Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Мўминнинг меърожи" китоби

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Мўминнинг меърожи» (Муфассал намоз китоби) деб номланган китоблари кирил ва лотин алифболарида.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

МУҚАДДИМА

Мўмин бандалари учун намозни меърож қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

«Кўзимнинг қувончи намозда қилинди» дея марҳамат этган Расули акрам Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз мусулмонлари ҳақ динларини имкон даражасида мукаммал ўрганишга интилишмоқда. Узоқ вақт давом этган тазйиқ ва таъқиблардан сўнг диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди, Аллоҳ таолонинг лутфу инояти билан ибодатларимизни комил, тўкис адо этишга ўтилди. Бу борада айниқса ибодатларнинг энг улуғи саналган намоз арконларини пухта ўрганиш, уларни шариат талабларига мувофиқ тўкис адо этишга жиддий эътибор қаратилди. Мусулмонларимизга намоз ўқиш тартиб-қоидаларини ўргатишда айниқса кичик ҳажмли, суратли қўлланмалар жуда қўл келди. Кейинчалик намоз ҳақидаги мукаммалроқ китоблар чоп этишга ҳам киришилди. Камина ходимингизнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумида нашр қилинган китобларининг бешинчи, олтинчи, еттинчи жузлари «Намоз китоби» деб аталиб, тўлалигича шу улкан ибодатга бағишланган эди.

Аммо шуларга қарамай, намоз ўқишни ўрганиш, унинг арконлари, шартлари ва адо этиш тартиб-қоидалари билан танишишга оид китобларга бўлган эҳтиёж сусаймади. Бу орада мазҳабни тан олмайдиган тоифалар чиқиб, турли ғавғоларни қўзғашганида, ҳатто мазҳабдошларимизнинг минг йиллардан буён ўқиб келаётган намозларига ўзгартиришлар киритишни мўлжаллашганида уларнинг кирдикорларига раддия сифатида чоп этилган китобларнинг ҳам фойдаси катта бўлмоқда. Шунда айрим азизларимиз «Намоз ҳақида саволлар ҳам, ҳар хил бир-бирига қарама-қарши маълумотлар ҳам кўпайиб кетди, ҳаммасини тартибга солишда қўл келадиган, мазҳабимиз талабларига жавоб берадиган бир китоб таълиф қилинса», деган таклифлар ҳам киритишди.

Азиз мухлисларимизнинг бу таклифларида жон бор эди. Сабаби, кейинги пайтларда айрим тоифалар Аҳли сунна вал жамоага қарши ҳар томонлама фаолиятни кучайтириб юборишди. Улар орасидан ибодатларимизни ҳам тафтиш қиладиган «билимдонлар» чиқиб қолди. Улар мусулмонларимизни чалғитиш, улар орасига фитна ва тафриқа уруғларини сепиш учун Интернетда турли сайтлар очишди, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам иш олиб боришга киришишди.

Уларнинг асосий эътибор қаратган мавзуларидан бири намоз масаласи бўлди. Ҳатто иш шунга бориб етдики, Интернет тармоғида уларнинг ҳанафий мазҳабидаги «хатолар»га ихтисослашган махсус сайти ҳам ишлай бошлади. Шунинг учун ҳам юртдошларимизнинг бу ҳолатдан ташвишга тушишлари табиий эди. Ҳатто мухлисларимиздан бирининг ёзишича, семиз ва серсоқол бир одам видеода ҳанафий мазҳабиникидан бошқачароқ таҳорат қилиб кўрсатиб, «Бундан бошқача барча таҳоратлар нотўғри» деб айтган эмиш. Мазҳабсизларнинг сайтларидан бирида намоздаги такбири таҳримада (бошлаш такбирида) бош бармоқларини қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизиш ҳолати ҳанафий мазҳабининг китобларида ҳам йўқлигини даъво қилган сўзлари эълон қилинди. Айниқса кейинги пайтларда намоз борасидаги баҳсли, чалкаш ва тортишувли фикрлар кўпайиб кетди.

Турли юртларга кетган меҳнат муҳожирлари ўртасида ҳам мазҳабимиздаги намоз китоблари топилмаётгани, бошқа мазҳабларнинг китобларини ўқиб, турли тушунмовчиликлар, баҳс-тортишувлар кўпаяётгани ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалина бошлади. Ана шуни эътиборга олиб, хорижий юртларда юрган ватандошларимиз учун она тилимизда ҳанафий мазҳабининг намоз ўқиш тартиблари ҳақида кичикроқ суратли китобча тайёрланди ва Москвадаги ҳамкор нашриётимиз томонидан ўзбек тилида чоп қилинди. Бундай китобга эҳтиёж катта бўлгани учун китобнинг биринчи нашри тезда тарқалиб кетди ва ҳозирда иккинчи нашрга ҳам ҳаракат қилинмоқда.

Ўз ватанимиздаги мусулмонларимиз орасида ҳам тўлиқ ва енгил услубдаги намоз китобига эҳтиёж ортиб бораётгани тўғрисида бизга кўпчилик мурожаат қила бошлади. Катта-кичик билан маслаҳатлашиб, мазҳабимизга амал қилувчиларга енгиллик туғдириш ва турли ихтилофларга барҳам бериш мақсадида ҳозирги даврнинг талабларига жавоб берадиган, аввалда йўл қўйилган камчиликлари тузатилган, намозни тўкис адо этишга ёрдам берадиган муфассал бир китобни нашрга тайёрлаш мақсадга мувофиқ деб топилди. Уни тайёрлашда камина ходимингизнинг олдин бу мавзуда ёзган асарларини жамлаб, тартибга солиш, керакли қўшимчалар киритишга келишилди. Бу ишларни амалга оширишни ҳурматли Аҳмаджон ҳожи акадан илтимос қилинди. Ушбу китобни тасниф қилишда шайх Аҳмад Иззуддин ибн Ийсо Баянунийнинг ҳанафий мазҳабида таҳорат ва намоз ҳукмларига оид китобидан ҳам бир қадар истифода қилинди.

«Мўминнинг меърожи» деб номланган ушбу китобни сиз, азизларнинг эътиборингизга тақдим этар эканмиз, Аллоҳ таолодан уни ҳусни қабул қилишини ва баракасини тилаб қоламиз ҳамда унинг барчамиз учун манфаатли бўлишидан умидвормиз.


Топ рейтинг www.uz Openstat