Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зайд ибн Собит

Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Саъийддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилганларида бу киши 6 ёшда эдилар. Ўша йили у кишининг оталари вафот этади. Бадр ғазотида қатнашмоқчи бўлганларида ёшлари кичкина бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб юборадилар. Уҳуд ғазотида қатнашганлари тўғрисида ихтилофлар бор. Хандақ ғазотида қатнашиб, хандақ қазиш, тупроқ ташиш каби ишлар билан машғул бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, «Бу бола мунча ҳам яхши», деб марҳамат қиладилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан эдилар. Ваҳийларни ёзиб олиш билан бирга, ёдлаб ҳам борар эдилар. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан уч нафар ансорларнинг бири эдилар. 

Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумларга Қуръони Каримни мусҳаф ҳолатига келтириб, ёзиб берган киши ҳам шу зот эдилар. 

Бу киши фиқҳ, мерос, қироат илмларида етук олимлардан эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зайд бу умматнинг илм денгизидир», деб марҳамат қилганлар. 

Шунингдек, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фароиз илмларини ичларингизда Зайд ибн Собит яхши билади», деб айтганлар.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу агар Мадинадан ҳаж қилишга ёки бирор сафарга отлансалар, Зайдни ўз ўринларига халифа қилиб кетар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у кишидан дарс олар эдилар. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу чиқиб, отларига минмоқчи бўл­са­лар, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турган эканлар. Зайд бундан қайтарибдилар. Шунда Ибн Аббос: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», дебдилар. Зайд эса Ибн Аббоснинг кафтларидан ушлаб, ўпиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», деган эканлар.

Зайд вафот этганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Бугун умматнинг олими вафот этди, шоядки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига Ибн Аббосни ўринбосар қилса эди», деб дуо қилган эканлар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 92та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Ибн Умар, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Саҳл ибн Ҳунайф, Абу Саъийд ал-Худрий ва бош­қа улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумлар ривоят қилганлар.

  Бу зот ҳижратнинг 45-йили вафот этдилар. Вафотлари муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари Ҳассон ибн Собит бу кишига марсия ўқидилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat