Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлудлари – нурнинг туғилиши

13:58 / 06.01.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 2995

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлудлари – нурнинг туғилиши


Мана, кун ўтиб, ҳафта ўтиб, ой ўтиб яна Рабиъул-аввал ойи келди. Аҳли мусулмон бу ойнинг бошқа исмларини қўйиб, қисқа қилиб «Мавлуд ойи» деб номлайдиган ой келди. Туғилиш ойи. Ҳа, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш ойлари. У кишининг сиймоларида инсониятнинг залолат қоронғулигидан ҳидоят ёруғлигига бошловчи нурнинг туғилиш ойи. Жаҳолат ботқоғига ботиб ётган инсониятни халос қирғоғига олиб чиқувчи кучнинг туғилиш ойи. Инсониятни икки дунё саодатига эриштирувчи халоскорнинг туғилиш куни.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, дунёдаги барча миллат ва элатлар, хусусан турли динлар вакиллари ўз улуғларининг, раҳнамоларининг туғилган кунларини алоҳида эътибор билан нишонлайдилар. Кўплари эса ўша кунларни ўз тарихларининг бошланғич санаси қилиб олганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, мусулмонлар ўзларининг маҳбуб пайғамбарлари, сарвари коинот бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кун ва ойларини ўзаро ихтилофлар билан кутиб оладилар. Ҳар йили Рабиъул-аввал ойи яқинлашиши билан, «Мавлуд» номли маросим ҳақидаги ихтилофлар янгидан бошланади. Кўпчилик бу ишни қилиш яхши деса, баъзилар бу бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолат, ҳар бир залолат куфрдир, дейди. 
Натижада, йиллар бўйи давом этиб келаётган ихтилоф янгидан бошланади. Яна аввал бошдан эски гаплар қўзғолади. Икки тараф бир-бирига қарши фатволар чиқаради. Бу эса ўз навбатида икки тараф ҳам иттифоқ қилган нарса–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва таълимотларини халққа етказиш ишини орқага суради, заифлаштиради.
Кўриниб турибдики, бефойда тортишувларни йиғиштириб қўйиб, ҳар икки томон ихтилоф қилаётган нарсаларида ўз фикрларида қолган ҳолда, иттифоқ қилган нарсалари набийларнинг хотими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларию сийратлари, васиятларию суннатларини халойиққа етказишга эътибор берсалар яхши бўлар эди.
Шак-шубҳа йўқки, ҳар икки томон ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз муҳаббатларининг чексиз эканлигини даъво қиладилар. Ҳар икки томон ҳам Аллоҳга муҳаббати зўр эканлигини таъкидлайди. Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш умидида эканлигини изҳор этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ўзининг қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръони азимушшаънда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан: 
«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», дейди.
Аллоҳга муҳаббат борлигини даъво қилган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни орзу қилган одам ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Агар мусулмон уламолар, хутоболар, ёзувчилар ва талабалар мавлуд ҳақидаги ихтилофга сарфланаётган билим, куч-қувват, ақл-заковат, моддий ва маънавий имкониятларини юқорида зикр қилинган ҳақиқатни дунёга тарқатишга сарф қилганларида, айни муддао бўлур эди. 
Шу ўринда қадимги мусулмон фотиҳлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли ҳодисани эслаб ўтиш жоиз. Ер юзига Ислом нурини таратиш, инсонларни турли тузумлар зулмидан Ислом адолатига олиб чиқиш, бандаларга қуллик қилиш хорлигидан, Аллоҳга бандалик қилиш шарафига эриштириш учун чиққан фотиҳлардан бир гуруҳи бир неча бор уринсалар ҳам бир жойни фатҳ эта олмабдилар. Ўйлаб кўришса, авваллари бундан бир қанча қийин ишларни ҳам осонлик билан амалга оширган эканлар. Аммо, бу сирни тушуна олмай хуноб бўлибдилар. Келишиб, тафаккур қилиб бу ғалати ишнинг сабабини топишга қарор қилишибди. Тузукроқ ўйлаб қарашса, ўша кунлари баъзи омилларга кўра, ҳабиб пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирига амал қила олмаган эканлар. Ҳаммалари ўзларига келиб, ўша тарк этилган набавий суннатга амал қилибдилар ва дарҳол фатҳу нусратга ноил бўлибдилар.
Ушбу қисса бугунги кунда нафақат битта суннати набавийни, балки ҳамма суннат, вожиб ва фарзларни тарк эта туриб, нима учун мусулмон бўлсак ҳам, пайғамбар уммати бўлсак ҳам муваффақиятга эриша олмаяпмиз, деяётганларнинг кўзини очиши керак.
Бундан келиб чиқиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаганлар Аллоҳга муҳаббатлари борлигини даъво қилмасинлар ҳамда Аллоҳнинг муҳаббатидан умидвор бўлмасинлар, дейиши мумкин. Чунки юқорида зикр қилиб ўтилганидек, Аллоҳнинг ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан: 
«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», демоқда.
Инсониятга икки дунё бахт-саодатини таъмин этувчи илоҳий таълимотларни олиб келган, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расули акрам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслаётган бугунги кунимизда, бутун олам у кишининг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканлигини асримизнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида замонамиз муом-моларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди», деган сўзлари билан ифодалаган эди.
Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону-шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору- номусдир.
Ҳа, инсоният бугунги кунда сарвари коинот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига, у кишининг шахсий сифатларига ниҳоятда муҳтождир. Биргина ҳусни хулқ-одоб, ахлоқни олиб кўрайлик. Инсоният бугунги кунда одобсизлик, ахлоқсизлик ботқоғига ботиб ётибди. У ҳозир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлган ростгўйлик, меҳрибонлик, жувонмардлик, аҳдига вафо қилишлик, омонатдорлик, сахийлик, ҳалимлик, шижоатлилик каби кўплаб яхши сифатлар билан сифатланишга жуда ҳам муҳтож. 
Комил инсон бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ахлоқ эгаси ҳам эдилар. Бу сифатни васф этиш учун оддий инсон тили ожизлик қилади. Бу борадаги васф инсонларнинг Раббиси томонидан келмишдир. Аллоҳ жалла жалолуҳу ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда Қуръони мажидда хитоб қилиб: 
«Албатта, сен улуғ хулқдасан», дейди.
Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари оддий ахлоқ-одоб эмас, улуғ ахлоқ-одобдир. Бинобарин, у кишига эргашганларнинг ахлоқ-одоблари ҳам шундай бўлмоғи даркор.
Кишилар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари, мўминларнинг онаси Ошаи Сиддиқа розияллоҳу анҳодан у Зоти бобаракотнинг хулқлари қандай бўлганлиги ҳақида сўраганларида: «У кишининг хулқлари Қуръон эди», деган эканлар. 
Бу дегани, у зот Қуръонда келган ҳамма яхши сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар, деганидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги яхши сифат ва таълимотларни нафақат ўзларида мужассам қилган эдилар, балки уларни ҳарфма-ҳарф ўз умматларига тадбиқ қилиб, кўрсатиб ҳам берган эдилар. У зотдан бевосита таълим олган саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ер юзида қадам ташлаб юрадиган тирик Қуръонларга айландилар. Бунинг самараси ўлароқ, улар қисқа муддат ичида бутун дунёга Ислом нури таралишига сабаб бўлдилар.
Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб мусулмонлар тирик Қуръон бўлиш уёқда турсин-у, кўплари Қуръон нималигини, унинг бирорта сурасини маромига етказиб тиловат қилишни ҳам билмайдиган ҳолга келдилар.
Қуръони азимуш-шаънда улуғ хулқ эгаси сифатида васф қилинган, ўзларининг хулқлари Қуръон бўлган, ҳусни хулқлиларнинг имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудлари-туғилишларини эслаётган бугунги кунимизда у кишига тўлиқ эргашадиган, у кишининг хулқ-ларини ўзига хулқ қилиб оладиган, у кишининг таълимотларини тўлиқ ўзлаштириб, ер юзида тирик Қуръон бўлиб юрадиган мусулмон умматининг қайтадан туғилиши учун ҳаракат бошлаш зарурлигини ҳам эслашимиз лозим.
Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслар эканмиз, у кишига содиқ уммат бўлиш аҳдини янгилаймиз.
Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслар эканмиз, у Зотга саловоту саломлар юборамиз, Аллоҳ таолодан бу дунёда у кишига эргашиб яшашликни насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва пай-ғамбарининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз. Омийн!

Топ рейтинг www.uz Openstat