Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бугуннинг ўқитувчиси

10:06 / 12.10.2013 | qitmir_1 | 4074

Бугунги кунда турли хил байрамлар кўп. "Ўқитувчилар куни" улардан бири. Ўзим ўқитувчиман. Маълумки бугун аёл ўқитувчилар кўп. Янги ишга кирганимда (Тошкент ш. ) "Ўқитувчилар куни" ни нишонлаш учун мактабимизга яқин бир кафеда ўтирдик. Ўтиришга қўшилганимга минг пушаймон бўлдим. Аёлларнинг ароқ ичишини эшитгандим, лекин биринчи марта кўришим эди. Яна менга қараб, "соқийлик қилмайсанми, аёлларга эҳтиром кўрсатиш керак" деб маданиятсизликда айблаб ҳам қўйишди. Ундан кейинги манзарани тасвирлашга ҳожат йўқ. Чунки у ердаги ҳолатга "устоз" деган ном у ёқда турсин, "инсон" деган ном ҳам увол. Индамадим, бошқа ишим борлигини айтиб, у ердан чиқдим. Бу улар билан илк ва охирги марта зиёфатга борганим бўлди. Эртасига уларга қаттиқ эътироз билдирдим. Бу иш яхшимаслигини, "яна ўқитувчи бўлсак" десам, "Э, сиз бошқа коллективларни кўрсангиз нима деркинсиз" дейшди. Ҳали бу "ҳолваси" бўлса, келажагимиз "зўр тарбиячилар" қўлида эканда. Ўқувчилар севги ҳақида бемалол ўқитувчи билан суҳбатлашиши мумкин, иффат пардаси кўтарилган. Яна ўқитувчилар "бугунги болаларда бет йўқ" деб шикоят ҳам қилишади. Бу воқеага 5 бўлди. Ачинарлиси бу ҳолат ҳали ҳам давом этмоқда. Мен ишлаган тумандаги деярли барча мактабда шу ҳолат бор. Ҳазрат, бугуннинг ўқитувиси қандай бўлиши лозим? Улар миллат келажаги бўлмиш ўқувчиларга сифатли таълим ва чиройли тарбия бера олишларида нималарга эътибор беришлари лозим? Ахир бундай "тарбиячилар"нинг таълимини олган ўқувчи ёшлардан келажакда нималар кутиш мумкин? Бизга насиҳат ва тавсияларингизни айтсангиз. Дуо ҳам қилсангиз, ҳазрат, илтимос.

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бундай ўқитувчилар болаларни тарбия қила олмайдилар. Болалар уларнинг қўлидаги омонатдир. Улар омонатга хиёнат қилувчилардир. Улар ўқитувчи деган номга доғ туширмасликлари керак. Ўзларини ўнглашлари лозим. Таълим бериш ва муаллим одоблари «Таълим» бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Таълим бериш, дарс бериш ва ўргатиш сўзларининг маънолари бир-бирига яқин бўлиб, маълумотларни муаллимдан мутаъаллимга (таълим олувчига) нақл қилишни билдиради. Таълим шарҳлаш, очиқлаш, яқинлаштириш, ҳужжатлаш, далил келтириш, тарбия бериш ва насиҳат қилиш каби ишлардан иборатдир. Таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Шунинг учун ҳам талаба бўлиб илм олишга қанчалик тарғиб қилинган ва бу ишга савоб-мартабалар ваъда қилинган бўлса, олим бўлиб таълим беришга ҳам шунчалар тарғиб қилинган ва бу ишга ҳам савоб- мартабалар ваъда қилинган. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби таълим бериш ҳам фарз қилинган. Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам Исломга амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих ҳали-ҳануз билмайди. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар барча-барчалари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзган. Ҳа, мусулмонлар бешикдан то қабргача илм излашган. Ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлиги учун ўз ихтиёрлари билан, иймон ва ихлос ила, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан таълим ишларига шўнғишган. Мусулмонларнинг таълим борасида қилган саъй-ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорулфунунларга асос солинди. Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорулфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганига анча бўлди. Исломнинг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم : إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар». Термизий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан мусулмон муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача барчалари кирадилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи ўлганида (барча) амали кесилади. Фақат уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан (кесилмайди)», дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар. Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса, илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади. Иккинчиси, китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади. Учинчиси, илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, илм даргоҳи қуради, пулига китоб чоп эттиради, ўз маблағидан кутубхона қилади. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Бу ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам савоблари узилмай бориб туради. Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам маълум даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Муаллим одоблари қуйидагилар: Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одоблари ҳам мавжуд. Уламолар қадимдан бу мавзуга алоҳида эътибор билан қараб, унинг баёнини қилганлар. Қуйидаги сатрларда мазкур одоблардан айримларини келтиришга ҳаракат қиламиз: – Илмни лозим тутиш, унга муҳаббат қилиш, унга бутун вужуди билан берилиш ва илмини зиёда қилиш учун доимо ҳаракатда бўлиш. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади: «. . . Ва: «Роббим, илмимни зиёда қил», дегин» (114-оят). – Илмига амал қилиш. Зотан, ҳақиқий олимнинг гапи ишига тескари бўлмайди. Бу гап диний олимларга алоҳида таъкидлидир. Чунки уларнинг асосий вазифаларидан бири кишиларни тўғри йўлга бошлашдир. Бунда эса, уларнинг ўзлари гўзал ўрнак бўлишлари шарт. Аллоҳ таоло "Софф" сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ۝

كَبُرَ مَقْتًا عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ۝

«Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсаларингизни гапирасиз? ! Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолгандир» (2-3-оятлар). Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом дейдилар: «Қиёмат куни бир киши дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахийлар уни ўраб олиб: «Эй фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилган эдинг-ку? » дейишади. Шунда у: «Сизларни яхшиликка чорлар эдиму, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдиму, ўзим қилардим», дейди». – Илми зиёда бўлган сари Аллоҳ таолодан қўрқиши ва маърифати зиёда бўлган сари Аллоҳ таолога хушуъи ортиб бориши керак. Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (28-оят). Али розияллоҳу анҳу дедилар: «Икки киши умуртқамни синдирди. Илмига амал қилмаган олим ва ибодатга берилган жоҳил». – Таълим берувчининг дунёнинг ҳою ҳавасидан устун туриши. «Уларни синаш учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб айримларини баҳраманд қилганимиз нарсаларга кўзларингни тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир» (Тоҳа сураси, 131-оят). Ҳасандан ривоят қилинади: «Ким илмни ирода қилсаю сўнг дунёга ҳирси зиёда бўлиб кетса, Аллоҳдан узоқлашиши зиёда бўлур». – Барчага бирдай тавозули бўлиш. Бунинг учун талабаларга шафқатли бўлиш, уларга таълим беришда шошилмаслик, талабаларга ўз фарзандидек қараш, уларнинг жоҳиллигини ва жафосини кўтариш, уларни жаҳолат зулматидан илм нурига олиб чиқишга уриниш, ҳожатларини фаҳмлаш ва ҳолатларини ҳисобга олиш, саволарига жавоб бериш, юзларига кулиб боқиш, қалбларини улфат қилиш, улар учун вақт сарфлаш каби ишларни бажариш талаб этилади. Аллоҳ таоло Шуаро сурасида марҳамат қилади: «Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат» (215-оят). Яъни «Улар билан юмшоқ муомалада бўл, уларга меҳрибонлик кўрсат, тавозуъли бўл». Дарҳақиқат, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга шундай муомалада бўлганлар. – Таълим беришга ихлос қилиш. Бунда таълимни одамлар фойдасига ишлатишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш керак.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ جُلَسَائِنَا خَيْرٌ؟ قَالَ: مَنْ ذَكَّرَكُمُ اللهَ رُؤْيَتُهُ، وَزَادَ فِي عَمَلِكُمْ مَنْطِقُهُ، وَذَكَّرَكُمْ فِي الْآخِرَةِ عَمَلُهُ. رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммажлисларимиздан қай бири яхши? » дейилди. «Кўриниши сизга Аллоҳни эслатадиган, гапи амалингизни зиёда қиладиган ва амали сизга охиратни эслатадиган киши», дедилар». Абу Яъло ривоят қилган. – Илмни мустаҳкам эгаллаш. Унинг нозик жойларигача ва мағзигача етиб бориш. Илмнинг бир қисми ва пўчоғи билан кифояланиб қолмаслик зарур. – Ҳилм, виқор, шошмаслик ва бағрикенгликни лозим тутиш. Зотан, бу сифатлар илмнинг зийнатидир. – Жоҳилларнинг жавосига, ҳасадчиларнинг ҳасадига, бўҳтончиларнинг иғвосига ва душманларнинг адоватига сабр қилиш. Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади: «Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! » (35-оят). – Илмни талаб қилувчиларга керагича бериш. Ундан бирор нарсани беркитиб қолмаслик ҳам таълим берувчининг асосий вазифаларидандир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم  قَالَ: مَنْ سُئِلَ عَنْ عِلْمٍ فَكَتَمَهُ أَلْجَمَهُ اللهُ بِلِجَامٍ مِنْ نَارٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир илмдан сўралсаю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. – Ҳужжатни эътибор билан тинглаб, қабул қилиш. Бунда хусуматчидан бўлса ҳам ҳаққа бўйин эгиш, хатони тан олмасликдан четда бўлиш талаб этилади. – Илмни уни талаб қилувчининг фаҳмлаш қобилиятига қараб бериш. Устозларнинг таълим беришда ақли етмаган нарсадан инсоннинг четлаб ўтишини ҳисобга олишлари, паст даражадан бошлаб аста юқорилаб боришлари даркор. – Ичи ва ташини гўзал бўлишини таъминлаш. Зотан ҳақиқий илм соҳиби ичи бошқа, таши бошқа бўлмайди. – Яхши билмаган, ўзлаштирмаган ва охирига етмаган масалаларда ўзича ҳукм чиқармаслик. Бунда билмаган нарсаларини биладиганларга ҳавола қилиш, билмаганини «билмадим» дейишдан тортинмаслик мақбулроқ. – Талабаларга берган илмини миннат қилмаслик. Зотан, бундай қилиш амални ҳабата қилади. Талабаларини ўз мартабасининг кўтарилишига сабабчи бўлган шахслар сифатида кўришга интилмаслик лозим. – Муаллимнинг одобларидан бири ўзи мутахассис бўлган илмдан бошқа илмларни қораламасликдир. Ҳақиқий олим талабаларни барча фойдали илмларга тарғиб қилади. Ҳамма дарсларни бирдек ўзлаштиришга чорлайди. – Муаллим ўз талабасини қўлига топширилган омонат дея билиши зарур. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир талаба ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонатдир. Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларда масъулдир. – Муаллим талабаларига гўзал инсоний сифатларда, одоб-ахлоқда, илм-маърифатда, муомалада, ҳаётнинг барча соҳаларида жонли намуна бўлиши лозим. Таълим берувчи устоз риоя қилиши лозим бўлган одобларнинг асосий қисми мана шулардир.

Топ рейтинг www.uz Openstat