Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Илоҳий китоблар

13:10 / 07.12.2023 | Asilbek | 189

Ассалому алайкум! Биламизку Қуръонда илоҳий китоблар ҳақида айтилган, шунда биз ҳақийқий китоблар деб тушунимиз керами, ёки Пайғамбар айтган гапларнини инсонлар ёзиб олишган нарсани ўша илоҳий китоб деб тушунимиз керакми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло ўз китобларини инсониятга улардан бўлган пайғамбарлар воситасида етказган. Пайғамбарлар эса Аллоҳнинг китобларини ҳеч қандай ўзгартиришларсиз, башарнинг каломига аралаштирмай, омонатдорлик ила тиловат қилиб берганлар.
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси ўша китобларнинг Аллоҳнинг каломидан иборат эканига ишонмоқдир.
Биз Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига китоблар туширганига умумий иймон келтирамиз. У китобларнинг ҳақиқий сони ва исмларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Қуръони каримда баъзи илоҳий китобларнинг номини айтган.

I. Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари.
Иброҳим алайҳиссаломга туширилган ваҳийлар тўплами «Саҳифалар» дейилган, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган.

II. Забур.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забурни нозил қилган. «Забур» сўзининг луғавий маъноси «мактуб», яъни «ёзилмиш» деганидир.
Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забур номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

III. Таврот.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тавротни нозил қилган. «Таврот» сўзи иброний тилида «таълим» ёки «шариат» деган маъноларни англатади.
Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Таврот номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

IV. Инжил.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжилни нозил қилган. «Инжил» юнонча лафз бўлиб, «башорат» маъносини билдиради.
Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжил номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

V. Қуръон.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. «Қуръон» лафзининг луғавий маъноси «ўқиш» деганидир.
Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган ҳақиқий, бирдан-бир илоҳий китоб Қуръони каримдир. Қуръонни уламоларимиз қуйидагича таърифлайдилар:
«Қуръон Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган, тиловати ибодат ҳисобланадиган, ожиз қолдирувчи каломидир».  Валлоҳу аълам!

“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Топ рейтинг www.uz Openstat