Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Расулуллоҳни севганларга бало келадими?

19:50 / 27 октабрь | Даврон Дадажонов | 562

Ассалому алайкум! Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ мен Аллоҳни яхши кўраман, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай демагин. Агар гапинг рост бўлса бошинга балолар ёғилишига тайёр тургин, деб айтдилар. Ҳалиги киши яна бир айтдилар: Ё Расулуллоҳ мен сизни яхши кўраман. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай демагин. Агар гапинг рост бўлса бошинга фақирлик тушишига тайёр тургин, деб айтдилар. Ушбу ҳадис саҳиҳми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!  У ҳадисни тўғри тушуниш керак. Аллоҳ ва расулига муҳаббат қилган инсон боши мусибатдан чиқмайди, умри фақирликда ўтади дегани эмас. Чунки саҳобаларни бойликларини ҳисоблаб чиқса ҳозирги кундаги дунёдаги саноқли бойларнинг сафида аввалги ўринларда турадилар. Ҳадисдан мурод имтиҳон қилинишдир. “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Кашфул Борий”да Салимуллохон раҳматуллоҳи алайҳ хушхабар келтирган кишига суюнчи бериш бобида бир воқеъани зикр қилганлар. Унда: “Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳмад ибн Ҳанбалга синов бўлишининг башоратини беринг дедилар. Эрталаб туриб имом Шофеъий шогирдларига “Қайси бирингиз у кишига бу башоратни етказади?” дедилар. Шогирдларидан бири “мен етказаман” деб Аҳмад ибн Ҳанбал ҳузурларига сафарга чиқдилар. У кишига бу башоратни етказилганида суюнчисига кийиб турган кўйлакларини ечиб берганлар. Шогирд имом Шофеъий олдиларига олиб келганда у зот кўйлакни бир жомга солиб устидан сув қуйиб, сувини ичиб юборганлар” дейилган. Аҳмад ибн Ҳанбал бу синовдан гўзал тарзда ўтганлар. Бошларига тушган бу синовни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ва Аллоҳнинг ҳузурида мисли кўрилмаган даражада мартабага эришишга сабаб деб билганлар. Ҳамма вақтларда ҳам мўминлар синовда бўладилар. Кимдир уни хайрият деб қабул қилиб сабр қилади ва муваффақиятга эришади. Кимдир уни ёмонлик деб билади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига икки савол берган. 

Биринчиси: 

 أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ۝ 

2. Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми?
Яъни «Одамлар иймонни «оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап» деб ўйлайдиларми? Улар ўзларича, «Иймон келтирдик», деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ўз-ўзидан келаверади, деб ўйлайдиларми? «Иймон» сўзидан кейин ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб ўйлайдиларми?»
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар иймон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлганлар. Уларнинг фикрича, «Аллоҳга иймон келтирдим», деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлавериши керак.
Аслида, ундай эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳамма маъдан ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади. Ўтда синалганда эса ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади.
Иймон калимасини оғизда айтиш осон. «Иймон келтирдим», деб ҳар ким ҳам айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак. Бу эса қадимдан жорий бўлиб келаётган одат. (Анкабут сураси).
Иккинчиси:  

 أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ۝ 

115. Наҳотки, сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?! (Муминун). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat