Муаллиф Topic: Қасамни бузиш ҳақида  (Ўқилган 9157 мартта)

0 Фойдаланувчилар ва 1 Меҳмон ушбу мавзуни кузатмоқда.

Шоядбек

  • Хабарлар: 1
  • Баҳо: +0/-0
Қасамни бузиш ҳақида
« тарих:: Mart 02, 2014, 01:22:44 pm »
Асалому алайкум устоз мен Россияга борсам фалон бўлай деб қасам ичкандим. Энди боришимга тўғри келяпди, дадам оламдан ўтканлар, Худо раҳмат қилсин. 3 та укам бор, 2 тасини  уйлади, 1 таси қолди. Қасамни бузиш учун 10 та мискинга таом беришим керак экан, шуни пулини 1 мискинга берсам бўладими йёки 10 та мискинга пулни берсам бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Қасамни бузиш хакида
« Жавоб #1 тарих:: Aprel 21, 2014, 05:42:53 pm »
- Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайди. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларга кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз», деган (Моида, 89).
Шарҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсоннинг гапирадиган гапини ҳам ҳисобини қилиб туриши, баъзи гаплар учун айбга буюриш бор-у, баъзилари учун йўқ эканлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Демак, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳалари қатори, унинг гап-сўзларида ҳам ҳалол-ҳароми бор. Ўша ҳалол ва ҳаромни аниқлаш, уларнинг ҳукмини чиқариш Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Бу ишга аралашишга У зотдан бошқа ҳеч кимнинг заррача ҳаққи йўқдир.
Инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ, унинг қандоқ яшамоғи лозимлигини кўрсатиб беришга ҳам фақат Ўзигина ҳақлидир.
Инсонга ақл ва тил берган Аллоҳ ўша ақлни ишлатиб, ўша тил билан қандай сўзларни айтганини тутади-ю, қайсинисини тутмайди–Ўзи билади.
Ояти карима: «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайди» жумласи ила бошланмоқда.
«Беҳуда қасам» деганда, тил ўрганиб қолган, беихтиёр гапга қўшилиб кетадиган қасам иборалари назарда тутилади. Бу ҳол, айниқса, арабларда кўп учрайди. Уларда «валлоҳи», «биллаҳи» дейиш қасамни билдиради. Бу лафзларнинг айтилиши ҳам осон. Сўз орасида ишлатавериб, тиллари ҳам ўрганиб қолган. Демак, ана шундай ҳолларда беихтиёр қасам лафзи оғиздан чиқса, Аллоҳ унинг учун тутмас экан. Мазкур лафзни айб ҳисоблаб, унинг учун жазо чораси белгиланмас экан.
Аввал ҳам таъкидланганидек, Исломда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Шариат изн берган жойларда қасам ичилганда ҳам, фақатгина Аллоҳ таолонинг номи билангина қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг номи билан ҳадеб қасам ичавериш дуруст эмас.
Аммо баъзи кишилар тили ўрганиб қолгани туфайли, беихтиёр қасам лафзини тилига олган бўлса, ушбу оят ҳукмига биноан, унга жазо белгиланмайди. Лекин беҳуда қасам ичган киши жамиятда одобсиз, ишончсиз ва эътиборсиз шахсга айланиб қолади.
Шу билан бирга, шариатимизда айб ҳисобланадиган, жазо чоралари белгиланган қасамлар ҳам бор. Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятнинг давомида:
«Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади», дейди.
Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам қўшилмоқда. Бунда худди қасам бир ҳиссий нар-са-ю, уни тугиш мумкиндек тасарруф қилинмоқда.
Демак, қасамнинг бузилиши айб ҳисобланиб, унга нисбатан жазо чораси қўлланиши учун қасд ила тугилган–мустаҳкам ният билан ичилган қасам бўлиши керак экан. Ким ана шундоқ мустаҳкам қасамни адо эта олмай бузса, унга нисбатан шаръий жазо белгиланар экан.
Мазкур шаръий жазо нималардан иборат экани оятнинг давомида баён қилинмоқда:
«Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларга кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир».
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилаб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб беркитишга айтилади.
Шариатда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига «каффорат» дейилади.
Ушбу биз ўрганаётган ояти каримага биноан, ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича:
1. Ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш.
Мазкур мискинларни тўйдиришдаги ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган ўртача таом миқдоридир. Агар каффорат адо этиши лозим бўлган шахс ўнта мискинга таом беришни хоҳламаса, иккинчи хил каффоратни адо этиши ҳам мумкин:
2. Ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш.
Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади. Агар бу ҳам ёқмаса, учинчи хил жазо ҳам бор:
3. Бир қул озод қилиш.
Қасамини бузган кишига каффорат учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дини бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир.
Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни, қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола билмаган одам, аслида, Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир-мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.
Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйғизиш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичларида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана ўшандоқ имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган:
4. «Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин».
Демак, қасамини бузган одам каффоратни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим-бош олиб бериш ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб, каффоратни адо этиши вожиб бўлади.
Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрий бўлиши билан бирга, тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақатгина мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўладилар.
Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорат адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорат адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорат адо этишга мажбур бўлган инсон кейин ҳар бир гапини яхши ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади.
Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар айтилади:
«Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир».
Яъни, қасам ичган бўлсангиз-у, лекин унга амал қила олмай қасамхўр бўлиб қолсангиз, юқорида зикр этилган жазоларни ўташ билан қасамни бузиш туфайли содир этган гуноҳларингизнинг каффоратига (беркитилишига) эришасиз. Зотан, қасам ичгандан сўнг унга амал қилган одамга ҳеч қандай жазо йўқ. Шунинг учун агар қасам ичган бўлсангиз:
«Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз».
Албатта Аллоҳ таолога қанча шукр қилинса, шунча оз. Содир этилган гуноҳнинг каффоратини кўрсатиб беришнинг ўзи ҳар қанча шукрга арзигулик неъматдир.