Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Меҳрсиз

22:28 / 12.05.2017 | Mumtozbegim | 4903

Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим ман билан камдан кам ҳолатдагина яхши муносабатта бўладила. Арзиман сабабларгаям уриб-тeпиб  бақириб кeтадила. Уйидагиларнинг олдидаям камситадилар, ҳатто қизлик уйимгаям боришимни хоҳламидилар. Манга нисбатан умуман мeҳрсиз, сиқилурганимдан кўп касал бўлиб қовомман, турмуш ўртоғимни бу иши гуноҳ ҳисобланадими? Унинг ўзи “гуноҳмас бу ишим, хотинсан яшасeн шу, ёқмаса кeтвур” дидила.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Ислом ҳусни хулққа катта эътибор беради. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо, бу ҳадиси шарифнинг комил иймон бобида келтирилишига сабаб – ҳусни хулқнинг иймон комил бўлишида ҳам муҳим омил эканлигини таъкидлашдир. Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар. «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда: «Сизларнинг яхшиларингиз хотинларингизга яхшилик қиладиганларингиздир», деб таъкидланмоқда. Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайларни халқимиз «кўча хандон, уй зиндон» дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканлигини айтганларидан сўнг, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар. Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир. Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади. Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир: 1. Ҳусни хулқли бўлиш. 2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш. Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканлигини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا۝

«Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир» (34‑оят). Беш қўл баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади. Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади. Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо, бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади. «Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг». Аммо, уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида: «Мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш», – деганлар. Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир. Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо, кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди. «Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг». Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки: «Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир». Ушбу ояти карима охирги пайтларда кўпгина тортишувларга сабаб бўлди. Бу тортишувлар мусулмонлар билан мусулмонлар ўртасида ҳам, мусулмонлар билан бошқалар ўртасида ҳам бўлди. Баъзи чаласовод кишилар ғарбда яшаб туриб, аёлларни уриб туриш керак, деб, ушбу оятни далил қилиб келтирдилар. Ҳаттоки, уришни қандай амалга ошириш йўлларини баён қилганлари ҳам бўлди. Бу гапдан хабардор бўлган ғарбдаги инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоллари Исломга ва Қуръони Каримга қарши норозилик билдира бошладилар ҳамда ўз жамиятларига аёлларга «душман» бўлган «зулм»га қарши чора-тадбирлар кўриш чақириқлари билан чиқдилар. Уларда Исломда аёл кишини аёл бўлганлиги учун вақти-вақти билан калтаклаб туриш керак, деганга ўхшаш тушунча пайдо бўлган эди. Аммо ояти каримадаги ҳақиқий маъно ва унга воқеъликда қандай амал қилиниши суриштирилмас эди. Аввало, бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мундуб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа маъносида, холос. Амалда эса, деярли йўқ. Иккинчидан, бу ерда эр‑хотин орасидаги мазкур ноқулай ҳолатни бартараф қилиш учун уришдан бошқа чора кўриш мумкин эмас, деган гап йўқ. Айтайлик, эр ўзига қарши бош кўтарган, беодоблик қилган аёлига насиҳат қилди, жойини бошқа қилиб олиб, ҳижрон ҳам қилди. Бас, шундан кейин хотинини уришни истамаса, гуноҳкор бўладими? Албатта, гуноҳкор бўлмайди. Агар у аёлни калтаклашдан бошқа ярашиш чорасини кўрса, гуноҳкор бўладими? Мисол учун, аёлининг бошини силаб, яхши гаплар айтиб, ярашиб олса, Қуръони Каримга қарши чиққан бўладими? Аввал таъкидланганидек, уламоларимиз бу оятдаги уришни «Мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш», деб таъвил қилганлар. Кўпчилик эса: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларини урмаслик таъкид билан тайинланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زَمْعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ  لَا يَجْلِدُ أَحَدُكُمْ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي آخِرِ الْيَوْمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин (ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмоқдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин, кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар. ("Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat