишича, мазҳаб имомларидан ҳеч қайсиси қуйидаги юпқа пайпоқларга масҳ тортишни жоиз деб билмайди:
(a) Сув сизиб ўтадиган даражада юпқа пайпоқлар,
(б) Боғич билан боғлаб қўймаса оёқда ўзи турмайдиган пайпоқлар,
(в) Ўзини кийиб юрилса, етарли даражада узоқ масофага етмай йиртилиб кетадиган пайпоқлар.
Агар пайпоқлар бу уч тоифанинг бирортасига ҳам кирмаса, фақат шундагина уламолар уларга масҳ тортиш хусусида турли фикр билдирганлар. Саййид Абул Аъло Мавдудийга келсак, у киши умматнинг ва аксар уламоларнинг фикридан бошқа қарашни танлабдилар. У келтирган далилни таҳлил қилиб чиққач, мен у киши масаланинг моҳиятини тушуниш учун кўп ҳаракат қилмабдилар, деган фикрга келдим. Энди қуйидаги изоҳларни қисқача келтириб ўтаман.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим бизга таҳоратни маълум бир тартибда адо этишни фарз қилган. «Моида» сурасининг 6-оятида оёқларга масҳ тортиш эмас, балки ювиш очиқ-ойдин равишда буюрилган.
Аллоҳ  таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар».
(Моида сураси, 6-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло таҳорат пайтида оёқларни ювишга буюрмоқда. Демак, уларга масҳ тортиш мутлақо мумкин эмас, агар ҳатто пойафзал теридан қилинган махси бўлса ҳам. Шунга қарамай, махсиларга масҳ тортиш жоизлигига бутун уммат иттифоқ қилган. Бу ҳақдаги ривоятлар тавотур (Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб саҳиҳ ҳадислари) ила собит бўлган.
Агар Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда атиги икки-учтагина ҳадис ривоят қилинган бўлса, бу оҳод хабар бўлгани учун Қуръони Карим оятидан умумий фойдаланишни чеклаш учун етарли бўлмас эди.  (яъни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бир неча ривоятлар оятнинг таъсирини чеклаш учун асосли далил бўла олмайди).
Аксинча, «масҳ ъалал хуффайн» (махсига масҳ тортиш) ҳақидаги ҳадислар тавотур (жуда кўп ровийлардан собит бўлган) хабар бўлиб, бу эса «Моида» сурасининг 6-оятидан келиб чиқадиган ҳукмни аниқлаштириш учун етарли далил бўла олади. Яъни, агар киши махси киймаган бўлсагина оёқлар албатта ювилиши шарт бўлади.
Бу борада имом Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бу масала менга кундай равшан бўлмагунча махсига масҳ тортишга рухсат бермаганман» («Баҳр-ур Роиқ»).
Бунинг устига, масҳ ъалал хуффайн - махсига масҳ тортиш масаласи Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксондан ортиқ саҳобалари томонидан тасдиқланиб, собит бўлган.
Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да шундай дейдилар: «Ҳуффазларнинг (сон-саноқсиз ҳадисларни ёддан билувчилар) аксарияти «масҳ ъалал хуффайн» (махсига масҳ тортиш) масаласининг тавотур билан собит бўлганлигини эълон қилганлар. Уларнинг баъзиларининг хабар беришича, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қилинган шу ҳақдаги ривоятлар тўплаб, санаб чиқилганда саксондан ортиқ чиққан. Бу ривоятларнинг ўнтаси ашараи мубашшарадан (ҳаётликларидаёқ жаннати эканликлари Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан башорат қилинган зотлар) ривоят қилинган («Найлул Автор»).
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деганлар: «Мен Бадр жангида қатнашган етмишта саҳобани учратганман. Уларнинг барчаси «масҳ ъалал хуффайн» - махсига масҳ тортиш(нинг саҳиҳлиги)га ишонар эдилар» («Талхисул-Хабир» ва «Бадоеъус Саноеъ»).
Агар махсига масҳ тортиш тавотур билан ёки истифода йўли (саҳиҳ ҳадисларнинг аксарияти) билан собит бўлмаганда, таҳорат пайтида оёқни ювишга буюрилган Қуръони карим оятининг ҳукмини тахсис (чеклаш, хослаш) қилиш мумкин бўлмас эди. Бу борада имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзадилар: «Қуръоннинг амрида Суннат (Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари) билан истисно қилиш мумкин, бироқ бунинг учун суннат «масҳ ъалал хуффайн»даги каби тавотур ёки истифода даражасига етиши шарт» («Аҳкомул-Қуръон лил-жассаас»).
Хуллас, Аллоҳ таоло Қуръони каримда таҳорат пайтида оёқни ювишни фарз қилган. Бу фарз ҳукм бўйича Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган бир нечта ривоят асосида ҳеч қандай чеклаш ёки истисно қилиб бўлмайди. Бунинг учун «масҳ ъалал хуффайн» - икки махсига масҳ тортиш масаласидаги каби саҳиҳ ҳадисларнинг узлуксиз силсиласи мавжуд бўлиши керак. Бу масала эса тавотур даражасига етган.
Шунингдек, «хуффайн» махсилар масаласининг тавотур даражасига етгани Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари уларга масҳ тортганлари, бошқаларга ҳам шундай қилишга рухсат берганларини англатади. Бироқ, махсилардан бошқа турдаги оёқ кийимларига масҳ тортиш тавотур ила собит бўлмаган. «Хуфф» сўзи араб тилида фақат махсиларга нисбатан ишлатилади. Газлама, матодан қилинган пайпоқлар араб тилида «хуфф» дейилмайди.
Шундай қилиб, масҳ тортишга рухсат фақат (хуффайн) махсига тааллуқлидир. Бундан бошқа турдаги пайпоқларга нисбатан Қуръони Каримнинг оёқларни ювиш ҳақдаги ояти қўлланилади.
Бироқ, агар пайпоқнинг матоси шу даражада қалин бўлиб, чарм махсиларга ўхшаш ва ҳатто улардан яхшироқ бўлса, яъни (а) улардан сув сизиб ўтмаса, (б) улар боғичсиз оёқдан тушиб кетмай тура олса, ва (в) уларни кийиб камида бир миль йўл босилганда ҳам йиртилиб кетмаса, бундай турдаги пайпоқлар юзасидан Ислом уламолари ўртасида ихтилоф бор.
Баъзилар агар пайпоқ худди махсидек хусусиятларга эга бўлса, уларга масҳ тортиш жоиз, деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса, тавотур фақат махсига масҳ тортиш ҳақида собит бўлган, демак, бошқа турдаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас, дейдилар.
Оёқ кийимлари уч хил бўлади:
(1) «Хуффайн» (махси). Уларга тавотур асосида, жумҳур иттифоқига кўра масҳ тортиш мумкин.
(2) Чармдан қилинмаган, чармнинг хусусиятларига эга бўлмаган, пахта, жун ёки нейлондан қилинган юпқа пайпоқлар. Бундай пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас, чунки Қуръонинг оёқларни ювиш ҳақидаги ҳукмини уларга нисбатан қўлламаслик мумкинлиги етарли миқдордаги далиллар (ҳадислар) билан собит бўлмаган.
(3) чармдан бўлмаса-да, чармнинг хусусиятларига эга бўлган қалин пайпоқлар. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, бундай пайпоқларга масҳ тортиш мумкин, баъзилари эса буни мумкин эмас, дейдилар.
Фикримизнинг якунида яна бир бор таъкидлаб ўтамизки, чарм хусусиятларига эга бўлмаган пайпоқларга масҳ тортиш масаласида Ислом уламолари ўртасида ихтилоф йўқ. Уларнинг барчаси бундай пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас, деган фикрга иттифоқ қилганлар.
«Масҳ ъалал хуффайн» масаласидаги каби, масҳ тортишга рухсат бериш тавотур даражасига етмагунча, Қуръони каримнинг оёқларни ювиш ҳақидаги ҳукмини инкор қилиш мумкин эмас. Шунинг учун, Ислом уламолари зикр этган шартлар тўқима шартлар эмас. Улар фақат махсига мос келиш даражасини тасдиқлаганлар, холос.



Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« Жавоб #3 тарих:: Март 07, 2013, 11:49:16 am »
Жавробга масҳ тортиш ҳақидаги ҳадислар

Кўриб чиқаётган масаламизнинг фундаментал асоси ва уни қандай қўллашни тушуниб олгач, ижозатингиз билан чарм бўлмаган пайпоқларга (жавроб) масҳ тортиш ҳақидаги ҳадисларни кўриб чиқсак.
Барча ҳадис тўпламларида бу ҳақда учтагина ҳадис учрайди. Улар Билол, Абу Мусо Ашъарий ва Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Табаронийнинг «Муъжам Сағийр» китобларида, Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ривоятлари эса Ибн Можа ва Байҳақийларнинг тўпламларида келтирилган.
Бироқ, машҳур муҳаддис Ҳофиз Зайлаъий ўзининг машҳур «Насбур Роя» асарида иккала исноднинг (ровийлар силсиласи) ҳам нуқсони борлигини, уларнинг заиф эканлигини исботлаб берган.
Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ривоятларига келсак, «Сунани Абу Довуд» («Кутуби ситта»га кирувчи олтита мўътабар саҳиҳ ҳадис тўпламларидан бири) муаллифи, имом Абу Довуд Сижистоний роҳимаҳуллоҳ шундай ёзадилар: «Бу ҳадиснинг ровийлар силсиласи (исноди) узлуксиз эмас, демак, ишончли (саҳиҳ) эмас» («Базлул-Мужҳуд»). Шунинг учун бу икки ҳадисни муҳокама қилишга зарурат йўқ.
Муғийра ибн Шуъба ривоят қилган учинчи ҳадисни имом Термизий (роҳимаҳуллоҳ) «ҳасан» деб келтирадилар. Баъзи машҳур ҳадис билимдонлари бу фикрга қўшилмаганлар.
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ёзиб бўлгач, шундай ёзадилар: «Абдурроҳман ибн Маҳдий ҳам бу ҳадисни айтмаслиги керак, чунки Муғийра ибн Шуъбадан қилинган машҳур саҳиҳ ривоятда айтилишича, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «масҳ ъалал хуффайн» қилганлар» («Базлул-Мужхуд»).
Имом Насаий роҳимаҳуллоҳ «Сунани Кубро»да шундай ёзадилар: «Абу Қайсдан бошқа ҳеч ким бу ҳадисни айтмаган. Мен бу ривоятни тасдиқловчи бошқа ҳеч қандай ровийни билмайман. Бироқ, ишонч билан айта оламанки, Муғийра ибн Шуъбанинг «масҳ ъалал хуффайн» ҳақидаги ҳадиси саҳиҳдир» («Насбур-Рая»).
Кўпчилик имомлар, масалан, имом Муслим, имом Байҳақий, имом Суфён Саврий, имом Аҳмад, имом Яҳё ибн Муъийн, имом Али ибн Мадиний ва бошқалар бу ҳадисни ишончсиз ровийлар бўлган Абу Қайс ва Ҳузайл ибн Шуржил туфайли заиф деб эълон қилганлар.
«Саҳиҳул Муслим»га шарҳ ёзган имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай ёзадилар:
«Агар бу ҳадисни заиф деб танқид қилаётган барча муҳаддислар ўз фикрларида иттифоқ бўлмаган тақдирда ҳам, имом Термизийнинг қоидасига кўра, яъни танқид тасдиқдан кучли деган фундаментал тамойилга кўра улар ҳақ бўлар эдилар. Барча ҳадис билимдонлари бу ҳадисни заиф деб ҳисоблаганлар, шунинг учун имом Термизийнинг бу ҳадисни ҳасан, саҳиҳ деб тасдиқлашларини қабул қилиб бўлмайди» («Насбур-Раая»).
Саййид Абул Аъло Мавдудий ва бошқалар ўз фикрларига далил қилиб келтирган ҳадиснинг исноди ана шундай. Бу ҳадисни кўпчилик муҳаддис уламолар заиф деб эълон қилганлигига ва уни исбот (далил) сифатида келтириб бўлмаслигига энди ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Ҳатто имом Термизий тўғри айтганлар, деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, бу шунча ҳадис тўпламлари ичидан биргина ҳадисдир. Юқоридаги саволни яна бериб кўрамиз: Аллоҳ таолонинг таҳорат пайтида оёқларни ювиш очиқ-ойдин буйруғини биргина ҳадисга асосланиб тарк қила оламизми?
Юқорида айтиб ўтилганидек, «масҳ ъалал хуффайн» (махсига масҳ тортиш) жоизлиги тавотур даражасига етган бўлиб, имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, агар бу ҳукм тавотур даражасига етмаган бўлса, биз Аллоҳ таолонинг оёқларни ювиш ҳақидаги ҳукмидан истисно қила олмаган бўлур эдик. «Масҳ ъалал жавробайн» ҳақидаги ҳадислар эса тавотур даражасига етмаган.
Хуллас, барча ҳадис тўпламларида биз фақат учтагина ривоят топамиз. Уларнинг иккитаси бир овоздан заиф деб топилган, учинчисини эса кўпчилик муҳаддислар танқид қилганлар. Фақат имом Термизийгина уни ҳасан ҳадис деб келтирганлар.
Шундай қилиб, шариатда Аллоҳ таолонинг ҳукмига бундай заиф ҳадис асосида истисно қилиш мумкин эмас. Имом Абу Бакр Жассос ўзининг «Аҳкамул Қуръон лил Жассас» китобида шундай ёзади: «Аввал айтиб ўтилганидек, оятда таҳорат ҳақидаги айтилган асос оёқларни ювишдир. Бундан ташқари, агар чарм пайпоқларга масҳ тортиш мутавотир ҳадислар билан собит бўлмаганда, ҳеч қачон жоиз бўлмаган бўлур эди. «Масҳ ъалал жавробайн» ҳақидаги ривоятлар «масҳ ъалал хуффайн» ҳақидаги ҳадисларнинг даражасига етмаганлиги учун, уларга нисбатан асосий қоида – оёқларни ювиш қоидаси қўлланилади.
Саҳобалар пайпоқларига масҳ тортганлар ва бошқаларга ҳам бунга рухсат берганлар, дейиш нотўғридир. Саҳобаларнинг юпқа матоли пайпоққа масҳ тортганлари бирорта ривоят ёки амал билан исботланмаган.
Жуда машҳур (айниқса салафийлар орасида) олим, Аллома Шамсулҳаққ соҳиб Азимободий роҳимаҳуллоҳ шундай ёзади: «Пайпоқлар чарм, жун, пахта ва ҳоказолардан қилиниши мумкин, уларнинг ҳаммаси «пайпоқ» деб аталади. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жундан қилинган пайпоққа масҳ тортганлари собит бўлмагунча, ҳеч қандай пайпоққа масҳ тортиш мумкин бўлмайди» («Авнул-Маъбуд»). Янада очиқ-ойдин кўриниб турибдики, саҳобалар ё махсига, ё махсига ўхшаш хусусиятли қалин пайпоқларга масҳ тортганлар.
Шунингдек, «Мусаннаф Ибн Аби Шайба»да шундай келтирилади: «Саъийд ибн Мусаййаб ва Ҳасан Басрий роҳимаҳумаллоҳ пайпоқ жуда қалин бўлсагина, унга масҳ тортишга рухсат берилади, дер эдилар».
Эътибор беринг, «сафийқ» сўзи икки машҳур араб тили луғатида – «Қомус» ва «Мухторус-Сиҳоҳ» луғатларида «жуда қалин ва мустаҳкам мато» деган маънони англатади. Бу икки зот улуғ тобеъинлардан бўлганлар. Улар саҳобаларнинг амалларини кузатиш асосида фатво берар эдилар. Шунинг учун ҳам, масҳ тортиладиган пайпоқлар ниҳоятда қалин бўлиб, чармнинг хусусиятларига мос келиши кераклиги ҳақидаги фатво янгилик эмас. Қулайлик учун пайпоқларнинг қалинлиги ҳақидаги шартларни яна такрор келтираман:
а) улардан сув сизиб ўтмаслиги керак;
б) улар боғичларсиз ҳам оёқдан тушиб кетмай туриши керак;
в) уларни кийиб, камида бир миль масофа пиёда юрилганда ҳам йиртилмасликлари керак.
Агар қалин пайпоқлар мана шу учта хусусиятга эга бўлса, уларнинг сифат кўрсаткичлари махсига ўхшаш бўлади. Кўпчилик олимлар бундай пайпоқларга масҳ тортишга рухсат берганлар. Қуйидаги манбаларга ҳам мурожаат қилиб кўринг:
(1) «Далолатун-Насс», «масҳ ъалал хуффайн» ҳақидаги  ҳадисларнинг кўрсатмалари қалин пайпоқларга ҳам тааллуқлидир. «Далолатун-Насс» баъзилар хато ўйлагандек, «Қиёс» тоифасида эмас, балки «Қатъиус-Субут» (қатъий собит бўлган) тоифасига киради.
(2) «Асар» (саҳобаларнинг амаллари).
Юқорида келтирилган икки исбот-далилларга асосланган ҳолда қалин пайпоқларга масҳ тортиш жоиздир. Аллома ибн Ҳумам роҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Қодийр»да шундай ёзади: «Шак-шубҳа йўқки, чарм пайпоқларга масҳ тортишга рухсат бериш «хилофул қиёс»дир (қиёсга хилофдир)». Шунинг учун, бошқа турдаги пайпоқларни чарм пайпоқлар билан қиёслаш нотўғри бўлади, фақат «Далолатун-нас» асосида, чарм пайпоқларга ўхшаш хусусиятлар бор бўлган, айнан шу «хуфф» тоифасидаги пайпоқлар бундан мустасно.
Умуман олганда, оёқларни ювмай, пайпоқларга масҳ тортиш фақат бу ҳақдаги хабарлар тавотур даражаси ва меъёрига етгандагина жоиз бўлади. Чарм пайпоқларга масҳ тортиш («масҳ ъалал хуффайн») мазкур талабларга жавоб беради. Иккинчи томондан, «масҳ ъалал жавробайн» (оддий пайпоқларга масҳ тортиш) керакли даражага етмайди.
Демак, оддий пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас. Бироқ, агар бу пайпоқларнинг хусусиятлари чарм пайпоқларга ўхшаш бўлса, у ҳолда далолатун-насга, саҳобалар ва салафи солиҳларнинг амалларига таянган ҳолда кўпчилик фақиҳлар бундай пайпоқларга масҳ тортишга рухсат берганлар. Чарм пайпоқларнинг хусусиятларини текшириб, аниқлаб кўрган барча мужтаҳид имомлар бу масалада иттифоқ бўлганлар.
Ибн Ҳазм, Ибн Таймийя ва Ибн Қайюмларга келсак, уларнинг мақоми, мавқеини ҳурмат қилган ҳолда айтамизки, уларнинг фикри жумҳур фуқаҳоларнинг фикридан (Ислом фақиҳларининг умумий фикридан) кўп масалаларда, шу жумладан, бу масалада ҳам, фарқ қилади. Ваҳоланки, фақиҳлар, муҳаддислар ва барча мужтаҳидларнинг фикрига эргашиш лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« Жавоб #4 тарих:: Март 07, 2013, 11:52:46 am »
ХУЛОСА


Барча фиқҳ билимдонлари ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқдан боғичсиз тушиб кетадиган, маълум масофагача кийиб юрилса йиртилиб кетадиган юпқа пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Худди шунингдек, пойафзалга ҳам масҳ тортиш жоиз эмас. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда чарм пайпоқларнинг хусусиятлари йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир бундай қилаётган бўлса, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳар қандай мужтаҳиднинг фикрига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний
Дорул-улум Куранги, Карачи, Покистон.

МАСАЛАНИНГ ДАВОМИ

Масаланинг давом эттириш учун биздаги зоҳирийлар бу масалада нима дегани ҳақида интернетдан олинган маълумотдан фойдаланамиз. Бу маълумотнинг эгаси ўзбек тилини ҳам унча яхши билмайди шекилли, ёзганлари узуқ юлуқ, баҳсга арзимайдиган ҳолатда. Аммо шундай бўлса ҳам, у жанобнинг фиркларини сиз азизларга етказиш учун,  ва эътирозларига жавоб бўлиши учун бир кўриб чиқишга қарор қилдик. Бу фикрлар соҳиби кимлигини билмаганимиз учун ва у одам ўзини катта фаҳмлаб айтган гапларидан хулоса чиқариб ҳаммамизга танбиҳ бўлиши учун шартли равишда уни “мужтаҳид” деб атадик.
Эътиборингизга ўша маълумотни унга ёзган ийзоҳимизни тақдим этишга ижозат бергайсиз.        
“Пайпокка масҳ тортиш баъзи жихатлардан ихтилофли масала. Баъзи томонлардан эса иттифок килинган нарса. Иттифок килинган жихати шуки, хамма мазхабларда жаврабга масҳ тортиш жоиз дейилган. Лекин кайсидир мазхаб: "агар жавраб дагал булса," деган шартни куйган. Лекин умуман жаврабга масҳ тортиш жоизлиги муттафакун алайх булган нарса”.
Қайсидир мазҳаб эмас, барча мазҳаблар мазкур шартни қўйганлар. Ҳамма мазҳабларнинг китобларини кўриб чиққан одам бунга яна бир бор ишончи комил бўлади. Буни муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг жавобида ҳам кўриб ўтилди. Бу ҳаммага маълум ҳақийқатни “қайсидир мазҳаб” дейиш тўғри келмайди. Инсоф қилиш керак. Жавроб махсига ўхшаш қалин бўлса, унга масҳ тортиш мумкинлиги муттафақун алайҳидир. Ғарбликлар чиқарган бугунги кунда урф бўлган юпқа пайпоқларга масҳ тортиш ҳақида ҳеч кимнинг иттифоқи йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки, бу каби нарсалар аввал мутлақо бўлган эмас.
 Ханафий мазхабнинг асос китобларида жавраб дагал(калин) булса масҳ тортиш жоиз деган матнлар келган. ("Ал-Ихтиёр" китобига каралсин)
 Ҳанафий мазҳабининг асос китобларидан битта шу китобда эмас, балки барча китобларида жавраб қалин бўлса, унга масҳ тортиш жойизлиги бир овоздан айтилган. Шу билан бирга уларнинг барчасида, агар жавраб шартларга жавоб берадиган бўлмаса, унга масҳ ториш мумкин эмаслиги ҳам айтилган.
 Лекин калинлик худуди кандай булиши эса кейинги уламоларнинг фатво китобларида турли-туман микдорлар билан белгиланган. Уша микдорларнинг купи хаддан ташкари кийин булиб, уларга каралса пайпок умуман пайпокликдан чикиб кетади. Шунинг учун хам Юсуф Каразовий пайпокка масҳ тортиш жоизлиги хакида берган фатвосида "пайпокнинг калин-юпкалиги хакида фукахолар куйган шартларнинг биронтаси суннатдан бирон асосга таянмайди, балки бу фукахоларнинг уз фикрлари" деган мазмундаги сузларни айтган. ("Фатава муасира" замонавий фатволар китобига каралсин)
Фуқаҳолар ўша фикрни ўзларича, ҳавойи нафсларига берилиб, одамларга қийинчилик туғдирайлик деб айтишмаган. Балки, шариат қоидалари аососида, усулул фиқҳ илмини ишга солиб, барча тарафни ўрганиб чиқиб, ўта кучли ишонч ҳосил қилганларидан кейин айтишган. Бунинг тафсилотини юқорида, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг жавобида кўриб ўтилди. Агар фуқаҳолар ўзларича, кўнгилларига келган гапни шарт қилганларида, турли жойларда яшаб турганлари ва гапни бир ерга қўйиб олишга имконлари бўлмаганлари сабабли гаплари турлича чиқар эди. Аммо улар асосли метин қоидага суяниб ижтиҳод қилганлари учун ўзлари дунёниннг турли бурчларида яшаган бўлсалар ҳам, фиқҳий мазҳаблари бир-биридан фарқли бўлса ҳам жаврабга масҳ тортиш учун қўйган шартлари бир хил чиққан. Бу улкан ҳақийқатни чуқурроқ ўйлаб кўрмаганлар эса, фуқаҳолар ҳақида ўз хаёлларига келган нарсани айтмоқдалар.  
Жавроб сузи аслида арабчалаштирилган форисий суз булиб, форсчада кавроб дейилган. Лекин, бу лугат китобларида махсини кийишдан авал оёкка ураладиган "лифофатур-рижл" яъни пайтава дея изохланган. Текшириш учун лисонул-араб комусига карашингиз мумкин. Лисонул-араб энг муътамад, энг ишончли энциклопедик лугат китоб хисобланади.
Хуллас, жавробнинг маъноси оёк кийим кийишдан олдин оёкка кийиладиган ёхуд ураладиган нарса дегани. Бу албатта пайпок деган сузга тугри келади.
Аллоҳ Ўзинг асрагин! Ушбу мужтаҳидликни даъво қилаётганга ўхшатиб қўймагин! Муҳтарам ўқувчи эътибор беринг, бу одам нима демоқда, у қуйидагиларни айтмоқда: “Лекин, бу луғат китобларида махсини кийишдан авал оёкка ураладиган "лифофатур-рижл" яъни пайтава дея изохланган”.
Агар махсини кийишдан олдин оёққа ўраладиган пайтава бўладиган бўлса, махсининг устидан масҳ тортиб юрилаверади. Бунда ҳеч қандай гап сўзга ўрин йўқ. Аммо бу “мужтаҳид” пайтавани оёққа ўраб олиб, устидан махси кимай, ўша пайтавага масҳ ториб юравериш мумкин демоқчи бўлса, бу одамнинг “ижтиҳод”ига ва ақлига ҳар ким ўзича баҳо бераверсин.
Албатта, бир нарсанинг ҳақийқатини билиш учун араб тили луғат илми ишга солинади. Лекин, "лифофатур-рижл"ни пайтава деб таржима қилиш ҳам тўғри эмас. Эҳтимол, пайтава сўзининг форсча экани этиборидан луғат жиҳатидан тўғридир. Аммо воқеъликка тўғри келмайди. Чунки, биздаги пайтава махси ёки этик кийган одамлар оёқларини шилиниши олдини олиш ва иссиқ тутиш мақсадида уларга ўраб олган латтани англатади. Юқоридаги жумланинг эгаси ўша латтани ўраб олиб устидан масҳ тортишга ўзи ҳам рози бўлмаса керак. Чунки, пайтава махси ёки этикни ечгандан кейин умуман оёқда турмайди. Бас, шундан экан, қайси тушунча билан "лифофатур-рижл"ни пайтава деб таржима қилиш мумкинлигини тушуниб бўлмайди.  
Хозирги кундаги пайпокларнинг биронтаси жавроб эмас деган гап жуда хам тугри эмас.
Ундай бўлса, ҳозирги кундаги пайпоқлар ривоятларда келган “жавроб”нинг худди ўзими?! Агар ўйлаб кўриш ҳам керак, бундан бир минг тўрт юз йил аввал бугунги кунги пайпоқлар бўлиши мумкинми. Ноҳотки ўша пайтларда ҳам бугунги савиядаги шаффоф ва юпқа нейлонлар ва улардан тайёрланган пайпоқлар бўлган бўлса.
Ва жавроб бу пийма ёки этикка ухшаган нара дейиш хам тугри эмас. Бирон бир кадимий лугат китобида хам жавроб юкоридаги постларда айтилганидек мустакил кийиладиган кишки оёк кийим кабилида тушунтирилмаган. Агар аклан уйланса хам махсини ичидан оёкка кийиладиган нарса, таги резина ёки чармли пиймага ухшаган купол нараса булиши мумкин эмас. Агар шундай булганда наоборот махсини уша жавробни яъни пайпокни ичидан кийиш мантиклирок буларди.
Юқоридаги сўзларни ёзган одам бирорта китобда тушунтирилмаган деган гапни қаердан олди экан билмадик. Ул жаноб бу ҳақдаги дунёдаги барча китоблари ўқиб чиққан бўлишлари мумкин. Аммо у зотдан бошқалар ҳам китоб ўқиши бордир ва инкор қилиб бўлмайдиган ҳақийқатдир. Мана ўша китоблардан мазкур жанобнинг гапларини пучга чиқарувчи намуналар. Биз гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун арабча матнни ҳам келтиришни лозим топдик.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Пайпоққа масҳ тортиш ҳақида
« Жавоб #5 тарих:: Март 07, 2013, 11:58:57 am »
Шавконий “Найл”да айтади: “Махси теридан бўлган пойафзал бўлиб, икки оёқни қоплаб туради. Чориқ ундан катта бўлади. Жавраб эса, чориқдан ҳам катта бўлади”.
Жавраб пиймага ўхшаган нарса бўлса керак деганлар ушбу ривоятга ва унга ўхшаган бошқа ривоятларга асосланиб айтган бўлишлари керак.
 
Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Ламъот”да айтади: “Жавраб махсининг устидан совуқ учун, остки махсини кирдан ва ювадиган нарсадан сақлаш учун кийиладиган махсидир”.
Бу ривоят ҳам аввалгисига ўхшаб жавраб катта нарса эканини таъкидламоқда.

Ва Айний айтади: “Жавраб қаттиқ совуқли шом юртлари аҳолиси киядиган нарса бўлиб, титилган жундан қилинган бўлади. Оёққа, тўпиқдан юқорисигача кийилади”.
Ийзоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.
 Хайрон коласан киши, агар масҳ тортиш мумкин булган пайпок пийма ва этикка ухшаган даражада калин ва купол нарса булиши керак булса, у холда нега хозирги кунда нихоятда юпка булган пайпок махсиларга масҳ тортиб юрибмиз? Ахир улар хам кадимдаги хуфф яъни махси деган нарса билан бир хил эмас-ку?! Балки, бу махсилар унча-мунча пайпоклардан хам юпкарок-ку?!
Бунга тафаккур қилмаганлар ва фаросатини ишга сола олмайдиганлар ёки солмаганларгина ҳайрон бўлиши мумкин. Чунки махси чармдан бўлади, пайпоқ эса, жун ёки шунга ўхшаш чарм бўлмаган нарсадан бўлади. Шунинг учун махсига масҳ тортилади ва махси даражасига етмаган, шартларни ўзида мужассам қилмаган жаврабга масҳ тортилмайди.
Мани фикримча калин ва дагал булган пайпокларга - тахоратли оёкларга кийилган булса - масҳ тортиш жоиз. Айникса, кишли кировли совук кунларда, пайпокни ечиб, оёкни ювиш очик ойдин хараж тугдиради, бу холатда уламолар калин пайпокка масҳ тортишни жоиз дейдилар.
Буни сиз айтаётганингиз йўқ, жаноб “мужтаҳид”. Уни фиқҳий мазҳабларнинг ҳақийқий уламолари аввалдан айтиб қўйганлар. Ҳозиргина фуқаҳоларнинг жавраб қалин бўлиши керак деган гапларини танқид қилиб "пайпоқнинг қалин-юпқалиги ҳақида фуқаҳолар қўйган шартларнинг биронтаси суннатдан бирон асосга таянмайди, балки бу фуқаҳоларнинг ўз фикрлари" деган гапни рўкач қилаётган эдингиз. Энди нима учун шу шартни ўзингиз қўймоқдасиз?!  
“Хозирги замонавий уламолардан салафийликда айбланмаганларининг хам айримлари пайпокка масҳ тортишни жоизлигига фатво берганлар. Албатта улар бу билан уша кадимда колиб кетган пайпокларни эмас, балки хозирги кундаги пайпокларни назарда тутганлар. Баъзилари пайпокни пиймага ухшаган даражада булмаса хам  калинрок булишини шарт килсалар, баъзилари умуман шарт килмаганлар. Мани фикримча бундай ихтилофли ва ижтиходий масалаларда бир томонлама катъий килиб, йулни кесиб, торайтириб куймаслик керак”.
 Демак, бу “мужтаҳид”нинг фикрича, ҳозирда тарқалган юпқа пайпоқларга масҳ тотрса бўлади, дейдиганлар асосан салафийлар экан. Аммо ўша гапни айтадиганлар ичида айрим салафий эмаслар ҳам бор экан.
Яна ўша жанобнинг ижтиҳодига қараганда бу масала ихтилофли экан ва уламолар ихтилоф қилган масалада бир томонлама қатъий қилиб, йўлни кесиб қўймаслик керак экан.
Аммо ихтилоф қандай экани ҳақида гап йўқ. Ҳа, уламолар ихтилоф қилган масалада икки тарафни ҳам олса бўлаверади. Аммо ўша ихтилоф кимдан содир бўлганига қаралади. Агар ихтилоф мужтаҳид ва сўзи қабул бўладиган уламолардан содир бўлсагина, бу қоида ишга тушади.
Қадимда бу масала бўйича зоҳирийлардан Ибн Ҳазмга ўхшашлар жумҳурга хилоф қилган ва уларнинг хилофи ҳеч ким тарафидан эътиборга олинмаган ҳамда юқорида муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний айтганларидек, шартга тўғри келмайдиган жаврабга масҳ тортиб бўлмайди, деган ижмоъ собит бўлган.
Ҳозирда ҳам худди шундай. Асосан, оз сонли кишилардан бошқа, Ибн Ҳазмнинг издошлари бўлган, мўътабар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи, замонамизнинг зоҳирийлари бу масалада хилоф қилишмоқда ва уларнинг хилофининг ҳам эътибори йўқ бўлиб келмоқда. Ўтган саҳийфаларда Имом Заҳабий ва бошқа эътиборли уламоларнинг зоҳирийларга уламоларнинг муносабати ва уларнинг гапининг эътибори йўқлиги ҳақидаги гапларини келтирдик.
Келаси жумлаларда “мужтаҳид” жаноблари ўзларига келиб, ўз фикрдошларини ривоятнинг зоҳирини олиб қўйишда айблашга ўтади.
Лекин, ёз кунида хам юпка пайпокка хам бемалол оёкни ювмасдан масҳ тортиб юравермаслик хам керак. Ёз кунида хам юпка пайпокка бемалол масҳ тортишга жавоз берадиганларнинг сузларига кушилолмаймиз. Чамамда, улар келган ривоятларнинг шундоқ зохирини олиб қўйяптилар холос. Махси ёки жавробга масҳ тортиш аслида ечиб-кийиш хараж булгани учун, совукдан сакланиш учун рухсат сифатида берилган имконият экан, бу нарсани суистеъмол қилиб юбормаслик лозим. Шунинг учун иссиқ кунларда, имконият була туриб, юпка пайпокка масҳ тортиб юрганларни азгина мулохаза килишга, ва ибодатлари хақида ғам чекиб, эхтиёткорроқ булишга, Аллохдан қўрўишга чакирамиз.  
Аввалги гаплар қаёқда қ#1179;а масҳ тортишинг мумкин эмас, дея олмаймиз”.
Аввалда Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг ҳам шунга ўхшаш ташвиши борлигини айтиб ўтилган эди. Демак, авваллари ислом умматининг барча мужтаҳидлари, фиқҳий мазҳабларнинг имомлари ва давомчиларига қарши чиқиб уларни билимсизликда қоралашга журъат қилишгача бориб етишнинг асосий сабаби ҳам шу экан. Одамлардан қийинчиликни кўтариш учун албатта, шу каби гап ва ишни қилиш шартмиди деган саволни кейинга суриб турайликда, “мужтаҳид”имизнинг “ижтиҳод”ини ўрганишга қайтайлик. У киши гапнинг давомида қуйидагиларни айтади:  
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайпоққа масҳ тортганлари ҳақида термизийда ривоятлар келган. Бу ривоятни баъзилар заифга ҳукм килишса, баъзилар ҳасан ва саҳиҳга чикаришган.  
Термизийда ривоятлар келган дегани билан иш битадими? Баъзилар у деган, баъзилар бу деган деб айтиш билан иш битадими? Албатта, битмайди.
Қуйида мазкур ҳадис уламолари ҳақларида ихтилоф қилишган ривоятлардан баъзисини келтирамиз.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда ковушларига масҳ тортдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни икки жавробга ва ковушга масҳ тортганларларини кўрдим».
Ибн Можа ривоят қилган.

Абу Довуд айтади:
«Икки жавробга Али, Ибн Масъуд, ал-Баро, Анас, Абу Умома, Саҳл ибн Саъдлар масҳ тортганлар», деган.
Термизий:
«Жавробга масҳ тортиш жоизлигини Суфён ас-Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқлар айтдилар, улар:
«Агар жавроб қалин бўлса, кавуши бўлмаса ҳам унга масҳ тортилаверади», деганлар», дейди.
Ҳамма бу ва бунга ўхшаш жаврабга масҳ тортиш ҳақидаги ривоятларни аввалдан билиб келган. Уларга амал ҳам қилиб келган. Бу ҳақда ҳеч ким қадимда ихтилоф қилмаган. Жаврабга масҳ тортиш ҳақидаги ривоятлар борасидаги ихтилоф уларнинг ҳар бирининг кучини баҳолашда бўлган. Аммо барча уламолар бу ривоятларда зикр этилган жавраб номли оёқ кийими қалин ва у билан юришга яроқли бўлиши кераклигини шарт қилишган. Бу маънони ҳамма мазҳабларнинг фиқҳ китобларида очиқ-ойдин айтиб қўйилган. Чунки, жавраб турлича бўлган. Аввало у форс юртларидаги кишиларнинг оёқ кийими бўлган. Араб тилига унинг номи ҳам форсчадан кириб қолгани шунга далолат қилади. Форс юртлари арабистонга нисбатан совуқроқ экани маълум. Шунинг учун, жаврабни араблар форслардан олган бўлиши турган гап. Албатта, ўша пайтларда жавраблар ҳозирги пайпоқларга ўхшаш фабрикаларда ҳаммаси бир хил қалинлик ва бир хил шаклда бўлмаган. Турли одамлар тарафидан турли қалинлик ва шаклларда ясалган. Шунинг учун ҳам, уламолар улардан қай бирига масҳ тортса бўлади ва қай бирига тортиб бўлмайди деган масалани ўртаган қўйганлар ва махсининг ўрнини босадиган жаврабга масҳ тортса бўлади, ундан бошқасига тартиб бўлмайди деган ҳукмларни бир овоздан айтиб, китобларига ёзиб қўйган.    
“Кадимда хам ҳозирда хам айрим уламолар пайпокка масҳ тортишга рухсат беришган. Ибн Таймия, Ибн Коййимлар ва мазхаб сохиблари булган уламолар бунга рухсат беришган”.
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам айрим уламолар эмас, барча уламолар жаврабга масҳ тортишга рухсат беришган. Аммо ўзини биладиганлари ҳозирги замондаги капрон ва шунга ўхшаш пайпоқларга масҳ тортишга рухсат бермаганлар.
“Абу Ханифа рахматуллохи алайхининг узлари пайпокка масҳ тортганлари ханафий мазхаб китобларида келади. Авал у киши бундан катариб, кейин рухсат берганлари айтилади”.
Ҳанафий мазҳабининг фуруъул фиқҳ китобларининг кўпида айнан қуйидаги иборалар келади.

“Абу Ҳанийфанинг наздида икки жаврабга масҳ тортиш жоиз эмас. Фақатгина улар тери билан қопланган ёки ковушга бириктирилган бўлсагина жоиз. Чунки, одатда улар билан юриш мумкин эмас. Бас, пайтавага ўхшаб қолади. Аммо улар тери билан қопланган ёки ковушга бириктирилган бўлса, ҳалигининг (юришнинг) имкони бўлади. Бас, ўшанда иккисига масҳ тортса жоиз бўлади”.
Худди шу иборалар ёки унга яқин иборалар барча мазҳабларнинг барча китобларида мавжуд.
Ийзоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.
“Агар аввал рухсат бермаганлари хакида тафаккур килиб курилса хам жавроб у кадар калин ва каттик нарса булмагани ойдинлашади”.
Қизиқ гап, аввалда жаврабга масҳ тортишга ким рухсат бермаган. Ҳамма мазҳабларнинг уламолари талабга жавоб берадиган жаврабга масҳ тортиш жоизлиги ҳақида ўз китобларига ёзиб қўйганлар. Муҳтарам “мужтаҳид”имиз томонидан юпқа, махисига ўхшаш сифатга эга бўлмаган жаврабларга рухсат берилмаган дейилса тўғри бўлармиди. Лекин бу зот умматнинг эъзозига сазовор бўлган буюк мужтаҳидларимизга ва уларнинг издошларига улкан туҳмат қилишга қасд қилмоқда. У ҳадисларда зикр қилинган жавраб аслида юпқа бўлган аммо аввалгилар бунга қарамасдан ўша юпқа, у қадар қалин ва қаттиқ бўлмаган жаврабга масҳ тортишга рухсат бермаганлар демоқда. Мазкур жавраб деб аталган оёқ кийимлари бор вақтда ёки унга яқин даврда яшаган, ўша жаврабларни кийиб кўрган ёки қўрганларни кўрган олимларни жоҳилликда айбламоқда. Ҳозирги бошқа халқлар чиқарган пайпоқ деб аталмиш юпқа, остидан оёқнинг ранги ҳам кўриниб турадиган нарсалар ўша вақтда ҳам бўлган демоқчи бўлмоқда. У ўзининг бу қуруқ даъвосини давом эттириб яна қуйидагиларни айтади.    
“Йукса, агар жавроб яъни пайпок уша вактда хам урфда пиймадек каттик ва калин нарса булганда эди, унга масҳ тортиш жоизлиги асло бахс ва ихтилофга сабаб булмасди. Жоизми ёки жоизмасми деган гап хам булмасди.
Жаврабни тинмай пайпоқ дейиш ҳам одамларнинг бугунги кунда пайпоқ деб аталаётган, уламолар жумҳури унга масҳ тортиб бўлмаслигини қаттиқ таъкидлаган нарсага масҳ тортдириш иштиёқи қанчалар зўрлигини кўрсатади.  
Жаврабга масҳ тортиш тўғрисида ҳақиқий олимлар орасида ихтилоф бўлмаган, жоизми, жоизмасми деб биров айтмаган. Уларнинг барчаси жавраб талабга жавоб берадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоизлигини айтганлар.
Ихтилофни сиз зоҳирийлар чиқармоқдасизлар. Барча ислом уммати эътироф қилган фиқҳий мазҳабларнинг бошлиқлари ва мужтаҳидларининг иттифоқ қилган масаласига хилоф қилмоқдасизлар.
Ахир кандай килиб махсига масҳ килиш жоизку, калинликда ва куполликда ундан-да кучли булган нарсага масҳ тортиш жоиз булмайди?! Шулар хакида азгина тафаккур килсангиз, кадимда хам пайпок хозирги пайпокларга якинрок нарса булгани англашилади”.
Ҳеч ким қалинликда ва қўполикда махсидан кучли бўлган ойқ кийимига масҳ тортиб бўлмайди деган эмас ва демайди ҳам. Шулар ҳақида озгина ақли бор одам, озгина тафаккур қилса, ҳозирги пайпоқлар мусулмон умматининг мазҳаббошилари ва асл мужтаҳидлари масҳ тортишга рухсат беришган жавраблар бошқа нарса, ҳозирги пайпоқ деб аталаётган нарса бошқа нарса экани аён бўлади.
“Хозирги уламолардан Албоний, Ибн Боз, Ибн Усаймийнлардан ташкари, Саййид Собик, Юсуф Каразовийлар ва бошкалар хам пайпокка масҳ тортишни жоиз деганлар”.
Аввало муҳтарам “мужтаҳид”имизнинг бу рўйхатидаги исмлар эгаларини бугунги кун уламолари ва оддий мусулмонлари ҳақийқий олим сифатида тан оладими ёки бошқача фикрдаларми бир ўйлаб кўриш керак. Бизнинг бировга тил текизиш ниятимиз йўқлиги учун бу борада бошқа гап айтишни ўзимизга эп кўрмадик.
Аммо шунда ҳам ақлни ишга солиб ўйлаб кўрилса, мусулмон умматининг бизнинг “мужтаҳид”имиз тилга олганлардан бошқа юз минглаб уламолари бугунги пайпоқ деб аталаётган оёқ кийимига масҳ тортишга рухсат бермаганлари аниқ нарса-ку! Бунга нима деб жавоб беради “мужтаҳид” жаноблари?! Бирор гапни, агар у оддий гап бўлса ҳам, айтишдан олдин ўйлаш керак. Аммо ўша гап дийнга, ибодатга, савоб ёки гуноҳга, охиратга, жаннат ва дўзахга тегишли бўлса, минг марта, милён марта ўйлаш керак. Ҳар ким ўзининг кимлигини англаши керак. Гапининг охири қаерга боришини тушуниши лозим.
Шунинг учун ҳам, фиқҳий мазҳабларнинг асосчилари ва уларнинг издошлари, хусусан, ҳанафий мазҳаби уламолари эҳтиёт тарафини устун қўйганлар.
Мисол учун, ушбу баҳсга сабаб бўлган, жаврабга масҳ тортиш ҳақидаги гапни олиб кўрайлик.  
Мусулмон  уламолари жумҳури Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таҳорат пайтида оёқни ювишни фарз қилган. Бу фарз ҳукм бўйича Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган бир нечта ривоят асосида ҳеч қандай чеклаш ёки истисно қилиб бўлмайди. Бунинг учун «масҳ ъалал хуффайн» - икки махсига масҳ тортиш масаласидаги каби саҳиҳ ҳадисларнинг узлуксиз силсиласи мавжуд бўлиши керак. Бу масала эса тавотур даражасига етгандир. Шунинг учун махсининг сифатини ўзида мужассам қилган жаврабга масх тортиш жоиз, у сифатни ўзида мужассам қилмаган жаврабга масҳ тортиш мумкин эмас дедилар.      
Бу ҳукмни ислом уммати гўзал равишда қабул айлаб унга минг йилда ортиқ даврда амал қилиб келмоқда. Ибн Ҳазмга ўхшаш баъзи зоҳирийларнинг хилофига ҳеч ким эътибор бермади.
Ҳозирга келиб, баъзи зоҳирийлар "пайпоқнинг қалин-юпқалиги ҳақида фуқаҳолар қуйган шартларнинг биронтаси суннатдан бирон асосга таянмайди, балки бу фуқаҳоларнинг ўз фикрлари" деган мазмундаги сўзларни айтиб бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортса бўлади, дейишмоқда.
Бундай ҳолатда мўътабар фиқҳий мазҳаблар, хусусан, ҳанафий мазҳаби бўйича эҳтиёткорлик қоидаси ишга тушади.
Бир тараф махси даражасида бўлмаган жаврабга масҳ тортиб бўлмайди демоқда. Бошқа тараф эса, номи пайпоқ бўлса, масҳ тортилаверади, демоқда. Ҳар ким ўзининг гапи тўғри эканини даъво қилмоқда.
Аммо мутлақ ҳақийқатни Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади ва қиёмат куни ўша илми ва адолат асосида ҳукм чиқаради. Биз баҳс қилаётган масалада қиёмат куниги ҳукм икки хил бўлади.
Биринчи ҳукм, номи пайпоқ бўлса, унга масҳ тортиш жоиз деган гап тўғри деган ҳукм.
Бу ҳукмга биноан номи пайпоқ бўлса, унга масҳ тортиш жоиз деган гапни айтиб, унга амал қилганлар ҳам, уни нотўғри деб махси даражасида бўлмаган жаврабга масҳ тормай, тоҳарат қилганда оёғини ювиб юрганлар ҳам нажот топадилар. Чунки, уларнинг энг асосий ибодатлардан бири бўлган намозларига футур етмаган.
Иккинчи ҳукм, махси даражасида бўлмаган жаврабга масҳ тортиб бўлмайди деган гап тўғри деган ҳукм.
Бу ҳукмга биноан махси даражасида бўлмаган жаврабга масҳ тормай, тоҳарат қилганда оёғини ювиб юрганлар ҳам нажот топадилар. Аммо номи пайпоқ бўлса, унга масҳ тортиш жоиз деган гапни айтиб, унга амал қилганлар хижолатда қоладилар. Чунки, уларнинг энг асосий ибодатлардан бири бўлган намозларига футур етган бўлади. Бир вақт намознинг нуқсон туфайли қабул бўлмай қолиши охиратда қанчалар даҳшат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади.
Демак, қиёмат кунидаги оқибатни ўйлаб иш қилишимиз керак. Енгил елпи гап билан турли фатволарни чиқариш билан иш битмайди, албатта.