Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Закот берайми ёки эҳсонми

17:36 / 14.02.2020 | Сирожиддин | 1420

Ассалому алайкум! Агар бир инсоннинг пули закотга етган бўлсаю эҳсон қилса пули озайиб нисобдан тушадиган бўлса нима қилиш афзал?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Нисобга етса закот бериш фарз. Закотга қодир бўлатуриб бермаса гуноҳи оғир бўлади. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَلَمْ يُؤَدِّ زَكَاتَهُ مُثِّلَ لَهُ مَالُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شُجَاعًا أَقْرَعَ، لَهُ زَبِيبَتَانِ، يُطَوَّقُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ثُمَّ يَأْخُذُ بِلِهْزِمَيْهِ، ثُمَّ يَقُولُ: أَنَا مَالُكَ، أَنَا كَنْزُكَ، ثُمَّ تَلَا ﮋوَلاَ يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَّهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِﮊ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга Аллоҳ молу дунё берса-ю, закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у унга кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки қозиқ тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнг икки жағ суягидан тишлаб туриб: «Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинангман!» дейди», дедилар, сўнгра «Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсада бахиллик қилганларга уни яхшилик деб ҳисобламанглар. Аксинча, улар учун ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари билан (бўйинлари) ўралур» оятини тиловат қилдилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, закотни адо қилмаганлар учун фақат бир хил эмас, балки турлича азоблар бўлар экан. Ўшалардан бири ушбу ҳадисда васф қилинмоқда.
Закотни бермаган одамларнинг қиёмат кунида азобланишлари ояти карималарда ҳам турлича ифода этилган экан. Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин! Доимо закотни ўз вақтида адо этиб юришимизни насиб этсин!
Бу зикр қилинган нарсалар закотнинг фарзлигини тан олиб туриб, бермаган кишиларга Ислом дини томонидан белгиланган охират азобларидир. Закотнинг фарзлигини инкор қилган киши муртад сифатида қандай аҳволга тушиши ҳақида аввал батафсил гапириб ўтганмиз.
Ислом дини закотни бермаганлар учун фақат ухровий жазо белгилаш билан кифояланиб қолмаган. Балки улар бу дунёда ҳам тортадиганларини тортишлари мумкин. Бу дунёвий уқубатлар ҳам бир неча хил бўлади. Баъзилари Аллоҳ таоло томонидан бало-офатларни ёғдириш орқали ҳам келади.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидагилар тушунилади:
1. Мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак.
2. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади.
3. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байт¬ларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
Гоҳида бир-икки киши эмас, бутун бошли қавм, қабила ёки юрт закотини бермай қўйиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда закотнинг куч билан олинишига қарши қурол кўтариб чиқишлари ҳам мумкин. У ҳолда қандай чора кўрилиши келаси ҳадисда баён қилинади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat