Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Олд қатор

12:59 / 02.04.2017 | Otabek | 4119

Ассалому алайкум! Кўпчилик жамоатнинг олди қаторида намоз ўқишни хуш кўради. Бунинг кандай ҳикмати бор? Бу саволни излаш хизматидан топа олмадим узр.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَرِيقٍ وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ عَلَى الطَّرِيقِ فَأَخَّرَهُ، فَشَكَرَ اللهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ، ثُمَّ قَالَ: الشُّهَدَاءُ خَمْسٌ: الْمَطْعُونُ، وَالْمَبْطُونُ، وَالْغَرِيقُ، وَصَاحِبُ الْهَدْمِ، وَالشَّهِيدُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَقَالَ: لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الْأَوَّلِ ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لَاسْتَهَمُوا، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لَاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда юриб кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди», дедилар. Сўнгра у зот: «Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорин касаллиги билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар. Яна: «Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра унга қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар. Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, кимўзарга борар эдилар. Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бир неча фазилатли, савобли ишларга тарғиб қилмоқдалар: 1. Йўлдаги кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Бу масалани иймоннинг шўъбаларини ўрганиш фаслида батафсил кўриб чиққанмиз. Ҳадиси шариф ўтган умматлардан бир киши йўлда ётган тиканли шохни олиб ташлаб, йўловчиларни озордан сақлаганлиги учун Аллоҳ унга Ўз раҳматини юбориб, гуноҳларини мағфират қилганлиги ҳақидаги ривоят билан бошланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан, агар сиз ҳам шу нарсани қилсангиз, ўша даражага эришасиз, демоқчилар. 2. «Шаҳидлар бештадир»: а) «Вабода ўлган». Бир юртга вабо тарқалса-ю, у ердаги одам Исломда вабо тарқалган жойдан бошқа жойга чиқиб бўлмайди, деб ўша ерда сабр қилиб туриб, ўлса, шаҳид бўлади. Чунки у одам динимиз ҳукмига амал қилди ва вабонинг бошқа томонларга тарқалмаслиги учун ҳисса қўшди. б) «Қорин касаллиги билан ўлган». Бу ҳам ўлимнинг киши афсус қиладиган даражадаги бир туридир. Хусусан, ўша вақтларда бу дардга нисбатан алоҳида эътибор билан қаралган бўлиши мумкин. в) «Сувга ғарқ бўлиб ўлган». Бу ҳам тўсатдан ва фожиали равишда келадиган ўлим эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам бундай ўлим топган одам шаҳид ҳукмида бўлади. г) «Қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган». Ўша вақтларда йиқилган деворнинг остида қолиб ўлиш ҳолатлари кўп бўлган. Бу ўлим ҳам чўкиб ўлиш каби тўсатдан ва фожиали бўлганлиги учун бундай ўлим топган одамга ҳам шаҳидлик ҳукми берилган. д) «Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар». Булар душманларга қарши Ислом йўлидаги жангда ҳалок бўлган кишилардир. Ҳақиқий шаҳидлар шулар эканлиги ҳаммага маълум. 3. Азонга жавоб бериш ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ўта фазилатли иш эканлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бундан кейин келадиган ишларга бериладиган савобнинг миқдори ёки ҳажми ҳақида рақам ёки баъзи бир ўхшатишларни ишлатмаяптилар. Уларнинг қанчалик эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин ҳадисда агар ўша нарсаларга бериладиган савобнинг ҳақиқатини бандалар билиб қолсалар, нима қилишлари васф этилмоқда. «Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар». Одатда одамлар ичида бирор нарсага ниҳоятда катта қизиқиш бўлганда, ўша нарсага эришишни ҳамма баробар истаганда иш қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинади. Азон ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ана шундай катта қизиқиш билан талпинишимиз лозим бўлган ишлардан экан. Ҳар бир мусулмон бор имконини ишга солиб, ҳатто қуръа ташлаб бўлса ҳам бу нарсага эришишга ҳаракат қилмоғи лозим. 4. «Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, кимўзарга борар эдилар». Бу намоздан мақсад Пешин намозидир. Чунки у энг иссиқ пайтда ўқилади. Демак, бу намозни жамоат билан ўқиш ҳам улуғ савобга сабаб бўлар экан. Агар одамлар бу намозни жамоат билан ўқиган одам учун бериладиган савобнинг ҳақиқатини англаб етсалар, унга бошқалардан олдинроқ бориб, ўша савобга эришишга интилар эканлар. 5. «Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар». Бу васф ҳам мазкур икки намозни жамоат билан ўқиган кишиларга бериладиган савобнинг нақадар улкан эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, ҳар биримиз намозларни жамоат билан ўқишга, жамоат намозида биринчи сафда туришга ҳаракат қилишимиз лозим.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: خَيْرُ صُفُوفِ الرِّجَالِ أَوَّلُهَا وَشَرُّهَا آخِرُهَا، وَخَيْرُ صُفُوفِ النِّسَاءِ آخِرُهَا وَشَرُّهَا أَوَّلُهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклар сафининг энг яхшиси биринчисидир, энг ёмони охиргисидир. Аёлларнинг энг яхши сафи охиргисидир, энг ёмони аввалгисидир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Эркакларнинг биринчи сафининг афзал бўлиши имомга яқинлиги учундир. Биринчи сафдаги одам имомнинг ҳолини аниқ кўриб, овозини тиниқ эшитиб туради. Илоҳий раҳматга ҳам бошқаларга нисбатан олдинроқ эришади. Чунки мазкур раҳмат аввал имомга, сўнгра биринчи сафга нозил бўлади. Аллоҳ таоло ва фаришталар ҳам олдин биринчи сафдаги намозхонларга саловот айтадилар. Эркаклар сафининг охиргиси сафларнинг энг ёмони бўлиши унинг имомдан узоқ бўлганлиги учундир. Аёллар сафининг энг ёмони аввалгиси бўлиши эса эркакларга яқин бўлганлиги учундир. Аёлларнинг энг яхши сафи энг охиргиси бўлиши бу саф эркаклардан узоқ бўлганлиги учундир. Шунинг учун эркаклар биринчи сафдан жой олишга ҳаракат қилишлари лозим.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: فُضِّلْنَا عَلَى النَّاسِ بِثَلَاثٍ؛ جُعِلَتْ صُفُوفُنَا كَصُفُوفِ الْمَلَائِكَةِ، وَجُعِلَتْ لَنَا الْأَرْضُ كُلُّهَا مَسْجِدًا، وَجُعِلَتْ تُرْبَتُهَا لَنَا طَهُورًا إِذَا لَمْ نَجِدِ الْمَاءَ، وَذَكَرَ خَصْلَةً أُخْرَى. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз одамлардан уч нарсада афзал қилиндик: сафларимиз фаришталарнинг сафидек қилинди. Ернинг ҳаммаси бизга масжид қилинди ва сув топа олмаганимизда унинг тупроғи биз учун покловчи қилинди», дедилар ва яна бир хислатни айтдилар». Муслим ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло Ислом умматини уч нарса билан бошқа умматлардан афзал қилганининг хабарини бермоқдалар: 1. «Сафларимиз фаришталарнинг сафидек қилинди». Яъни, жамоат намозларидаги сафларимиз даражада ва шарафда фаришталарнинг сафларидек қилинди. Бошқа динларда бундай имконият йўқ. Сафларнинг биринчиси яна ҳам афзал бўлади. 2. «Ернинг ҳаммаси бизга масжид қилинди ва сув топа олмаганимизда унинг тупроғи биз учун покловчи қилинди». Бу масала «Таяммум» бобида батафсил ўрганилган. 3. Ривоят эгаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилган учинчи хислатни эсидан чиқариб қўйган экан. Аммо имом Насаий келтирган бошқа бир ривоятда: «Бақара» сурасининг охиридаги ушбу оятлар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилди. Улар мендан олдин ҳеч кимга берилмаган, мендан кейин ҳам ҳеч кимга берилмайди», дейилади.

عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الَّذِينَ يَصِلُونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ، وَمَا مِنْ خَطْوَةٍ أَحَبَّ إِلَى اللهِ مِنْ خُطْوَةٍ يَمْشِيهَا الْعَبْدُ يَصِلُ بِهَا صَفًّا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга саловот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Саловот Аллоҳ таоло томонидан бўлса раҳматдир, фаришталар томонидан бўлса, истиғфордир. Яъни Аллоҳ таоло бир бандасига саловот айтса, унга раҳмат ато этган бўлади. Фаришталарнинг саловоти эса бу банданинг ҳаққига истиғфор айтиш бўлади. Жамоат намозининг биринчи сафида намоз ўқишга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир мусулмон бу фазлга эришишга ҳаракат қилмоғи лозим.

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يُصَلِّي عَلَى الصَّفِّ الْأَوَّلِ ثَلَاثًا وَعَلَى الثَّانِي وَاحِدَةً. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالْحاَكِمُ وَصَحَّحَهُ

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта саловот айтар эдилар». Насаий ривоят қилган. Ҳоким саҳиҳ, деган. Шарҳ: Саловот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлса, дуодир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи ва иккинчи сафда намоз ўқиганлар ҳаққига дуо қилганлар. Кейинги сафда қолганлар эса у зотнинг дуоларига мушарраф бўла олмаганлар. Шунинг учун ҳам доимо биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилавериш зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat