Убода ибн Сомит ибн Қайс Ансорий Хазражий, оналари Қурратулъайни бинти Убода, кунялари Абулвалид. Мадина уламоларининг бири, биринчи ва иккинчи «Ақаба» байъатларида иштирок этган. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Миср фатҳи ва бошқа жангу фатҳларда иштирок этган. Шом диё¬ри фатҳ этилганда Умар Ибн Хаттобнинг буйруқлари билан Шом аҳлига Қуръонни ўргатиш учун юборилган. Фаластинга биринчи волий этиб тайинланган. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган. Муҳожир Абу Марсад Ғонавий билан исломий биродар бўлган, тақво билан сифатланган улуғ саҳобалардан эдилар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 181та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Абу Умома, Анас ибн Молик, Жобир, Фазола ибн Абид, Абу Идрис Ҳувлоний, Абу Муслим Ҳувлоний, Абу Ашъас Санъоний, Жанода ибн Умайя ва бошқа катта тобеъийнлар ҳам у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.
Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси саҳобалар сизга яқинроқ?» деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва сен, эй Убода» деб, яна бир қанча улуғ саҳобаларни зикр қилдилар.
Убода ибн Сомит ҳижратнинг 34-йили Байтул Мақдисда 72 ёшларида вафот этдилар.