Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

саҳиҳи буҳорий таомлар китобидаги 7бобдаги оят

00:00 / 04.09.2011 | eski savollar | 596
Ассаламу алайкум, устоз. Ушбу оят қайси сурада ва илтимос қисқагина мазмунан туwунтириб берсангиз. 6-боб. Оллоҳ таолонинг қавли: «Ё'қдур гуноҳ ко'рга ва ё'қдур гуноҳ чо'лоққа ва ё'қдур гуноҳ хастага ва на о'зларингизга емакларингизда о'з уйларингиздан ё оталарингиз уйларидан ё оналарингиз уйларидан ё биродарларингиз уйларидан ё сингилларингиз уйларидан ё амакиларингиз уйларидан ё аммаларингиз уйларидан ё тог'аларингиз уйларидан ё холаларингиз уйларидан ё калитлари қо'лларингизда бо'лган уйдан ё до'стларингиз уйидан, ё'қдур гуноҳ сизларга бир бо'либ эмоқларингизда ё алоҳида-алоҳида бо'либ, кейин қачон кирсангизлар уйларга, бас салом берингизлар о'з кишиларингизга-ки, (бу «Оллоҳ таоло тарафидан муборак ва покиза дуодур, мана шундоқ баён қилур Оллоҳ таоло сизларга о'з оятларини токи сизлар тушунингизлар деб». Оятда келтирилган инсонларни уйларига ҳоҳлаган вақт кириб ҳоҳлаган нарсамизни со'рамай тановвул қилсак бо'лаверадими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади:“Кўзи ожизга танглик йўқ. Ва, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Ва, беморга ҳам танглик йўқ. Ва, Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан, ё оталарингизнинг уйларидан, ё оналарингизнинг уйларидан, ё ака-укаларингизнинг уйларидан, ё опа-сингилларингизнинг уйларидан, ё амакиларингизнинг уйларидан, ё аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан, ё сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқғингизда (танглик) йўқ. Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқда ҳам танглик йўқ. Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки, ақл юритсангиз.Ушбу ояти кариманинг аввалида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада гуноҳ бўлмаслиги, танглик йўқлиги баён қилингани ҳақида муфассир уламоларимиз ихтилоф қилишган. Бир гуруҳлари, уларнинг жиҳодга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ, дейдилар. Бош-қалари, узрли кишиларнинг жиҳодга чиқмай қолишлари гуноҳ эмаслиги, бунда уларга ҳеч қандай танглик йўқлиги «Фатҳ» ва «Бароат» («Тавба») сураларида баён этилган, бу ерда эса, сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом емоқ ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам, мазкур жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ» деб тушунмоқ керак, дейдилар ва бу фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтирадилар. Иккинчи тоифа муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир.«Кўзи ожизга танглик йўқ. Ва, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Ва, беморга ҳам танглик йўқ.»Қуръони Карим таълимотлари кишилар онгида улкан инқилоб ясади. Улар ҳар бир нарсада ўта аниқлик билан иш тутиб, ҳалол-ҳаром, жоиз-ножоиз деган масалаларда ўта ҳассос бўлиб қолган эдилар.Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Молларингизни ўзаро ботил йўл билан еманглар» оятини нозил қилганидан сўнг, мусулмонлар «Аллоҳ таоло бизни молларимизни ўзаро ботил йўл билан ейишдан қайтарди, таом энг афзал мол ҳисобланади, бировнинг уйига чақирилса, бориб бўлмас экан, ўзи очиқ кўнгил билан бермаса, таомини еб бўлмас экан», деб тортиниб қолдилар. Шунингдек, кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишилар билан бирга таом есак, заифликлари туфайли биз улардан кўп еб қўйиб, гуноҳ орттириб олмайлик, деб у заиф кишилар билан бирга таом емоқдан ҳам ўзларини тийиб қолдилар. Авваллари баъзи кишилар уйларида таом бўлмаса, ҳожатманд кишиларни, жумладан, кўзи ожиз, чўлоқ ва беморларни қариндош-уруғлари ва ёру дўстлари уйига олиб борар эдилар. Энди эса, бундан ҳам тортиниб қолдилар. Оятда мазкур ишлар қилинса, гуноҳ, танглик йўқлиги баён қилинди.Ояти каримада:«Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан емоғингизда (танглик) йўқ», дейилмоқда. Бундан одам ўз уйида ҳам изн сўраб ейиши керакми, деган савол туғилмайди. Балки қариндош-уруғ ва ёру дўстларнинг уйида таом емоқ ҳам худди ўз уйидан таом емоқ билан баробар экани билдириляпти.«...…ё оталарингизнинг уйларидан, ё оналарингизнинг уйларидан, ё ака-укаларингизнинг уйларидан, ё опа-сингилларингизнинг уйларидан, ё амакиларингизнинг уйларидан, ё аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан…» емоғингизда (танглик) йўқ.Демак, оятда зикр қилинган тоифадаги кишиларнинг дастурхонидан алоҳида изнсиз, таклифсиз ҳам таом еса, бўлаверади.Уламоларимиз оятда ўғиллар зикр қилинмаганини отанинг уйи – боласининг уйи эканлиги эътиборидандир, деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир кишига: «Сен ҳам, молу мулкинг ҳам отангникидир», деганлар.Оятда зикр қилинган қариндошлардан ташқари:«Сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоғингизда (танглик) йўқ», дейилмоқда.«Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади.Оиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, бу гап қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.«Дўст» деганда, ишончли дўст, биродари унинг уйидан изнсиз таом еса, хурсанд бўладиган дўст кўзда тутилгандир.Шунингдек, ояти каримада:«Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқда ҳам танглик йўқ», дейилмоқда.Чунки, қадимги араблар тўпланиб таом ейишни ёмон кўрар эдилар. Кинона қабиласи эса, таомни ёлғиз емоқни гуноҳ ҳисоблар эди. Шунингдек, ансорийларда ҳам меҳмони бор одам меҳмонсиз таом емас эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳар ким ўз хоҳишича еявериши мумкинлигини баён қилди. Яъни, якка ёки жам бўлиб еганда гуноҳ йўқлигини билдирди.Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида жам бўлиб таом емоқлик фазилат экани айтилган.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қуйидагиларни ривоят қиладилар:«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз таом еймиз-у, қорнимиз тўймайди», деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эҳтимол, якка-якка бўлиб ерсизлар. Таомни жам бўлиб ва Аллоҳнинг исмини зикр қилиб енглар, ўшанда баракали бўлади», дедилар.»Имом ибн Можа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жам бўлиб енглар, тарқоқ бўлманглар, жамоатда баракот бордир», деганлар.Кейин, таом ейиш учун ёки бошқа ҳолатларда уйга кириш одоби баён қилинмоқда.«Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар.»Жумладаги «ўзларингизга» сўзини бир-бирингизга ва ўзингизга ўзингиз деб тушунмоқ лозим. Чунки, бунинг баёнида келган ривоятларда, биров бир уйга кирганда ўша ерда бор кишиларга салом беради, агар у ерда ҳеч ким бўлмаса, «Ассалому алайна ва ала ибодиллоҳис-солиҳийн», деб ўзига ва солиҳларга салом беради, дейилган.«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки, ақл юритсангиз.»Ҳа, Аллоҳ ҳар бир каттаю кичик нарсани мана шундай баён қилиб қўйган. Бандалар учун, фақат, бунга амал қилиб, саодатга эришмоқлик қолган, холос. Аммо буни, фақат, ақл юритганларгина англаб етадилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat