Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мавлуднинг ҳукми

13:54 / 06.01.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 3409

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Мавлуднинг ҳукми


Юқорида барча мазҳабларнинг кўзга кўринган уламолари иштирокида бидъатнинг нималигини билиб олганимиздан ке-йин мавлуднинг ҳукми ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтсак, маъқул бўлса керак.
Бидъатни ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръ-он ва Суннатда йўқ, динда янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдиган йўналишдаги уламолар гапига амал қиладига бўлсак, мавлуд мандуб бидъатлар қаторига кириши турган гап. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, мавлуд бидъати ҳасана бўлади.
Иккинчи йўналишдаги, бидъатни икки хил таъриф қилган ва: 
«Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш билан Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.
Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади», деган уламоларнинг гапини оладиган бўлсак, мавлуд умуман бидъат бўлмайди. Чунки ҳеч ким, ҳеч қачон мавлудни диннинг жавҳарига оид нарса демаган ва демайди ҳам.
Иккинчи йўналишдаги таърифга би-ноан мавлуд бидъат бўлмаса, нима бўлади, деган ҳақли савол юзага келиши турган гап.
Ҳар биримиз дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборатлигини яхши биламиз. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер курасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди. 
Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.
Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосини ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. 
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва Суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб иш юритганлар. Мазкур таълимотлар асосида қуйидаги манбалар асосида ижтиҳод қилиш қоидаларини ишлаб чиққанлар:
1.   Қуръон.
2.   Суннат.
3.   Ижмоъ.
4.   Қиёс.
5.   Истеҳсон.
6.   Шаръу ман қоблана.
7.   Масолиҳул мурсала.
8.   Урф.
9.   Мазҳабус саҳобий.
10. Истисҳоб.
Бу манбаларнинг кейинги саккизтаси аввалги иккитасига боғлиқ, икковларидаги таълимотлар асосида бўлади. Аввалги тўрттасида барча фақиҳлар иттифоқ қилганлар ва уларни шу тартибда манба деб олганлар. Қолганларида ихтилоф бор. Баъзиларини олиб, қолганларини олмаганлар ҳам бор.
Албатта, ҳозир биз мазкур манбаларнинг тафсилотини ўрганиш мақсадида эмасмиз. Шунинг учун ўзимизга керак мавзу-мавлуд қайси манба асосида жорий бўлган деган саволга жавоб ахтарамиз.
Уламоларимиз мавлуд «Масолиҳул мурсала» асосида амал қилинган нарсадир, дейдилар. «Масолиҳул мурсала»нинг луғатдаги маъноси «эркин қўйилган манфаатлар» десак, хато қилмаган бўламиз.
«Масолиҳул мурсала»нинг усули фиқҳ илмидаги истилоҳий маъносини билиб олиш учун бир оз муқаддима қилишимизга тўғри келади.
Ислом шариатнинг барча таълимотлари уч хил манфаатни кўзлаган бўлади:
1. Зарарли нарсаларни қайтариш.
Бунга эришиш учун беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, обрў ва ақлни муҳофаза қиладиган таълимотлар ва қонун-қоидалар жорий қилинган. 
2. Фойдали нарсаларни жалб қилиш.
Бунга эришиш учун ҳаётда ҳожат тушиб турадиган ибодат ва муомалот каби ишларда одамлардан ортиқча қийинчиликни кўтариш бўйича таълимотлар жорий қилинган.
3. Карамли ахлоқлар ва гўзал кўринишлар тақозоси бўйича юриш. 
Бунга эришиш учун таҳсийниёт–яхшиловчи ҳукмлар жорий қилинган.
Ушбу уч турли манфаатларни шариат эътиборга олиши ёки олмаслиги бўйича уч йўналиш бор.
1. Эътиборли манфаатлар.
Буларни шариат эътиборга олиб, уларни сақлаш борасида тадбир-чоралар кўрган. Мисол учун, беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, обрў ва ақлни муҳофаза қилиш учун уларга тажовуз қиладиганларга қарши жазоларни белгилаган. 
2. Эътиборсиз манфаатлар.
Буларда баъзи бир манфаат бўлиши мумкин. Аммо зарари манфаатидан кўп бўлгани учун ўша оз манфаати эътиборга олинмаган. Мисол учун, қимор ва хамрда пул топиш манфаати бор. Аммо бу икки нарсанинг зарари фойдасидан кўп. Шунинг учун шариатда уларнинг озгина фойдасида воз кечилган. 
3. Эркин қўйилган манфаатлар.
Булар ҳақида шариатда маълум бир кўрсатма йўқ. Уларни қиёс қиладиган ҳужжат ва далил ҳам йўқ.
Эркин қўйилган манфаатлар ибодатларда бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма иттифоқ қилган. Аммо ибодатлардан бошқада «Масолиҳул мурсала»–«Эркин қўйилган манфаатлар»ни ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари шариат манбаларидан бири деб қабул қилганлар. 
Хулосасини айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар «Масолиҳул мурсала»ни эътиборга оладилар ва уни ишлатадилар.
Зотан, шариатнинг асосий мақсади бандаларнинг икки дунёдаги саодатларини таъминлашдир. Қуръон ва Суннатдаги барча ҳукмлар айни шу мақсадда жорий қилинган. Бандаларнинг майда-чуйда манфаатлари эса тугамайди. Вақт ўтиши билан янгиланиб туриши ҳам бор. Шунинг учун шариат булар учун очиқ майдон қолдириб қўйган. Қуръон ва Суннатда зикр қилинмаган масалаларни улардан олинган қоидалар асосида умматнинг уламолари ҳал қилиб бораверадилар. Уламолар бунда Исломнинг фойдани жалб қилиш, зарарни даф қилиш қоидасини маҳкам тутадилар. Бу жараён қадимдан бўлиб келмоқда.
«Масолиҳул мурсала»нинг шариат манбаларидан бири бўлиши учун учта шарт қўйилган:
1. Шариат мақсадларига мувофиқ бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» асосида жорий бўлаётган иш шариатнинг асл қоидаларига ва далилларига хилоф бўлмаслиги шарт.
2. Маъносиниг охиригача ақл етадиган ва йўналиши батафсил идрок қилинадиган бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» таҳорат, намоз, рўза каби маъносининг охиригача ақл етмайдиган ва йўналиши батафсил идрок қилиш имкони йўқ ибодатларда жорий қилинмайди. 
3. Зарурий нарсаларни муҳофаза қилишга қаратилган бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» дин, мол, жон, обрў ва ақл каби зарурий нарсаларни му-ҳофаза қилишга ёки динда қийинчилик туғдириши мумкин бўлган нарсаларни бартараф қилишга қаратилган бўлиши шарт.
«Масолиҳул мурсала» асосида қабул қилинган энг машҳур амалларга усулул фиқҳ уламолари Қуръони Каримни жамлаб китоб ҳолига келтириш, девонларни ташкил қилиш, жума намозида имом минбарга чиққанда айтиладиган азондан аввал бир азон айтиш, ҳибсхоналар қилиш каби ишларни мисол қилиб келтирадилар. Жумладан, мавлуд ҳам кейинроқ «Масолиҳул мурсала» асосида жорий бўлган нарсалардан биридир.

Топ рейтинг www.uz Openstat