Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ўқитувчилик касби

00:00 / 09.01.2012 | eski savollar | 2747
Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари . Сизга бир саволим бор эди . Мен о'зим инглиз тили о'қитувчисиман. Динимизда о'қитувчилар ҳақида (диний та'лимдан дарс бермайдиган ) қандай фикрлар бор .Мен сизни о'зимга г'оибона устоз деб биламан. Сизга Аллоҳдан сиҳат саломатлик ва тинчлик хотиржамлик со'раб қоламан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар».Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлганда У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади. Саловот осмонлар аҳли, яъни, фаришталар томонидан бўлганида эса, уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади. Саловот айтиш ер аҳли, яъни, одамлар томонидан бўлганда эса, уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон ўлароқ кишиларга турли фойдали илмларни ўргатадиган шахслардир. Чунки Ислом нуқтаи назарида яхшилик Ислом шариати яхши, деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканини уламолар биладилар ва одамларга ўргатадилар.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз», деганлар. Халқимнинг, эл-юртимнинг мен ўрганадиган илмга эҳтиёжи бор, фарзи кифояни адо этишим керак, деган ният билан илм ўрганувчи киши ибодатда бўлади. Фаришталар унинг оёқлари остига қанотларини ёйиб туради. Шу одам улуғ ажр ва буюк мартабаларга сазовор бўлади. Илм олсам, молу дунё топаман, мансабга эришаман, дея ният қилган одам молу дунё ва мансабга эришиши мумкин, аммо ажру савобга эга бўлолмаслиги аниқ.Кези келганда яна бир масалани эслаб ўтайлик. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ўртасида баъзи тушунмовчиликлар юради. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод диний илмлардир, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир. Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, деган каби. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда ҳам уларнинг номи ва сифати зикр қилинади.Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда ким бўлса ҳам илмли бўлса, бас, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, уларни ҳам мазкур ваъдаларда ҳаққи бор, дейдилар. Бундоқ кишилар Исломда ҳар бир амални қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шарт эканини унутиб қўйган одамлардир. Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонларгина эришади, дейишимиз тўғри бўлади.Сиз инглиз тили ўқитувчиси эканингизни айтибсиз. Бошқа халқларнинг тилларини ўрганишга бизнинг динимизда тарғиб бор.Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу қандоқ қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлишнинг ҳаракатида эди. Ўйлаб-ўйлаб, ёшга алоқаси йўқ иш топди. Бу иш–илм, ёдлаш ва Қуръони Каримга боғлиқ иш эди. Бола ўзининг бу фикрини онаси Нувворга айтди. Она кичик ўғлининг бу гапларидан қувониб кетди ва ўз қавмининг катталарига ўғлининг рағбати ҳақида сўз очиб, улардан ёрдам сўради.Қавмнинг катталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлимиз Зайд ибн Собит Аллоҳнинг Китобидан ўн еттита сурани ёд олган. Уларни сизга қандоқ нозил бўлган бўлса, худди шундоқ тиловат қилади. Бунинг устига, у ўқиш-ёзишни ҳам қойиллатади. У сизнинг яқини¬нгизда бўлмоқчи. Агар истасангиз уни бир эшитиб кўринг», дедилар.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёд олган нарсаларнинг баъзисини эшитиб кўрдилар. Қарасалар, боланинг тиловати гўзал, нутқи равон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Айниқса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёш туриб, ўқиш-ёзишни ўзлаштириб олганлари у кишига ёқиб тушди. У зот ўзларининг ёш саҳобаларига қараб:«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрган, мен уларга унча ишонмайман», дедилар.«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу тезда иброний тилни ўрганиб олди ва ўша тилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини ёза бошлади. Шунингдек, у иброний тилда келган хатларни ҳам у зотга ўқиб берадиган бўлди.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу сурён тилини ҳам ўргандилар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айландилар.Абу Яъло ва Ибн Асокир Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мени у зотнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Бани Нажжорлик бир бола Сизга нозил қилинган нарсадан ўн еттита сурани ёд олган», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берган эдим, маъқул бўлди. У зот менга:«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрганасанми? Мен уларга ўз мактубимни унча ишонмайман», дедилар.Мен ярим ой ўтмасдан у тилни яхшилаб ўрганиб олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб ёзадиган бўлсалар, мен ёзар эдим. Улар у зотга ёзсалар, мен ўқиб берар эдим».Абу Яъло ва Ибн Асокир ва Ибн Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:«Сурёнчани биласанми? Менга мактублар келади», дедилар.«Йўқ», дедим.«Ундоқ бўлса, ўрган», дедилар.Мен уни ўн етти кунда ўргандим».Бу ишларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга бўлган ишончларини оширди ва у зот бу закий инсонни ўзларига нозил бўлаётган Қуръони Карим оятларини ҳам ёзиб борадиган ваҳий котиби қилиб олдилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat