Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қиз танлашдаги муаммо (уйланиш)

22:26 / 04.09.2023 | Shohruh | 742

Ассалому алайкум! Мен бундан 2-3 йил аввалгача 4-5 йил гунох, зино қилиб келдим Аллоҳ кечирсин. Хозирда зинодан тийилганман лекин гунохдан тийилиш кийин бўляпти базида хаёлимда зино қиламан. Бу гунохми? Иккинчи саволим шундаки бир неча қиз билан яқинлик қилинган бўлсаю энди тавба қилинса, уйланиш вақти келганда эса уйланишга 2-3 та қиз бўлсаю лекин тақволироги илмлироғи худди ўзига ўхшаган тавба қилган қиз бўлса у қизга уйланса бўладими? Даюс ёки гунохкор бўлиб қолмайдими? Бири тавба қилган илмли, бири динни билмайдиган очиқ кийинадиган яна бири эса динга кирганига 1 йил бўлгану лекин кўнгилга ёқмаган бўлса қайсига уйланган афзал?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Насуҳ тавба қилган бўлса ўтмишдаги гуноҳининг эътибори йўқ. Келажакда шу иш таниш-билишларингиз ўртасида эсга солинса ўртангизга совуқчилик тушиб қолмаслигига ишончингиз комил бўлса бас. Истихора қилинг ва тақволироғини танланг. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍلِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَرَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар». 
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда. Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши. Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилса, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайди. Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда молдорлик кўпгина ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап. Ҳасаб сўзи обрў-эътибор, шараф, нуфуз деган маъноларни англатади. Ҳасабу насаби яхши келин албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар, яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига фақат келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин. Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига, фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар. Диндор келин ўз бурчи ва масъулиятларини шариат кўрсатмаси бўйича тўлиқ адо этиб яшайди. Диндорлик ҳақиқий бойликдир! Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир! Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир! Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келинни танлашимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat