Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фосиқлик ёки осийлик

00:00 / 31.03.2008 | eski savollar | 4640
Ассалому алайкум Ҳурматли устоз. Руҳий тарбияни 1 томини ўқиб чиқдик. Бизга манзур бўлди. Раҳмат сизга. Аммо биласизми, бизни бир савол қийнаяпти. Яхши тушунмаганимиздан бўлса керак. Савол қуйидагича:Фосиқлик билан осийликни фарқига боролмаяпмиз. Осий ҳам гуноҳларни очиқчасига бажарадику. Илтимос бизга фарқини ҳолатларини тушунтириб берсангиз, мисол орқали илтимос.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

ФОСИҚЛИКҲар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши бўлган қалб хасталикларидан яна бири фосиқликдир.«Фисқ» сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан очиқ-ойдин қиладиган одамга фосиқ дейилади. Одатда, фосиқ деб гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга айтилади. Фисқ сўзи, уламолар истилоҳида, гуноҳи кабира қилиб ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиб, Аллоҳнинг наҳий қилган нарсаларидан чиқишдир. Қуръони каримда эса, мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ дейилади.Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?! Тенг бўлмаслар. Ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир. Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг», дейилур», деган (18–20 - оятлар.Ушбу ояти карималарда фосиқлик мўминлик муқобилида зикр қилинмоқда. Демак, у кофирлик деганидир.Мунофиқнинг ҳам фосиқ дейилишига қуйидаги оят далилдир: «Албатта, мунофиқлар, улар фосиқлардир» («Тавба» сураси, 67-оят). Кофирликка етиб бормайдиган, гуноҳ маъносидаги фосиқликка далил «Бақара» сурасидаги қуйидаги далил бўлади: «Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир», (282-оят).Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик ва у билан уруш қилиш кофирликдир», дедилар».Икки шайх ривоят қилган.Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳ: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фисқ аҳли бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.ФОСИҚЛИККА ОИД ҲУКМЛАР1. Фосиқлик ҳаром. Ундан наҳий қилинган. Фосиқ шахс гуноҳкор бўлади ва фисқига қараб жазога тортилади ва таъзир берилади.2. Ҳанбалий мазҳаби бўйича, фосиқнинг имом бўлиб намозга ўтиши мумкин эмас.3. Фосиқ ҳадис ривоят қилиш ҳақига эга эмас.4. Фосиқнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.5. Фосиқнинг фатвоси қабул қилинмайди.6. Фосиқ болани ўз қарамоғига олиши мумкин эмас.7. Фосиқ Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича никоҳда валий бўла олмайди.8. Фосиқни фисқи учун ўзига яқин олиб бўлмайди.9. Фосиқнинг ғийбатини қилиш жоиздир.10. Фосиқнинг тавбаси, агар барча шартларни юзага чиқарса, қабул бўлади.Фосиқликнинг зарарлари:1. Фосиқлик Аллоҳ таолонинг, Унинг расулининг ва мўминларнинг ғазабини жалб қиладиган нарсадир.2. Гоҳида фосиқлик мусулмончиликдан чиқариши ҳам мумкин.3. Фосиқ жамиятга зарарли инсондир.4. Фосиқлик мунофиқликка, у эса дўзахга олиб боради.5. Фосиқлик тарқалган жамият парчаланади.Мўмин банда фосиқликнинг ҳар бир кўринишидан ўзини олиб қочиши даркор. Доимо бу нарсанинг зарарларини эсдан чиқармай юриши керак. Мабодо билиб-билмай баъзи фисқ ишларини содир этган бўлса, дарҳол тавбага шошилиши лозим.ОСИЙЛИКБанда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири осийликдир.«Осийлик», «исён», «маъсият» сўзлари бир ўзакдан бўлиб луғатда «тоатдан чиқиш» маъносини билдиради.Уламолар истилоҳида осийлик Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсинишни тарк қилишдир.Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик амрларни тарк қилиш. Аллоҳ таолонинг Китобида ва расулининг тилидан фарз ва вожиб қилган нарсаларни тарк қилиш ва Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган сўзлар, зоҳир ва ботин амалларни содир этмасликдир.Осийлар икки хил бўлади:1. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмон ҳисобланади.2. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатларни адо этади. Бунда маъсиятига яраша жазо олади.Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради.Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди.Шунингдек, кичик гуноҳларни давомли қилиш уни кабирага айлантиради ва эгаси фосиқ бўлиб, гувоҳлиги рад этилади.Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган. У зот «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У зот уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14 – оят).Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, у кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш демакдир. Демак, Охиратдаа ҳар кимга бу дунёдаги амалга қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг итоатини қилмай, осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда хорловчи азоблар ҳам бўлади.Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди», деган (36 – оят).Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳнинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин ҳам эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.Аллоҳ таоло «Аҳсоб» сурасида:«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди», деган (36-оят).Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камдан кам мажлисдан саҳобаларига ушбу дуоларни қилмасдан турар эдилар:«Эй Аллоҳим! Бизга Ўзингдан қўрқишдан биз билан маъсиятларинг орасини тўсадиганини, тоатингдан бизни у ила жаннатингга етказадиганини, қаттиқ ишончдан у билан бизга дунё мусибатларини енгил қиладиганингни бергин. Бизларни қулоқларимиз кўлларимиз ва қувватимиз ҳаётда бардавом қилган чоғингда ҳузурлантиргин. Уни биздан ворис қилгин. Бизнинг ўчимизни бизга зулм қилганларга хос қилгин. Бизга душманларимиз устидан нусрат бергин. Мусибатимизни динимизда қилмагин. Дунёни бош қайғумиз, илмимиз етган жойи қилмагин. Бизга раҳм қилмайдиганни устимиздан султон қилмагин».Термизий ривоят қилган.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг: «Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унга устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. У эр хотинига қандоқ ўтирадиган бўлса, унга ўшандоқ ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Бас, у: «Нимага йиғламоқдасан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди.«Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим. Фақат муҳтожлик мени бунга мажбур қилди», деди.«Сен ҳали шундоқмисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди.Сўнгра у: «Йўқ. Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман», деди. У ўша кечаси ўлди. Бас, унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ Кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эшитдим».Термизий ривоят қилган.Осийликнинг зарарлари:1. Осийлик Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқарди.2. Осийлик иблисни Аллоҳ таолонинг лаънатига учратди.3. Осийлик Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилди.4. Осийлик Од қавмини томири чириган дарахтдек қулатди.5. Осийлик Самуд қавмини даҳшатли овоз ила ҳалок бўлишига сабаб бўлди.6. Осийлик Лут қавмини чаппа айлантирилган ер остида ҳалок қилди.7. Осийлик Шуъайб қавмини булутдан ёққан азоб ила ҳалок қилди.8. Осийлик Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилди.9. Осийлик Қорун ва унинг молу мулкини ерга юттирди.Маъсиятлар банда қалбининг моғор босишига, ғофил бўлиши ва муҳрланишига сабаб бўлади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», деганларини эшитдим».Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.Гуноҳлардан сақланиш қалбнинг поклигини сақлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун гуноҳларни озайтириш керак. Бу иш икки дунё учун ҳам фойдалидир.Вакийъ ибн Жарроҳ келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Гуноҳларни озайтинглар! Албатта, сизлар Аллоҳ таолога гуноҳ озлигидан афзал нарса ила йўлиқа олмайсизлар».Банда зоҳирий ва ботиний, катта ва кичик маъсиятлардан ҳазир бўлиши лозим. Кўпинча бир маъсият бошқа маъсиятга тортиши ҳам мумкин. Хусусан, қалб ва тил маъсиятлари каби ҳис қилиш қийин бўлган маъсиятлардан эҳтиёт бўлиш керак.

Топ рейтинг www.uz Openstat