Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Суннатга қанчалик амал қилиш лозим?

00:00 / 31.07.2011 | eski savollar | 2912
Ассалому алайкум фазилатли Шайх Ҳазратлари. Рамазон ойи муборак бўлсин! Ҳазрат биз одатда суннатга амал қилмаса гуноҳ бўлмайди-ку деб уйлаб суннатларга кўп эътибор қилмаймиз. Лекин ҳаммамиз биладиган машҳур ҳадис: уч киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амалларидан ортиқ амал қилишга ҳаракат қиламан деганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом "ким менинг суннатимга амал қилмаса биздан эмас" деган маънода гапирганлар. Шахсан ман суннатдан ортиқ амал қилиш у ёқда турсин, суннатга ҳам тўлиқ амал қилолганим йўқ. Шунинг учун қўрқиб кетаман. Имкон борича суннатга амал қилиш керак деб ўйлайман. Аммо яна суннатнинг баъзиларига амал қилмаса гуноҳ бўлиб қолмасмикан деб хавотирланаман. Ҳеч бўлмаганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг маломатларига қолиш мумкинми деб ўйлайман. Аллоҳ асрасин. Ҳазрат суннатга қанчалик амал қилиш лозим? Жавобингиз учун ташаккур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Суннат билан суннатнинг орасида фарқ бор. Бу ҳақда китобларимизда ёзганмиз. Афтидан, сиз ўша ёзилганларни ўқимаган кўринасиз. Китоб ўқимасликнинг оқибати шундай бўлиши турган гап.ҲАДИС ИЛА СОБИТ БЎЛГАН ҲУКМНИНГ ДАРАЖАСИАгар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам даража бўлади.Агар мазкур амаллар Қуръон ҳукмини баён қилиб эмас, ўзи мустақил равишда келса, уларнинг фарз, вожиб, мандуб ёки мубоҳ эканини билиб олиш учун махсус қоидаларни ишга солиш керак бўлади. Бу қоидалар бошқа шаръий далиллар учун ҳам бирдир. Лекин бизнинг баҳсимиз ҳадис бўлгани учун «ҳадис» сўзини ишлатсак бўлаверади, деб ўйлаймиз.Фарз – шариат томонидан қилиниши жазм ила, шубҳаси йўқ қатъий далил ила талаб этилган нарсадир. Ҳадис билан собит бўлган фарз амалларнинг мисоли намозда Қуръон қироат қилишдир. Бундоқ тарзда собит бўлган ҳукмни адо қилиш лозиму лобуддир. Уни бажарган одам улкан савобга эришади. Қилмаган одам эса гуноҳкор бўлиб, икки дунё иқобига учрайди. Мазкур ҳукмни инкор қилган одам эса кофир бўлади.Вожиб Вожиб – шариат томонидан жазм ила қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган нарсадир.Бунинг мисолига витр ва ҳайит намози, садақаи фитрга ўхшаш амаллар киради. Чунки бу ҳукмлар оҳод ҳадислар ила собит бўлган. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Фақат вожиб нарсани инкор қилган одам кофир эмас, фосиқ бўлади, холос.Суннат ёки мандуб – шариат томонидан жазм бўлмаган равишда талаб қилинган нарса. Бундоқ ҳукмга амал қилган одам савоб олади, унга амал қилмаган одамга эса, иқоб қилинмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан унга маломат ва итоб бўлиши мумкин.Ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни уч даражага бўладилар:а) Суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат.Мисол учун, жамоат билан намоз ўқиш. Бу даражадаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.б) Суннати машруъа – душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш ва шунга ўхшаш амаллар.в) Суннати зоида – емоқ-ичмоқ, юриб-турмоқ, ухлаш каби ишларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишлик.Ҳаром – шариат томонидан жазм ҳамда шубҳасиз, қатъий далил ила қилмаслик талаб қилинган нарса. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино қилиш, ўғрилик каби ишлар шунга киради. Ҳаром ишни қилмаслик лозимдир. Ким уни қилса уқубатга учрайди. Шариатимиз ҳаром деган нарсанинг ҳаромлигини инкор қилган одам кофир бўлади.Макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин мак- руҳ – шариат томонидан қилмаслик жазмий равишда талаб қилинган, лекин қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган нарса. Мисол учун, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, яъни харидор савдони битирмай туриб, бошқа бир харидорнинг савдога аралашиши, бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги каби ҳукмлар. Мазкур ишларни қилмаслик жазм ила талаб этилган. Аммо оҳод ҳадислар билан собит бўлган. Шунинг учун ҳаром эмас, макруҳи таҳримий ҳукмини олган. Бу ҳам ҳаром ҳукмидаги гап. Фақат бундоқ ҳукмни инкор қилган одам кофир бўлмайди, холос.Макруҳи танзиҳий – шариат томонидан қилмаслик жазмсиз ва уқубат таҳдидисиз талаб қилинган нарса. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат қилиш киради. Бундай ишларни қилмаганлар савоб олади, мақталади, қилганлар эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайдилар.Мубоҳ Мубоҳ – шариатимиз қилиш ёки қилмасликни кишилар ихтиёрига қўйган ишлар. Инсоннинг биологик ҳожатларига боғлиқ ишларнинг барчаси (масалан, емоқ, ичмоқ, ухламоқ каби) мубоҳ доирасига киради. Бунда шариат кўрсатган чегарадан чиқмай тасарруф қилмоқ мубоҳдир. Мубоҳ амални қилган-қилмаган баробар, гуноҳи ҳам, савоби ҳам йўқ.Демак, ўқиган ҳадисларимизда келган нарсалар фарз, вожиб, суннати муаккада, суннати машруъа, суннати зоида, ҳаром, макруҳи таҳримий, макруҳи танзиҳий ва мубоҳ нарсаларга бўлинар экан. Лекин ҳадисни ўқиб-ўрганган одам буларни фарқлай олмайди. Бу ишларни умрларини илмга тиккан, унда катта даражаларга эришган уламоларимиз фарқлаганлар. Улар шаръий далилларни, жумладан, ҳадиси шарифларни диққат билан, атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққанлар. Ҳамма ҳам уларнинг даражасидаги илмга эга бўла олмаслигини эътиборга олиб, кўпчилик учун ўзларининг машаққатли меҳнатларининг самарали хулосасини айтиб кетганлар. Мисол учун, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деганлар. Бу фақиҳларимизнинг ичидан чиқариб айтган гаплари эмас, балки шариатнинг қатъий ҳукмидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир ҳадис билан собит бўлган ҳукмдир. Эҳтимол фуқаҳолар бу ҳукмни аниқлаш учун йиллаб меҳнат қилгандирлар. Ҳамма оят ва ҳадисларни атрофлича қайта-қайта кўриб чиққандирлар?! Намозда Қуръон қироат қилиш тўғрисидаги ҳадисни мутавотир эканини аниқлаш учун озмунча ҳаракат қилмагандирлар?! Агар улар мазкур илмий уринишларини бирма-бир ёзиб, охирида намозда Қуръон қироат қилиш фарз эканлигини айтсалар, биз учун бу ҳукмни билиш мақсадида бир неча китобни ўқишимиз зарур бўлар эди. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Осонгина қилиб, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деб қўйилган жумлани ўқишга дангасалик қилаётганларга ўша ҳукмни билиш учун бир неча китобни ўқиши йўл бўлсин! Қолган бошқа ҳукмлар ҳақида ҳам айни шу гапларни айтиш мумкин.Ҳозирги кундаги кўпгина тушунмовчилик, келишмовчилик ва турли ихтилофу жанжалларимизнинг асосий сабабларидан бири ҳам мазкур ҳақиқатларни тўла тушуниб етмаслигимиздир. Гоҳида қилинса ҳам, қилинмаса ҳам барибир бўлган мубоҳ ҳукм ҳақида тортишиб жанжал қиламиз, бир-биримизни кофир, деб фатво чиқаришгача бориб етамиз. Ҳолбуки, фарз, фожиб, суннати муаккада амалларга парво ҳам қилмаймиз. Гоҳида мансух (амалдан қолган) ҳадисни ўқиб олиб, «нимага амал қилмаяпсизлар?» деб ҳамманинг бошини айлантирамиз. Гоҳида эса, умуман, ҳадис бўлмаган гапларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, деб айтиб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Кўпинча эса заиф ҳадислар бўрттириб кўрсатилади. Бу борада, айниқса, кишиларга ваъз-насиҳат қиладиган, дарс айтадиган, мақола ва китоб ёзадиган одамлар ҳушёр бўлишлари керак. Бугунги кунда суннати мутаҳҳара атрофида баъзи кишилар томонидан чиқарилаётган ихтилофларнинг сабаблари анчагина бор. Бу ҳақиқатни олдинги саҳифаларда ҳам қисман баён қилишга уринилди. Ўша айтилганларга қўшимча ўлароқ, мазкур ихтилофларнинг асосий сабаби бу ишга аралашганларнинг илмий даражалари паст эканлигини яна бир бор алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, бу ҳолатнинг келиб чиқиши ва авж олишига сабаб бўлган омиллардан яна бири тартибли диний-илмий тарбиянинг йўқлигини айтмоқ керак.Имкони топилган жойда ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшамоғи лозимлиги қайта-қайта таъкидлаб турилибди. Мусулмон инсон учун, мусулмон жамият учун Қуръон ва Суннатдан бошқа амал қиладиган нарса йўқлигига алоҳида урғу берилаётир. Икки дунё саодатига фақатгина шу икки нарсага тўлиқ амал қилибгина эришиш мумкинлигини таъкидлашдан чарчамаганимиз яхши.Шунингдек, ҳар бир мусулмон инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ўрнак бўладиган шахс йўқлиги, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш эса, суннати мутаҳҳараларига тўлиқ амал қилиш билангина бўлиши омманинг онгига иложи борича мустаҳкамроқ сингдиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу ҳам яхши. Бу жуда керакли ва савобли ишни янада ривожлантириш лозим. Аммо шу билан бирга, Суннат ўзи нима, унга амал қилиш қандоқ бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандоқ ўрнак олмоқ керак каби кўплаб зарур масалалар ҳам борки, уларни батафсил баён этиб беришга тўғри келади.Афсуски, ҳозирда фақат Суннатга амал қилишга тарғиб қилиб, қолган маълумотларниетарлича баён қилиб беришга илмимиз ҳам, имконимиз ҳам етишмаяпти. Натижада ҳозир кўриб турганимиздек ноқулайликлар вужудга келмоқ-да.Суннатга амал қилиш лозимлиги ҳақидаги қайта-қайта тарғиботларни эшитган инсон албатта, унга амал қилмоқчи бўлиб, ҳадисларни ўрганишга киришади. Ана шунда турли саволлар, тушунмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бу саволларга жавоб топиш, тушунмовчиликларни ҳал этиш учун етарли илмли кишилар топиш ҳам осон эмас. Баъзилар бу тўсиқ олдида ҳайрон бўлиб туриб қолишади. Бошқалар эса, тўсиқни айланиб ўтиб, ўз билганича иш кўриб кетади. Оқибатда турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар, бир-бирини айблашлар ва бошқа турли ноқулай ҳолатлар юзага чиқади.Бундай ноқулайликдан чиқишнинг энг ишончли йўли керакли даражадаги илмдир. Шунинг учун бу омилга алоҳида эҳтимом бериш ўта муҳим. Аллоҳ таоло бу саъй-ҳаракатимизни ана ўша эзгулик йўлидаги дастлабки қадам бўлишига муяссар этсин, деган умидимиз бор.

Топ рейтинг www.uz Openstat