Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Абу Ҳурайра

Шахс | 2671

Абу Ҳурайра Яманнинг Давс қабиласидан эдилар. Исломдан олдинги исмлари Абдушшамс ибн Сохр эди. Исломга кирганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг исмларини Абдурраҳмон деб ўзгартирдилар. Доимо мушукчалари билан юрганликлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Абу Ҳурайра деб куняланганлар. (Ҳурайра – араб тилида мушукча дегани).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи, «Хайбар» санасида Исломни қабул қилган пайтларида ўттиз ёшда эдилар. У киши Хайбардан қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага келадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Асҳобус Суффа – Расулуллоҳнинг масжидларидаги суффада яшаб, у кишидан ҳадис эшитиш билан машғул бўлган саҳобаларнинг бири эдилар. Шу сабабли Исломга кеч кирганларига қарамай, саҳобалар орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган киши ҳисобланадилар. У киши 5374та ҳадис ривоят қилганлар ва бу ҳадислар Тақий ибн Муҳаммаднинг муснадларида келтирилган.

Абу Ҳурайра кенг елкали, қорамтир рангли, икки олдинги тишларининг ораси очиқ, юмшоқ табиат, ҳазилкаш киши эдилар. Ёш болаларни кўрсалар, уларни кулдириб, бозордаги кишиларни қиссалар айтиб, кўнглини хушлантириб юрар, лекин ўзлари ёлғиз қолсалар, тунларни ибодат билан бедор ўтказадиган киши эдилар.

Абу Ҳурайра кўп вақтларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтказар эдилар. Бирор ҳадисни эшита олмай қолишдан қўрқиб, кўп пайтларида очликдан букчайиб қолар эдилар.

Абу Ҳурайра саҳобаларнинг ичида энг зеҳни ўткири эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар у кишининг ўзидан ривоят қиладилар:

«Эй Расулуллоҳ, сиздан кўп нарсани эшитаману ёдлаб қололмайман», дедим. У киши:

«Ридойингни ерга ёз», дедилар. Ридойимни ёздим. Менга кўп ҳадис айтдилар. Айтган ҳадисларидан бирор нарсани эсимдан чиқармадим», дейдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ: «Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳдан биз эшитмаганимизни ҳам эшитганларига ҳеч шак йўқ», дейдилар.

Ибн Умар: «Абу Ҳурайра ҳадисни мендан кўра яхши биладилар», дейдилар.

Убай ибн Каъб: «Абу Ҳурайра Расулуллоҳдан бошқа киши сўрай олмайдиган нарсаларни сўрашга журъат этарди», дейдилар.

Бир киши Зайд ибн Собитдан бир масалани сўраб келганда, у киши: «Абу Ҳурайрага бор. Бир куни мен, Абу Ҳурайра ва фалончи масжидда Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул эдик. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб ўтирдилар ва:

«Нимани дуо қилаётган бўлсангиз, шунда давом этинг», дедилар. Мен ва ҳамроҳим дуо қилдик, Расулуллоҳ «Омийн», деб турдилар. Абу Ҳурайра:

«Аллоҳим, Сендан икки ҳамроҳим сўраганларини ва эсдан чиқмайдиган илмни сўрайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Омийн» дедилар.

«Биз ҳам эсдан чиқмайдиган илм сўраймиз, эй Расулуллоҳ», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни сизлардан олдин давслик ғулом (Абу Ҳурайра) сўради», дедилар.

Марвон ибн Ҳакамнинг волийси ва котиблари Солим Абу Заъзаъа ривоят қиладилар: «Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайрани чақириб, у кишидан ҳадис сўрай бошладилар. Мен ҳадисларни ёзиб олдим. Бир йил ўтгач, яна Абу Ҳурайрани чақирган Марвон у кишидан мен ёзиб олган ҳадисларни сўрадилар. Абу Ҳурайра бирон бир ҳарфни ёки сўзни ортиқча ёки ноқис, олдин ёки ке¬йин айтмадилар».

Абу Ҳурайрадан ҳадис ривоят қилганларнинг сони саккиз юз кишидан ортади. Жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Фазл ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Усома ибн Зайд, Оиша, Ибн Умар, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Молик; тобеъийнлардан: Саъийд ибн ал-Мусаййиб, Ибн Сийрин, Абдуллоҳ ибн Саълаба, Урва ибн аз-Зубайр, Салмон ибн Ясир, Ирок ибн Молик, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Амра, Атоъ ибн Абу Руббоҳ, Атоъ ибн Ясар ва бошқалар.

Абу Ҳурайра оғир касал бўлиб қолганларида у кишини кўргани Марвон ибн Ҳакам келадилар. Марвон Абу Ҳурайрага:

«Аллоҳ сизга шифо берсин», деганларида Абу Ҳурайра:

«Аллоҳим, Сенга йўлиқишимни севдим, Сен ҳам Сенга йўлиқишимни сев», дедилар.

Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайранинг ҳузурларидан чиқиб, бозорнинг ўртасига етмасларидан Абу Ҳурайранинг жонлари узилди.

Абу Ҳурайра 57-ҳижрий санада вафот этдилар. Жанозаларини Валийд ибн Уқба ибн Абу Суфён ўқидилар.



Топ рейтинг www.uz Openstat