Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ислом ва қулдорлик

14:58 / 24.08.2013 | nauruzu | 851

Аввало қилаётган ишларингиз учун катта миннатдорчилик бирдирмоқчиман. Аллоҳ илмингизни бунданда зиёда қилсин, илоҳим. Мени анчадан бери бир савол ўйлантирмоқда, тўғрироғи бу саволни менга бошқа дин вакили берган эди. Савол: Исломда инсон қадри биринчи ўринга қўйилади, аммо нима учун жоҳилият даврида Ислом келиши билан ва ёки кейинроқ Ислом қувватга кирганидан сўнг ҳам қулдорлик, инсонни сотиш ва қул оиласида янги туғилган (фитрати тоза) чақалоқларни ҳам қулдорликка мансуб қилиш каби амалиётларга қатъий чек қўйилмаган? Инсонни қулликка мансуб қилиш ёки қулдан фойдаланиш Исломнинг асл моҳиятига зид эмасми? Қул озод қилишнинг катта савоб иш эканлиги бу алоҳида масала, аммо айнан маън этилмаганлиги, яъни қул сақлаш ҳаром қилинмаганлигининг Исломда бирор ҳикмати борми?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Афтидан сиз диний китоб ўқимайсиз шекилли. Агар мазкур китоблардан ўқийдиган бўлганингизда бу гапни сўраб ўтирмас, анчадан бери ўйланмас ва бошқа дин вакилига дарҳол жавоб берган бўлар эдингиз. Шу билан бирга мени ўзим йигирма йил олдин ёзган нарсамни излаб топиб, вақт кетказиб юришимига мажбур қилмас эдингиз. Гап бундай:

 

Ислом дини келганда, дунёда қулчилик авжига чиққан эди. Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Инсонлар озод бўлишлари учун у барча чораларни кўрди. Турли йўллар билан мусулмонларни қул озод қилишга даъват этди. Ким бир қулни озод этса, дўзахдан паноҳ топишини эълон қилди. Каффорот учун, гуноҳни ювиш учун қул озод этишни, ўзида бўлмаса, сотиб олиб, озод этишни шарт қилиб қўйди. Яна бошқа кўпгина чораларни кўрди. Ўша чоралардан бири ушбу оятда зикр қилинаётган «мукотаба» номли амалдир. «Мукотаба» сўзи луғатда «икки томонлама ёзиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса қул ёки чўрининг маълум бир маблағ ёки хизмат эвазига озодликка эришиш ҳақида ўз хожаси билан тузган шартномасига айтилади. Бу ҳам қулчиликка қарши курашишнинг бир йўли, қул ва чўриларнинг озодликка эришишлари учун яратилган бир шароитдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Қуръони Карим орқали хитоб қилиб, агар уларнинг қул ва чўриларидан қай бири озодликка чиқиш учун шартнома тузишни истаса, улар билан ўша шартномани тузишга амр этмоқда.

«Бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз. . . » дегани «Ўша «мукотаба» қилишни истаган қул ёки чўриларингизга шу ишда яхшилик бўлишини, улар аҳли солиҳ эканини, озод бўлганларидан кейин ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам наф етишини билсангиз» деганидир.

Демак, хожа қули билан маълум миқдор мол топиб ёки бирон ишни қилиб бериш эвазига унинг озод этилиши ҳақида шартнома тузиб, ёзиб қўяди. Мана шу «мукотаба» дейилади. Шундан сўнг икки томон ҳам шартномага амал қилиши лозим бўлади. Қул пулни топиб бериши учун ҳеч ким унинг йўлига тўсиқ бўлмаслиги лозим. Шунда у озодликка эришади. Хожа эса шартнома асосида қулга шароит яратиб бериши керак. Қул келишилган молни ёки хизматни адо этиши билан озод бўлади, хожанинг унда ҳаққи қолмайди.

Агар хожалар Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги

«ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг» деган амрига бўйсуниб, келишилган маблағдан бир қисмини кечиб юборсалар, яна ҳам яхши бўлади. Уламоларимиз «Бу амр ҳам хожаларга, ҳам мусулмонлар оммасига қаратилган, шартномада келишилган маблағни топиш учун мукотаба қилган қулга ҳам хожаси, ҳам бошқа мусулмонлар молиявий ёрдам беришлари керак», – дейдилар.

Маълумки, закотнинг ҳақдорларидан бири ҳам айнан шу қуллардир. Яъни закотдан маълум бир қисмини қул озод қилиш учун сарфлаш Қуръони Каримда тайин этилгандир.

Ислом қул озод этишни энг улкан ибодат ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг самарали воситаси даражасига кўтарди.

Имом Байҳақий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир аъробий (саҳролик араб) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Менга мени жаннатга киритадиган амални ўргатинг, – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Батаҳқиқ, қисқа гап билан масалани рўй-рост қўйдинг. Аҳолини озод қил, (қулнинг) бўйнидан (кишанни) еч, – дедилар. У:

– Иккови бир иш эмасми? – деб сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ, аҳолини озод қилиш – фақат ўзинг озод қилишинг, (қулнинг) бўйнидан (кишанни) ечишинг еса баҳосини тўлашга ёрдам беришингдир. Шунингдек, туя ёки қўйни уларнинг сутидан фойдаланиш учун бировга берадиган бўлсанг, сути кўп вақтида бер. Сенга зулм қилган қариндошингга яхшилик кўрсат. Агар қодир бўлмасанг, тилингни яхши гапдан бошқасидан тий, – дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, кишини жаннатга киритадиган ишларнинг бошида қул озод қилиш ёки қулнинг озод бўлишига молиявий ёрдам бериш турибди.

Шунингдек, Ислом ҳукуматига ҳам байтул молдан қул озод қилиш учун ҳисса ажратиш тавсия этилган.

Уламоларимизнинг тасдиқларига кўра, қадимда қуллар уч тоифа бўлганлар:

1. Урушда асир тушиб, қул бўлганлар.

2. Ҳур бўлса ҳам, куч билан қул қилиб олинганлар.

3. Ота-боболаридан буён қул бўлиб келаётганлар.

Ислом дини келган пайтда дунёдаги ижтимоий ва иқтисодий низомларнинг барчасида қулчилик асосий омиллардан бири ҳисобланар, ҳамма бу нарсани оддий бир ҳолат деб билар эди.

Ислом одамлар ўрганиб қолган ароқхўрлик, зино, рибохўрлик сингари ижтимоий касалликларни даражама-даража даволаб, йўқотганидек, қулчилик муносабатларини ҳам аста-секин муолажа қилди. Чунки бунга ўхшаш масалаларда шошма-шошарлик фойда бермаслиги аниқ. Ислом қулчиликка қарши режали равишда тадрижий кураш бошлади. Олдин инсонларга бир-бирларини қул қилишлари яхши эмаслиги тушунтирилди. Сўнгра эса қул озод қилиш савоб иш экани, охиратда нажотга, гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши оят ва ҳадислар орқали баён этилди. Сўнгра закот, каффорот каби ибодатларга қул озод қилиш киритилди. Энг аҳамиятлиси, бу ишлар қуруқ гап бўлиб қолмади. Балки амалда қарор топди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари олтмиш учта қул озод қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бири Оиша онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш еттита қул озод этганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб етмишта, саҳобаларидан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу юзта, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мингта, Зул Кулў Ҳумайрий розияллоҳу анҳу саккиз мингта, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўттиз мингта қулни озод қилганлар. Ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳулар томонидан озод қилинган қуллар ниҳоятда кўплигидан, тарихчиларимиз уларнинг сонини аниқлай олмаганлар.

Бу амал мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Эски қулларни озод қилиш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, Ислом ҳур одамларни қул қилишни тақиқлади.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

«Аллоҳ таоло дейди: «Мен қиёмат куни уч хил одамнинг хусуматчиси бўламан. Мен кимнинг хусуматчиси бўлсам, уни енгаман. Бир одамники, номим ила бир нарса берилса-ю, у хиёнат қилса; бир одамники, ҳур инсонни сотиб, баҳосини еса; ва яна бир одамники, мардикор олиб, уни ишлатиб, ҳақини бермаса».

Ушбу ҳукмдан истисно тариқасида урушда қўлга тушган асирларнигина қул қилишга изн берилди. Бу эса ўша вақтдаги жорий ҳолат бўйича берилган изн эди. Яъни бошқаларнинг ҳолини эътиборга олиб қулчилик бутунлай битирилмаган эди.

Топ рейтинг www.uz Openstat