Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жаннат ҳақида

07:41 / 11.12.2015 | Хуршид Мустафаев | 1355

Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Масжид имоми маърузаларидан бирида айтишича, жаннатда меҳнат ва ибодат қилиш бўлмайди. Жаннат фақат роҳатдан иборат бўлар экан. Бу гап қанчалик тўғри? Ушбу ҳақида ҳадислар келганми? Жавобингиз учун раҳмат! 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Жаннатда машаққат деган нарса йўқ. Жаннат аҳли зиммаларига бирор амални бажариш юклатилмайди. Лекин улар ўз ихтиёрлари билан тўхтовсиз Аллоҳнинг зикрида бўладилар, уларнинг зикр қилишлари неъматлардан баҳрамандлашишдан ҳам ман қилмайди. Аллоҳ таоло “Зумар” сураси 74-оятида :
Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсанчидлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!
«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».
Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннатий бўлишларининг асосий боиси Роббларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.
Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келиндилар. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатийларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.
«Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» – дедилар».
Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:
«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» – деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатийларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:
«Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг», – дедилар».
Ҳа, жаннатга унда доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.
Жаннатийлар жаннат эшик оғаларининг бундай илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар:
«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Оҳ! Нақадар юксак одоб бу! Ўзини билиш, Роббини таниш қандай ҳам яхши. Жаннатий бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан, дарҳол Ўз Роббларига – уларга берган ваъдасига амал қилиб, уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!
Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал, Аллоҳнинг ваъдасига биноан, ундан қандай жой олишларини билиб,
«Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар».
Ана, кўрдингизми, бу қандай ҳам яхши! Нақадар гўзал!
«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!»

Яна “Юнус” сураси 10-оятида ҳам марҳамат қилади :
У ердаги дуолари «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этамиз»дир. У ердаги сўрашишлари «Салом»дир. Охирги дуолари эса «Ҳамд Оламларнинг Робби Аллоҳгадир» демоқдир.
Иймон ўз соҳибини яхшиликларга бошлаши зарур. Соҳибини яхшиликларга бошлаган иймонгина иймон ҳисобланади. Бошқаси иймон эмас. Иймонга келиб, яхши амаллар қилганларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи доимо ҳидоятга йўллаб туради.
«Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Робблари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир».
Улар ана ўша ҳидоят, иймон ва яхшиликлари туфайли жаннатга кирадилар.
«Наъим жаннатларидалар, остларидан анҳорлар оқиб турадир».
Ҳол-аҳволлари яхши бўлганидан, оғизларидан ҳам доимо яхши дуолар чиқади. Уларнинг дуоси чақириғи ўзларини шу даражага етказган Роббларини поклаб ёд этишдир:
«У ердаги дуолари «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этамиз»дир».
Ундай саодатманд бандаларнинг жаннатдаги бир-бирлари билан сўрашишлари ҳам ўзига хосдир:
«У ердаги сўрашишлари «Салом»дир».
Иймон келтирганлари ва амали солиҳ қилганлари учун Роббларининг ҳидоятига ва жаннати наъимга сазовор бўлган саодатманд бандаларнинг
«Охирги дуолари эса «Ҳамд Оламларнинг Робби Аллоҳгадир» демоқдир».("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : Жаннат аҳли жаннатда ейдилар, ичадилар, лекин улардан нажосат ҳам, буриндан чиқадиган ҳам, бавл ҳам чиқмайди. Уларнинг таоми мушки анбарнинг кекириш каби чиқади. Уларга нафас олишни илҳом қилинганидек тасбеҳ, ҳамд айтишларини ҳам илҳом қилинади" дедилар. Муслим ривояти. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat