Муаллиф Topic: Тавба ҳақида  (Ўқилган 8221 мартта)

0 Фойдаланувчилар ва 1 Меҳмон ушбу мавзуни кузатмоқда.

asdf_112

  • Хабарлар: 22
  • Баҳо: +4/-0
  • Gender: Male
  • Allohu akbar!!!
Тавба ҳақида
« тарих:: Август 29, 2008, 07:38:04 pm »
 :bismilloh
:as:
Iltimos, Menga mukammal darajada tovba qilishni o`rgating,


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Тавба
« Жавоб #1 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:32:01 am »
ТАВБА

«Тавба» сўзи араб тилидаги сўз бўлиб, қайтиш маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам тавба деб аталган.
Уламолар тавбанинг шаръий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи ва таъкидловчи бир неча таърифларни айтганлар:
Роғиб: «Шариатда тавба гуноҳни ёмонлиги учун тарк қилиш, ўзидан ўтган камчиликка надомат қилиш, гуноҳни яна такрорламасликка азм қилиш ва имкони бор ишларни қайтадан қилишдир», деган.
Журжоний: «Тавба қалбдаги гуноҳда давом этиш тугинини ечиб, Аллоҳга қайтиш ва Роббнинг барча ҳақларини адо этиш», деган.
Баъзилар: «Тавба эътироф, надомат ва гуноҳдан узилиб чиқиш», деган.
Бошқалар: «Тавба қилинган маъсиятга маъсият бўлгани учун надомат чекиш ва уни қайтармасликка азму қарор қилиш», деган.
«Таърифот» китобининг соҳиби тавбанинг маъноси ва турлари ҳақида жумладан қуйидагиларни келтирган:
«Тавбанинг маъноси учтадир: Биринчиси – надомат қилиш. Иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтишга азму қарор қилиш. Учинчиси – зулмларни ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиш.
Тавбанинг турлари:
1. Иноба тавбаси Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавбадир.
2. Истижоба тавбаси Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавбадир.
3. Фосид тавба фақат тил билан қилинган тавбадир.
4. Саҳиҳ тавба банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтишидир.
5. Насуҳ тавба.
Араб тилидаги «насуҳ» сўзи холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба, насиҳатга тавба маъноларини англатади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
               
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар!» деган (8 – оят).
Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ» нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азми қарор қилишдир», деган.
Таҳонавий: «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабеҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган.
Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади:
«Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиши вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳақига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлишига уч шарт бордир:
1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш.
2. Уни қилгани учун надомат қилиш.
3. Абадул абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш.
Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди.
Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳақига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳақидан қутилиш зиёда қилинади.
Ҳақ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади.
Ҳақ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳақ эгасидан афв қилишини сўрайди.
Агар ҳақ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳақини ҳалол қилишни илтимос қилади.
Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт.
Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади.
Қуръони Каримда келган тавба ҳақидаги ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин.
1. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат экани.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #2 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:32:45 am »
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:                                               
«Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар», деган (64 -  оят).
Аллоҳ ҳақийқатдан ҳам тавбаларни қабул этгувчи Зотлигига иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларни ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди: кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшигини очиб қўяди.
У зот ҳақийқатдан ҳам раҳмли бўлганидан гуноҳкор  мунофиқларнинг айбини кечиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатади.
2. Тавба анбиё ва солиҳ мўминларнинг сифатидир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:                                                                 
«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан», деган (127 – 128 -  оятлар).
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:                                 
«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» деган (112 -  оят).
Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар:
«Тавба қилувчилар». Билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларга чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар.
3. Тавбадан кейин солиҳ амал қилишга тарғиб.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:                             
«Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ, албатта, тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир», деган (39 -  оят).
Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни ҳам қилиши зарур экан. Чунки ёмонликдан тўхташ билан бирга яхшиликни касб қилмаса, орада бўшлик пайдо бўлади ва бу уни яна ёмонликка қайтариши мумкин. Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбани қабул этиш шартларига қўшилмоқда.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:                                                               
«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.
Магар бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустаснодир). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир», деган (4 – 5 -  оятлар).
Қуръони Карим бўҳтончини фосиқ, яъни, Аллоҳнинг амридан чиққан одам, деб васф қилмоқда. Бу сифат ҳам жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади.
Демак, бўҳтончининг фақат тавба қилиши кифоя эмас. Балки ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади.
Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида ҳақийқатда ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан фосиқ номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади.
4. Тавбанинг мукофоти ҳақидаги оятлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:                                                       
«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севадир», деб айт», деган (222 – оят).
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:                                                                                           
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса, Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар», деган (8 – оят).
5. Тавба Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳматидир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:                                                                           
«Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳларлар.
Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир», деган (26 – 28 – оятлар).
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:                                                                     
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақийқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир.
Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиш учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деган (72 – 73 – оятлар).
6. Ўтган набийлар тавбага чақиришган.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #3 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:34:00 am »
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:
«Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос.
Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми?
Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди», деган (50 – 52 – оятлар).
 Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:
«Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди», деган (61 – оят).
Тавба ҳақида келган ҳадислардан намуналар:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Ўз бандаси тавбасидан сизнинг бирингизнинг устида шароби ва таоми билан камсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб соясида ётганда, умуман уловидан умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида бирдан қараса у олдига келиб турибди. Бас, унинг жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра шиддатлироқ хурсанд бўлади. У хурсандлигининг шиддатидан хато қилганди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Барча одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ банданинг тавбасини, модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, албатта, қабул қилади», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким қуёш мағрибидан чиқмасдан туриб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Тавбанинг фойдаларидан:
1. Тавба иймоннинг камоли ва Исломнинг жамолидандир.
2. Тавба Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосига сабабдир.
3. Тавба эгасини Аллоҳ таолонинг кенг раҳматига эриштиради.
1.   Тавба танглик ва ғамнинг кетишига сабаб бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #4 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:34:22 am »
ТАВБАНИНГ ҲАҚИЙҚАТИ

Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.
1. Илм гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборат.
2. Ҳол мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана ўша аламни надомат деб аталади.
3. Амал гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор ила гуноҳни тарк қилишдир.
Бу борадаги гуноҳни тарк қилиш ҳозирги, келаси ва ўтган замонга боғлиқ бўлади.
Ҳозирги замондагиси қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиш ила бўлади.
Келаси замондагиси умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиш орқали бўлади.
Ўтган замонга боғлиқ бўлиши аввалги гуноҳларига каффорот бўладиган амалларни қилиш ва қазоларни бажариш билан бўлади.
Демак, тавбанинг ҳақийқати илм, надомат ва ҳозир, келажак ҳамда ўтган замондаги гуноҳларни тарк қилишдан иборатдир.
Ким гуноҳ маҳбубдан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаса, қилган гуноҳларига тавба қилмайди. Аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #5 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:35:17 am »
ТАВБАНИНГ ВОЖИБЛИГИ

Банда учун тавба қилиш вожиблиги ҳақида далиллар жуда ҳам кўп. Намуна учун баъзиларини зикр қиламиз.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:
                 
«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар», деган (31 – оят).
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:               
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар!» деган (8 – оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Тавбанинг вожиблигига мусулмон уммати ижмоъ қилган.
Чунки гуноҳлар бандани Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи ва ҳалокатга олиб борувчидир. Шунинг учун ҳам улардан қочиш ва тавба қилиш вожиб бўлади.
Тавбани давомли равишда қилиш вожибдир. Зеро, банда ким бўлишидан қатъий назар гуноҳкордир. У аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланган чоғида ҳам, қалбида гуноҳни режа қилиши мумкин. Ундан ҳам сақланганда шайтоннинг васвасасига йўлиқиши бор. Бунга ўхшаш нарсалар анчагина.
Шунинг учун ҳам давомли равишда тавба қилиб туриш керак. Бу ўта муҳим ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишни қилиб турганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #6 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:36:55 am »
УМР БЎЙИ ТАВБА ҚИЛИШ

Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этадиган бўлиши керак. Тавбанинг ўтган, ҳозирги ва келаси замонга боғлиқ бўлишини аввал айтиб ўтилган эди.
Бас, тавбанинг ўтган замонга боғлиқлиги қуйидагича: Банда фикри ила балғатга етган биринчи кунига қайтади. Ўшандан буён ўтган умрини йилма йил, ойма ой, ҳафтама ҳафта, кунма кун, соатма соат ва нафасма нафас тафтиш қилиб чиқади. Адо этилмай қолган тоатларига ва содир этган маъсиятларига назар солади, ҳаммасини хотирига олади.
Қанча намозни ўқимаган ёки ўқиган бўлса ҳам, нотўғри ўқиганини аниқлайди. Кейин уларнинг қазосини ўқишни бошлайди. Аста-секин қазо намозларини охирига етказади.
Шунингдек, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларни ҳам қазосини жойига қўяди.
Банда балоғатга етганидан бошлаб содир этган маъсиятларини ҳам тафтиш қилиб аниқлайди. Мазкур маъсиятлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишларга тавба қилиб, надомат чекади ва истиғфор айтади.
Кейин гуноҳларининг миқдорига назар солади. Улардан ҳар бирига муносиб яхши амал қилишга ўтади.
Каффорот ўрнига ўтувчи ҳасанот – яхшиликлар дил, тил ва бадан билан адо этилади. Дил билан тазарруъ ва ўзини зор тутиш, тил билан зулмни эътироф қилиб, истиғфор айтиш ва аъзолар билан садақа ва бошқа турли тоат-ибодатлар қилинади.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:       
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (114 – оят).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бас, ғийбат мажлислари ўрнига зикр мажлисларида иштирок этсин. Мусҳафни таҳоратсиз ушлаган бўлса, уни икром қилсин ва қироатини кўпайтирсин. Хамр ичган бўлса, ҳалол ичимликлардан садақа қилишни кўпайтирсин.
Бандаларга нисбатан қилинган зулмлар бир вақтнинг ўзида Аллоҳ таолога нисабатан ҳам маъсият бўлади. Чунки гуноҳкор ўшанда Аллоҳ таолонинг наҳий қилган нарсасини содир этган бўлади. Бунинг эътиборидан у тавба қилади. Бунга қўшимча тарзда зулмларининг муқобилига яхши ишлар қилади. Одамларга озор берган бўлса, уларга яхшилик қилади. Молини тортиб олган бўлса, унинг эвазига ўзининг ҳалол молидан садақа қилади. Уларни ёмонлаган бўлса, мақтайди.
Кейин одамларнинг ҳақига қилган зулмидан қутилишга ўтади. Бу зулмлар одатда жонга, молга, обрўга ва қалбга тегишли бўлади.
1. Жонга оид жиноят хато тариқасида одам ўлдиришдан иборат бўлса, ҳақдорларга хун тўлашни йўлга қўяди. Агар қасддан одам ўлдирган бўлса, ўзини ўлдирилган шахснинг эгасига топширади. У хоҳласа, қасос олади, хоҳласа, кечиради. Бу масалада жиноятчи ўз қилмишини яшириши жоиз эмас. Шунингдек, бировни зинода айблаб қазф қилган шахс ҳам ўзини ўзи тутиб бериши керак.
Аммо зино, ароқхўрлик, ўғриликка ўхшаш бошқа маъсиятларда жиноятчи ўзини тутиб бериши тавбанинг шартларига кирмайди. Қилмишини яшириб, тавба қилса бўлаверади. Агар очиқ эътироф қиламан деса, ўзининг иши. Унга шаръий жазо қўлланилади ва тавбаси қабул бўлади.
2. Молу мулкка оид жиноятлар тавбаси ичида уларни ўз эгасига қайтариб бериш керак. Ҳақ эгасига ҳақини қайтариш билан бирга ундан узр сўраш ҳам лозим.
Агар бировнинг ҳақи адо этиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, қўлидан келганини бериб бораверади. Шу билан бирга қўлидан келганича яхшилик қилади. Ўша яхшиликлардан қиёмат кунида ҳақ эгасига олиб берилади.
Молни қайтариш учун унинг эгасини топа олмаса, меросхўрига беради. Меросхўрни ҳам топа олмаса, ўша миқдордаги молни камбағалларга садақа қилади.
Молида ҳаром ва ҳалол аралашиб кетган одам ҳаракат қилиб ҳаромнинг миқдорини аниқлаб, ўшани камбағалларга садақа қилади.
Қалбга ва обрўга оид жиноятлардан тавба қилишнинг амалий қисмида мазлумларни топиб, улардан жиноятига яраша ҳақларини ҳалол қилишни сўрайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #7 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:37:40 am »
ДАВОМЛИ ТАВБАНИНГ ҚИСМЛАРИ

Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар:
1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.
Бу тоифадаги кишилар тавба қилганларидан кейин камчиликларининг ўрнини тўлдирадилар ва мазкур гуноҳга қатишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Одатда башардан беихтиёр содир бўладиган майда-чуйда нарсалар бундан мустасно.
Мана шуни мустақим тавба, тавбаи насуҳ дейилади. Бундай тавба қилган нафс хотиржам нафс дейилади.
Аллоҳ таоло «Фажр» сурасида:                                 
«Эй хотиржам нафс! Роббингга  сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» деган (27-30 оятлар).
Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. Уни мутъмаинна – хотиржам нафс деб аталади.
2. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар, гоҳида ноқасддан баъзи гуноҳларга қўл уриб турадиганлар тоифаси. Шу билан бирга улар ҳар гуноҳ қилганда ўзларини маломат қиладилар ва унга яна қайтмасликка аҳд қиладилар.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида:         
«Ва маломатчи нафс билан қасам», деган (2 оят).
«Маломатчи нафсдан» мурод мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади.
Бу табақа олдингисидан кейинги ўринда туради. Буларга Аллоҳ таолодан яхши ваъдалар бор.
Аллоҳ таоло «Нажм» сурасида:                     
«Улар кичик гуноҳлардан бошқа катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиганлардир. Албатта, Роббинг мағфирати кенг зотдир», деган (32 – оят).
3. Бу тоифадаги одамлар тавба қилганларидан кейин маълум муддат истиқоматда юрадилар. Сўнгра шаҳвати ғолиб келиб баъзи гуноҳларни содир этади. Аммо тоат-ибодатда бардавом бўлиб, қудрати етган гуноҳлардан четда бўлади.
Аммо баъзида шаҳвати ғолиб келиб туради. Аллоҳ таолодан улардан қутилишни сўраб туради. Гуноҳ қилганда надомат чекади, тавба қилади.
Бундай нафс «масъула» деб аталади ва унинг эгаси «Тавба» сурасида келган қуйидаги оятда зикр қилинганлар жумласидан бўлади:                                   
«Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир», (102 – оят).
Бу ҳолат банда учун хатарлидир. Чунки тавба қилишга улгурмай қолиш мумкин. Ўлим кўз билан қовоқнинг орасидаги нарса. Тўсатдан ўлган одам тавба қила олмай қолиши турган гап. Унда оқибати оғир бўлади.
Тавба қилгандан кейин бир муддат кейин яна айниб кетадиганлар тоифаси.
Улар қайтадан гуноҳларга ботадилар ва тавба қилишни қасд қилмайдилар, қилган гуноҳларига афсус ҳам қилмайдилар. Бундай ҳолатдаги одамларнинг нафси бузуқ бўлади.
Бундоқ нафс «ан-Нафсул амморату биссуъи» - ёмонликка амр қилувчи нафс деб аталади.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида:                               
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди», деган (53 оят).
Бу нафс эгаларининг оқибати ёмон бўлишидан қўрқилади.       


Шайх Муҳаммад Содиқ

  • Шайх хазратлари
  • Хабарлар: 19243
  • Баҳо: +441/-0
    • www.islom.uz
Bu yerga kirishingiz bir birodaringizni do`zaxdan asraydi, inshalloh!
« Жавоб #8 тарих:: Сентябр 14, 2008, 02:38:24 am »
ТАВБА ДАВОСИ

Дардни топмаган одам унинг давосини топиши ҳам мумкин эмас. Дарднинг сабабига қарши бўлмаган давонинг фойдаси бўлмайди.
Шунингдек, гуноҳнинг сабабини топмаган одам, унинг тавбасини топиши ҳам мушкул. Гуноҳда бардавом бўлишнинг сабаби ғафлат ва шаҳватдир. Ғафлатга илм ила, шаҳватга сабр ила қарши турилади.
Гуноҳ деб аталмиш дарднинг табиби уламолардир. Қалб хасталиги бўлмиш бу дард бадан хасталикларидан ёмондир ва бунинг сабаблари қуйидагича:
1. Бу дардга чалинганлар ўзининг хасталигини билмайди.
2. Бу дарднинг оқибати бу дунёда кўзга кўринмайди. Бадан хасталигига учраганнинг кўзига ўлим кўринади. Аммо дил хасталигига дучор бўлганларга бу нарса кўринмайди.
3. Бу дарднинг табиблари оз. Дил дардини даволаши лозим бўлган аҳли илмнинг кўпи ўзлари дардманддирлар.
Аслида эса, улар ғафлатга қарши қуйидаги ишларни амалга оширишлари керак эди:
1. Қуръони Карим оятларида, ҳадиси шарифларда ва хабарларда келган гуноҳкорларни хавфга солувчи маъноларни эсга солиш. Тавбага чорловчи нарсаларни уларга аралаштириш.
2. Гуноҳлар оқибатида ўтган қавмларга етган мусийбатлар ҳақидаги Қуръони Карим ва ҳадисларда келган қисса ва ҳикояларни эслатиш.
3. Гуноҳларнинг касофати бу дунёда ҳам уриши мумкинлигини, бандага бу дунёда етаётган мусийбатлар гуноҳлари сабабидан бўлишини эслатиш керак.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида:                     
«Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур», деган (30 – оят).
Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусийбат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусийбатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусийбатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусийбатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.
Фузайл ибн Иёз: «Мен ўзимнинг Аллоҳ таолога қилган осийлигим асарини эшагим ва ходимимнинг хулқидан билиб оламан», деган.
Абу Сулаймон Дороний: «Эҳтилом ҳам уқубатдир. Бировнинг намози қазо бўлишига ҳам гуноҳи сабаб бўлади», деган.
Аллоҳ таоло «Мутоффифийн» сурасида:                 
«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир», деган (14 – оят).
Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қуръондаги «Каллаа! Бал, рона ала қулибиҳим», деганидир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Савоб иш қалбга нур ва баданга қувват бўлур. Гуноҳ иш қалбга зулмат ва баданга беҳоллик бўлур», деган.
4. Ароқхўрлик, зино, одам ўлдириш, ҳасад, ғийбат каби якка гуноҳларнинг жазоларини эслаш лозим.
Юқорида айтиб ўтилганлар ғафлатнинг муолажаси бўлса, шаҳватнинг муолажаси сабр ила бўлур. Бемор ўзи зарар берадиган нарсани тановул қилишда давом этаверса тузалмаслиги аниқ. У ўзи учун зарарли бўлган бу ишни зараридан ғофил бўлгани учун ёки шаҳватини енга олмагани учун қилади.
Шаҳватни енгиш учун эса сабр керак. Бунинг учун ўлимни кўз олдига келтириш лозим. Хулосаси, барча имкониятларни ишга солиб, сабр ила тавбани тўлиқ қилиш зарур.