Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оила қуриш ҳақида

00:00 / 17.10.2007 | eski savollar | 1248
Ассалому алайкум мутарам Шайҳ жаноблари.Ҳазрат сиздан маслаҳат олмоқчи эдик, Синглимиз олий малумотли, ҳарижда таҳсил олганликлари сабабли ҳозирда ёшлари 31 га қараб кетди, лекин турмуш қуришга келганда ҳеч ко'ндириш қийин болмоқда. Ота ва Оналаримизнинг ёшлари кексайиб қолганликларини ҳисобга олиб қандай ё'л тутишни билмай қолдик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Олий маълумотли бўлиш яхши иш. Аммо бу никоҳдан бош тортиш даражасига етиб бормаслигии керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлар. Имкони бўлиб туриб никоҳда бўлмаслик мусулмон шахс учун мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Баъзи бир динларда, никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат эканлиги, илоҳий таълимотларга зид нарса эканлиги шундан билинади.Чунки, Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин жинсий рағбат билан яратган. Бу инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундоқ қилиб яратмас эди. Ўша жинсий майлни, ҳалол-пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Бўлмаса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади. Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарли нарсадир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.Шунингдек, жинсий майлини никоҳ йўли, ҳалол пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари, ҳам ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало офотлар олиб келишга сабаб бўладилар.Шунинг учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Акс ҳолда, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган бўлинади.Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ»-дедилар». Аҳмад, Термизий яхши санад билан ривоят қилган.Аллоҳ таолонинг Расуллари У зот таоло яратган бандаларнинг сарасидирлар. Турли замонларда, турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлардир. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни Аллоҳ таоло турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб тургандир. У зотларнинг ҳаётлари бутунлайича Ўз умматларига ўрнак бўлгандир. Шунинг учун, уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларига амал қилиш ҳар бир шахс учун ўта муҳимдир.Ушбу ҳадиси шарифда барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача, ҳаммаларининг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан бири никоҳ экан. Бу энг муҳим суннатлардан экан. Бўлмаса Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга энг кучли тарғибдир.Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантиргандир. Чунки, бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлсин учун никоҳга амр этгандир. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром харишдан, ифлослииклардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офотлардан сақлаш учун никоҳга амр этган. Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган. Азиз, авлиёларнинг одати қилиб қўйган.Аллоҳ таоло никоҳни инсон навъининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.Эркак аёлнинг ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалари ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон навъи сақланиб қолиши билан бирга унинг насли-насабининг поклиги ҳам сақланиб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолади. Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади. Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган. Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни, ибодат, деганлар. Улар, Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади. Никоҳ айни шундоқ ишлардандир, дейишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ва бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар, шаҳватини қондирса ҳам ажр бўладими? дейишганда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди? Ҳалол йўл билан қондирганда савоб, бўлади, деган маънода сўз айтганлар.Зино хавфи бор вақтида никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади.Имом Табороний ва ал-Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг яримига ёрдам берибди. Энди, иккичи яримида Аллоҳга тақво қилсин»-деганлар.Ҳаттоки, Зоҳирий мазҳабдагилар ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтида никоҳ фарз бўлади, дейишган.Эркакдир, аёлдир ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи кераклигини билиб олгани яхши бўлади.Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:1. Оилани Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, Исломий одоблар билан ўзини музаяян қилиш учун қурилади. Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Ушбу олий мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдегидек сувратда эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.2. Оилавий ҳаёт, эри хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик ҳайъати деб қараш керак. Эру-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтириш учун ҳаракат қилишлари керак. Бу эса ўз навбатида келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишлари лозим бўлади.3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак. Оилавий–никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳим-шафқат асосида бўлиши керак.Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаш керак.Албатта, мазкура синглимиз ўттиз бир ёшга киргунча оила қурмай юрганлари яхши эмас. Баъзида илм оламан дея шундай ҳолатга тушиб қолиш, афсуски, учраб туради. Ёш ўтиб қолганда киши бир оз қўрқоқ бўлиб ҳам қолади. Аммо катта кишилар ва гапи ўтадиганлар насийҳат қилишлари, тушунтиришлари керак. Никоҳга рағбат қилмаётган сингилга динимизнинг бу борадаги таълимотларини етказиш керак. Никоҳ ҳақидаги китоблар ҳадя қилинглар. Ушбу жавобни ҳам етказинглар. Оила қурсалар, жуда ҳам яхши бўлади. Аллоҳ ёдам берсин!

Топ рейтинг www.uz Openstat