Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръон ўқиш одоблари

11:58 / 09.04.2014 | Abrorhon | 1281
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Бизга Қуръон ўқишдаги одоблар ва хотирани яхшиловчи амалларни айтиб берсангиз, илтимос.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- ҚУРЪОН ЎҚИШНИ ҚАНДАЙ ЎРГАНАМИЗ? Қуръон ўқишни ўрганиш учун маълум меъёрларга риоя қилиш, энг аввал илм олиш учун зарур бўлган воситаларни ҳозирлаш лозим. Шу билан бирга, илм олиш одобларига амал қилиш, ўрганиш ва ёд олишни осонлаштирувчи омилларни ишга солиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида биз ана шу мавзуларда сўз юритамиз. А) Илм олиш учун зарур бўлган воситалар Ҳар бир илм толиби илм таҳсили учун зарур бўлган шароит ва имкониятларни ҳам ҳозирлашга ҳаракат қилмоғи айни муддаодир. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ илм ҳосил қилиш учун зарур бўлган воситаларни ўзларининг бир шеърларида қуйидагича баён қилганлар: Азизим, илмга етолмассан ҳеч, Олти нарса бўлмаса, мен қилай баён. Заковат, иштиёқ, тиришмоқ, маблағ, Устоз суҳбатию ҳам узоқ замон. Демак, илм олишни истаган киши зоҳирий воситаларни ҳам ишга солиши лозим. Уламоларнинг таъкидлашларича, уларнинг асосийлари қуйидагилар экан: 1. Заковат. Бу ҳислат ҳар кимда ҳар хил бўлиб, у кишининг фаолиятига қараб ривожланиши ёки аксинча, сусайиши ҳам мумкин. Айрим мутахассислар қорни очганини, иссиқ-совуқни билган кишида заковат бор, у илм олиши, қори бўлиши, олим бўлиши мумкин, дейишади. 2. Иштиёқ. Инсон нимага қизиқса, шунга нисбатан қобилияти ва имконияти ортиб боради. Аммо қизиқмаган нарсасига нисбатан эса бунинг акси бўлади. Мўмин киши ўзининг ушбу ҳиссиётини ҳам ақл билан бошқара билиши лозим. Агар инсон илмга муҳаббат қилиб, унинг файзидан баҳра олиб қолса ва унга ҳақиқий иштиёқманд бўлса, унинг учун бошқа барча воситалар ҳам ўз-ўзидан муҳайё бўла бошлайди. 3. Тиришқоқлик. Толиби илмда ҳар қанча қобилият ва имкониятлар кенг бўлмасин, агар унда илм таҳсилида етарли тиришқоқлик бўлмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Мисол учун, бир кишининг илмга иштиёқи, муҳаббати бор, аммо етарли даражада ҳаракати йўқ, унда тиришқоқлик етишмайди, дангасалик қилади. Бу ҳолда унинг иштиёқи оддий бир ҳиссиёт бўйича қолаверади. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг катта шогирдларидан бири – аввал бошда қобилиятсизлиги билан ажралиб турган, кейинчалик Имомнинг ўринбосари бўлиб, мужтаҳидлик мартабасига эришган, Аббосийлар халифалиги даврида қозибошилик қилган имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳга «Тиришқоқлик сени эсипастликдан олиб чиқиб кетди», деган эканлар. 4. Маблағ. Илм олувчи кишининг турар жой, кийим-кечак, озиқ-овқат, илм олиши учун зарур бўлган маблағ каби ўзига яраша молиявий эҳтиёжлари ҳам қондирилган бўлиши зарур. Бошпанасиз, қорни оч, китоб сотиб олиш учун пули йўқ кишининг таҳсил олиши ниҳоятда мушкулдир. 5. Устоз ёрдами. Ҳар бир илмнинг ўз устаси бўлади. Устоз гўё тоғ йўлларининг харитасига эга бўлган, уларни бир неча маротаба ўзи босиб ўтган, бу борада керакли тажриба ҳосил қилган киши ҳисобланади. Бинобарин, тоғ чўққисига чиқишнинг энг осон, бехатар йўли мазкур харита эгасининг этагини маҳкам ушлашдир. Айниқса Исломий илмларни, хусусан, Қуръон илмини устозсиз эгаллашнинг иложи йўқ. Устоз қидирганда ҳам, илм ва тақво соҳиби бўлган устоз топишга ҳаракат қилиш лозим. 6. Узоқ замон. Ҳа, албатта, илм толибида барча имкониятлар мужассам бўлгандан сўнг маълум вақт уларни илм йўлида сарф қилиши ҳам керак. Бўлмаса топган имкониятларининг ҳеч қандай аҳамияти бўлмайди. Шунингдек, ҳеч қайси илмни қисқа муддат ичида эгаллаб бўлмайди, ҳар қандай илмни мукаммал ўрганиш учун етарли муддат талаб қилинади. Шу боис, илм талабида бўлган киши қисқа муддат белгилаб, шошқалоқлик қилмаслиги лозим, балки сабр-бардош билан оз-оздан бўлса ҳам, бардавом бўлиши даркор. Б) Қуръон ўрганиш одоблари Ҳар бир илмни ўрганишда унинг қоидаларига, одобларига амал қилинса, ҳаракатлар гўзал, тўла манфаатли ва яхши натижали бўлиши барчага маълум. Шу боис энди Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари ҳақида сўз юритамиз. Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари асосан қуйидагилар: – Ниятни холис қилиш, яъни фақат Аллоҳнинг розилигини қасд қилиш. Мол-дунё, обрў-эътибор, мақтов, олқишлар каби дунёвий ғаразларни кўзламаслик, қалбда уларга ўрин бермасликка ҳаракат қилиш. Бунинг учун вақти-вақти билан ниятни янгилаб турилса ҳам яхши бўлади. – Таҳоратсиз дарсга ўтирмаслик, ҳар сафар дарс бошлашда баданнинг, кийим-бош ва маконнинг поклигига эътибор бериш. – Дарсга киришишдан аввал ақлни машғул қилувчи турли омиллардан зеҳнни ҳоли қилиш. – Ҳар гал дарсга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир. – Бу ўринда оддий матнни эмас, балки буюк илоҳий Китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадийм каломи бўлмиш Қуръони Каримни, илоҳий ваҳийни ўқишни ўрганаётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш. – Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш. – Қиблага юзланиб, тавозуъ билан, иложи бўлса, чўкка тушиб ўтириб ўқиш. Ёнбошлаб, оёқ узатиб ёки мутакаббирона ўтирмаслик. – Шошилмаслик. Дарсларни ўзлаштиришда, тайёрлашда вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик. – Машғулотни иштиёқ ва ғайрат билан бажариш, дарсни яхши ўзлаштириб бориш, бунинг учун бор имкониятларни ишга солиш. Зеро, ибодатда сусткашлик қилиш ҳақиқий мўмин кишига муносиб эмас. – Соғлигига зарар етадиган даражада кўп ўқимаслик, жисмига, зеҳнига дам бериб туриш. – Чиройли овози, яхши ўқиши билан ғурурланиб, ўзига баҳо беришдан сақланиш. Доимо олдинга интилиш, камчиликларини тўғрилаш пайида бўлиш. – Қуръон товушларини, қироат қоидаларини ҳарчанд уриниб ҳам тўлиқ ўзлаштира олмайдиган кишилар, айниқса катта ёшдаги ўрганувчилар бу ўринда ноумид бўлмасликлари лозим. Улар барча имкониятларни тўла ишга солиб, тиловатни иложи борича тўғри адо этсалар бас, ўз вазифаларини бажарган ҳисобланадилар. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг олдида имкониятларидан сўралади. У Зот кишиларни тоқат ва имкониятларидан ташқари нарсага буюрмайди. – Маълум илмнинг вожиб бўлган қисмини эгаллагандан сўнг нафл қисмини ўзлаштиришда бошқа зарурий, вожиб ишларини ундан олдинга қўйиш ҳам илм олиш тартибларидан ҳисобланади. В) Илм олиш сирлари Илм олмоқчи бўлган кишига қуйидагилар тавсия этилади: – Гуноҳ ва маъсиятлардан, номаъқул ахлоқлардан қочиш. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Мен кишининг билган илмини унутишини қилган ёмон амали сабабли деб ҳисоблайман», деган эканлар. Али ибн Хашрам айтади: «Вакиъ ибн Жарроҳга: «Мен зеҳни ўта паст кишиман, умуман ёдлаш қобилиятим йўқ. Зеҳнни оширишга бирорта дори бўлса, ўргатсангиз», дедим. У менга: «Эй ўғилчам, Аллоҳга қасамки, мен ўз тажрибамда гуноҳларни тарк этишдек зеҳнга оширадиган дорини кўрмадим», деди». Имом Шофеъий ҳам ушбу маънода шеър битганлар: Зеҳнимдан шикоят айладим Вакиъга, Деди: «Тарк эт гуноҳни бўлса ҳам майда. Чунки илм бир нурдир, шубҳасиз, айт-чи, Аллоҳнинг нури бўлур осийга қайда?! – Ихлос ва муҳаббат билан қуролланиш. Зеро, ниятнинг холис бўлиши, Аллоҳга муҳаббат билан юзланиш амалнинг баракали ва натижали бўлишининг асосий калити ҳисобланади. Бу борада устознинг ўрни каттадир. – Астойдил қасд қилиш. Инсоннинг барча қувватлари унинг қасдига кўра ҳаракатга тушади. – Ўрганишга, ёд олишга бўлган ишонч. Инсон қалбида ўзига нисбатан ишонч бўлмаса, ҳеч бир ишга қувват топа олмайди. – Ёшликни ғанимат билиш. Инсон умри давомида фақат улғайиб, кексайиб боради. Шу боис ёши нечада бўлишидан қатъи назар, вақтни ғанимат билиш лозим. Хусусан, болалик ва ўсмирлик даврини беҳуда ўтказмаслик керак. Имом Дайламий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кичик боланинг ёд олиши тошдаги нақш кабидир», деганлар. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда «Ким балоғатга етмай туриб Қуръонни ёд олса, гўдаклигидаёқ ҳукм берилганлардан ҳисобланади», дейилган. Аммо кишида ҳиммат баланд бўлиб, қасд ва рағбат мустаҳкам бўлса, ёшнинг катта бўлиши зеҳнга мутлақо зарар қилмайди. – Етук устоз танлаш. Одатда ҳар қандай киши ўз устози олдида масъулият ҳис қилади. Бу нарса ўз навбатида илм ўрганиш давомида сергакликни оширади, фикрнинг жамланишига, дарснинг осон ўзлаштирилишига ёрдам беради. Шунингдек, устоз шогирдга ўз тажрибаси асосида яхши маслаҳатлар беради, қийналган вақтида кўмаклашади, йўл кўрсатади. – Машғулот учун қулай жойни танлаш. Жойнинг ҳавоси тоза, турли нақшу манзаралардан, хаёлни чалғитадиган ранглардан ҳоли бўлиши осон ёд олишнинг асосий омилларидандир. Хонанинг кенг эмас, торроқ бўлгани маъқул. Ибн Жавзий айтади: «Денгиз бўйида, кўкаламзор жойда ёд олмаслик керак». – Муносиб вақт танлаш. Ёдлаш учун энг афзал вақт тонг саҳар ва намоздан кейинги эрталабки соатлар. Чунки бу вақтда қалб турли ташвиш ва ўйлардан ҳоли, жисм тўлалигича дам олган бўлади. Баъзи уламолардан «Илмга қандай етишдингиз?» деб сўралганида улар «Чироқ ва тонгда ўтириш билан» ёки «Сафар ва бедорлик ҳамда эрта тонгда туриш билан», деб жавоб берган эканлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Эй Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бер», деб дуо қилганлар. ‒ Овоз чиқариб ўқиш. Инсон ўқиганидан кўра эшитганини эсида яхши сақлаб қолади. Овоз чиқариб ўқилганида эса дарс икки томонлама зеҳнга қайд бўлади. – Фикрни чалғитадиган нарсаларни бартараф этиш, машғулот давомида хаёлни бир жойга қўйиш. – Тартибли равишда, ҳар куни маълум ҳажмда ва бир хил вақтда ёд олиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматимнинг амалларининг афзали оз бўлса ҳам, бардавом бўлганидир», деганлар. Табибларнинг айтишларича, ёдлашга ҳаракат қилинганида хотира миядан ажралиб чиқувчи махсус суюқлик воситасида ишлар экан. Агар инсон ҳар куни маълум вақтда ёдлаш билан шуғулланадиган бўлса, бир неча кундан сўнг мазкур суюқлик худди ўша вақтда табиий равишда, рефлекс тарзда ажралиб чиқар экан. Натижада ёдлаш қобилияти чарҳланиб, ёд олиш сезиларли даражада осонлашар экан. – Дарс ҳажмини аста-секин, даражама-даража ошириш. Мисол учун, даставвал бир қатордан ёдлаб, шу бир қаторни ўн-ўнбекштада ёдлайдиган бўлганида дарс ҳажмини икки қаторга чиқарилади. Кейин уни ҳам ўша ададда ёдлаш малакасини қўлга киритгач, уч қатордан ёдлашга ўтади. Шу зайлда игирма қатор дарсни ҳам ўн-ўнбештада ёдлайдиган бўлиш мумкин. – Ўқишдан чарчаб, малолланиб қолинганда фикрни бошқа бирор нарса билан чалғитиш. Масалан, ҳикоя, шеър ва шунга ўхшаш хаёлни ёзадиган нарсалар билан мияга дам бериш. – Дарс тайёр бўлгандан сўнг мияга 20 дақиқа дам бериш. Яъни мияни зўриқтирадиган машғулотларга киришмаслик лозим. Масалан,телевизор кўриш, компьютер, телефон ёки бошқа воситаларда турли ўйинларўйнаш шулар жумласидандир. – Аллоҳ таолодан тазарруъ билан ёрдам сўраш, доимо У Зотга дуою илтижода бўлиш. Зеро, Аллоҳ осон қилган нарсани қийинлаштирувчи, қийин қилган нарсани осонлаштирувчи бўлмас. Ҳар қандай нарсани қўлга киритишда моддий воситаларни ишга солиш билан бирга, маънавий омилларни ҳам ўз ўрнида ҳозирлаш лозим. Балки маънавий омиллар моддий воситалардан кўра муқаддам ва натижали ҳисобланади. Бунга воқеъликда ҳам етарли далиллар мавжуд. Хусусан, Қуръони Каримни ёд олишда, илм ҳосил қилишда толиби илмнинг ички олами ана шундай руҳий қувват билан сифатланиши лозиму лобуддир. Жумладан, доимо Парвардигори оламга тўлиқ ишонч билан илтижо қилиб, У зотдан ёрдам сўраш энг муҳим омил бўлишида шубҳа йўқ. Бу борада ҳадиси шарифларда ва мўътабар китобларда келган махсус дуолардан фойдаланилса, янада яхши бўлади. Овоз ёзувидан фойдаланиш Ушбу услуб Қуръон ўқишни ўрганувчилар учун янгилик бўлганлиги боис, ундан қандай фойдаланишни қисқача эслатиб ўтсак. Аввал ўрганиладиган дарс матнини китобдан бир қатор ўқиб оласиз. Кейин эса оғзаки дарсни тинглайсиз. Улардаги таълимот ва мулоҳазаларни яхши фаҳмлаб олганингиздан сўнг машқлар устида шуғулланишга киришасиз. Ишни машғулотни эшитишдан бошлайсиз. Бунда аввал товушнинг ёҳуд калима ёки жумланинг айтилишига эътибор билан қулоқ соласиз, уни яхши англаб олганингиздан сўнг, берилган вақтдан фойдаланиб, сиз ҳам унга эргашган ҳолда галма-гал талаффуз қилишга ўтасиз. Буни ҳам муваффақиятли ўзлаштирганингиздан кейин компьютердаги овоз билан бирга, яъни жўр бўлиб талаффуз этишни машқ қиласиз. Сўнг ўзингиз мустақил равишда мунтазам машқ қилаверасиз ва ниҳоят ўрганганларингизни устоз кўригидан ўтказиб оласиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat