Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Фарзандни момолар беради" деб ишониш

11:31 / 08 сентабрь | Feruza | 238
Ассалому алайкум! Менинг қайнонам кўп йиллардан бери намоз ўқийдилар. Бир куни улар аёллар "момолар"га сиғиниши керак, чунки фарзандни аёлга момолар беради дедилар. Уларга атаб худойи, ис иқарилиши керак деб қолдилар. Очиғи, бу борада унча тушунчам йўқ. Шунга динимизда бу масалада нима дейилганини билмоқчи эдим.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда баъзилар ўзларича момолар деган худочалар ясаб олиб “Аллоҳ бермаётган бўлса момолар йўлингизни очади, фарзанд ҳам кўрасиз, бахтингизни ҳам очади, турмушга ҳам чиқаради, берк йўлларингизни ҳам очиб беради, ишларингиз юришиб кетади” каби гапларни тарқатишади. Боболарим, момоларим деганлари жинлар бўлади. Бу каби гаплардан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки бу гаплар одамни диндан чиқаради. Аллоҳ таоло "Шууро" сурасида марҳамат қилади: 

 لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاء يَهَبُ لِمَنْ يَشَاء إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاء الذُّكُورَ۝ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَن يَشَاء عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ۝ 

49. Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур.
50. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир.
Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, балки доимо Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.
«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир».
Осмонларда ва ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мулкидир.
«У Зот хоҳлаган нарсасини яратур».
Бу ишда У Зотнинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. Бутун борлиқнинг Молики – эгаси ва мутлақ Холиқи бўлган ўша Зот Ўз мулкидан хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини беради. Жумладан, фарзанд бериш масаласида ҳам
«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур».
Агар ўғил ё қиз фарзанд кўриш ота-она хоҳишига кўра бўлганида, ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтдаги жоҳилий арабларда қиз фарзанд бўлмас эди. Чунки улар қиз фарзандни ёқтиришмасди. Ҳатто қизларини тириклай кўмиб ҳам ташлашарди. Ҳолбуки, баъзилар фақат қиз фарзандлар кўришади, ўғил фарзандга зор бўлиб юришади. Бу ҳол фарзанд фақат Аллоҳнинг хоҳиши билан ўғил ёки қиз бўлишини билдиради.
«...ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур».
Фақат ўғил фарзандлар кўриб, Аллоҳдан қиз сўраб юрган одамлар ҳам оз эмас.
«Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур…»
Аралаш фарзандлар кўриш одамлар ичида кўп тарқалган ҳолатдир.
«...ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур».
Бундайлар озчилик бўлиб, Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишини кўрсатиш учун шундай қилиб қўйган.
«Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир».
Албатта, Аллоҳ ўта билувчи ва ўта қодир Зотдир.
Ҳамма нарсани билиб қилади. Жумладан, кимга қиз, кимга ўғил, кимга ўғил-қиз беришни ёки кимни туғмас қилишни ҳам Ўзи билади. Бу ишларга Унинг қудрати етади.
Энди дуолари ижобат бўлган, Аллоҳ таолонинг энг муқарраб бандаси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қуйидагича дуо қилар эдилар. 

عَنْ وَرَّادٍ مَوْلَى الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَتَبَ الْمُغِيرَةُ إِلَى مُعَاوِيَةَ إنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا فَرَغَ مِنَ صَلَاتِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ لَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلَا يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ  

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муғийра Муовияга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар:
«Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла манеъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла янфаъу зал жадди минкал жадду», дер эканлар», деб хат ёзди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Сендан бўлган иқобни қайтарувчи йўқ».
Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар уни ёдлаб олсалар, яхши бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat