Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозхонлар хақида

12:46 / 14.12.2015 | Sherzod112 | 9061

Ассалому алайкум! Жаҳаннамда учта водий бор :
1. Ғой водийси: Унга намозни қазо қилишга одатланиб, ҳаммасини кечқурун бир қилиб ўқувчилар тушади.
2. Вайл водийси: Унга намозларни кечиктирувчилар тушади.
3. Сақор водийси: Унга намозни тарк қилувчилар тушади.
2-ҳадисда “номозларни кечиктирувчилар” дейилган? Бунда қандай намозхонлар назарда тутилмокда?
 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Марям” сурасида марҳамат қилади : 

 فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا ۝ 

59. Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар.
Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда, йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар. Намозни зое қилиш, уни ўқимаслик энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олса ҳам бўлади. Намозни тарк этган одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарларнинг намозни зое қилганлари зикр этилгандан кейин шаҳватларга эргашганлари баён этилмоқда. Яъни улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлиб қоладилар. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айшу ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юраверадилар.
«Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар».
Намозни зое қилгач, шаҳватга эргашади. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса ҳалокат етади. Лекин, барибир Аллоҳ таоло меҳрибон, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очди:

 إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا۝ 

60. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар.
Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юрганлардан ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди. Балки
«...ана ўшалар жаннатга кирурлар...»
Ноил бўлган иймонлари ва адо этган яхши амаллари эвазига жаннатга дохил бўлурлар.

Ва “Мааъуун” сурасида ҳам : 

 فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ ۝  الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ ۝

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди.

Ва яна “Муддасир” сурасида ҳам :
42. «Сизларни оловга нима киритди?» (деб).
Гуноҳкорлар арз-дод қилишга муштоқ бўлиб турганлари учун батафсил жавоб бера бошлайдилар:

قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ۝

43. Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик.
Бу ояти каримада дўзахийларнинг ўзлари дўзахга тушишларига сабаб бўлган асосий нарсани зикр қилмоқдалар. Аслида, бош сабаб иймонсизлик, лекин Улар:
«Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик», – дейишмоқда. Демак, намоз билан иймон ажралмас нарсалар экан. Бу оятда мусулмон кишининг ҳаётида намознинг аҳамияти нақадар улкан экани яна бир бор таъкидланмоқда.

  وَلَمْ نَكُ نُطْعِمُ الْمِسْكِينَ۝ 

44. Ва мискинларга таом бермаган эдик.
Бу сифат ҳам иймонсизликнинг аломатларидандир. Мискинларга таом бериш иймондан бўлиб, ўз соҳибини Аллоҳнинг азобидан сақлайди. Табиийки, таомга кийим-кечак ва уй-жой ҳам қўшилади. Мискинларга таом бермаслик инсонларни барча разилликларга ҳам борадиган қилиб қўяди. Шу билан бирга, мискинларни жамиятга, қорни тўқларга қарши ҳам қилиб қўяди.
Шунинг учун ҳам мискинларнинг фаровон турмуш кечиришларига ҳисса қўшмаган одам дўзахийликка сазовор, гуноҳкор ҳисобланади. 

 وَكُنَّا نَخُوضُ مَعَ الْخَائِضِينَ۝

45. Ва ботилга шўнғувчилар билан бирга шўнғир эдик.
Яъни ақийда, дин, эътиқод ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларда ботил сўзларни кўп гапирар эдик, ёлғонни кўз юммай, сўзлар эдик.

 وَكُنَّا نُكَذِّبُ بِيَوْمِ الدِّينِ ۝  حَتَّى أَتَانَا الْيَقِينُ ۝ 

46. Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарар эдик…
47. токи бизга ўлим келгунича», – дерлар.
Инсонларнинг ана шундай тоифаларининг дунёга келиши барча балоларнинг бошидир. Чунки қиёмат кунига ишонмайдиган киши олдида ҳамма мезон бузилади. Зеро, унинг фикрий ўлчови бузуқдир. У инсонларга улуғ неъмат қилиб берилган ҳаётни «беш кунлик умр» деб чегаралайди. Барча нарсани ушбу тор доирада ўлчайдиган бўлиб қолади. Шу сабабли бундай тоифадаги инсонлар кўпайган жамиятда ҳамма нарса расво бўлади.
Гуноҳкорлар ўзларининг дўзахга киришларига сабаб бўлган мазкур ишларни ўлгунларича қилаверганларини ўзлари эътироф қилмоқдалар. То ўлим келгунича қилганини қилиб юрган бўлса, ўлим келиб, ҳақиқат юзага чиқса, ул гуноҳкорларнинг ҳоли нима бўлади?

 فَمَا تَنفَعُهُمْ شَفَاعَةُ الشَّافِعِينَ ۝ 

48. Бас, уларга шафоатчиларнинг шафоати манфаат бермайдир.
 ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat