Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бир оят тафсири

18:52 / 29.10.2015 | Bekmurodov I.A | 15407

Ассалому алайкум! Қуръони Каримнинг "Нур" сураси 2-оятида : Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар (бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар! И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ ёки тул ва бева (яъни оиласиз) зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир. " Савол: Оятнинг " Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир" деган қисмини ҳозирда ҳам қўлласа бўладими? ёки бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлганми? Илтимос шу оятни жудаям тўлиқ изоҳлаб берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِّنْهُمَا مِئَةَ جَلْدَةٍ وَلَا تَأْخُذْكُم بِهِمَا رَأْفَةٌ فِي دِينِ اللَّهِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَلْيَشْهَدْ عَذَابَهُمَا طَائِفَةٌ مِّنَ الْمُؤْمِنِينَ۝ 

2. Зинокор аёл ва зинокор эркак – икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар. Ушбу оятда зикр қилинган юз дарра уриш жазоси оила қурмаганлар учун тайин этилгандир. Яъни никоҳда бўлмай, эр-хотинлик ҳаётини таниб олмаган кишилар зино қилсалар, ушбу оятнинг ҳукмига биноан, уларга юз даррадан урилади. «Зино» шариатда қуйидагича таърифланади: «Зино эркак кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир». Худди шу маънода зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разилат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятларгина четга чиққанлар. Чунки соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Зеро, инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёл ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олиймақомликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаганлар. Шу билан бирга, айрим халқлар, динлар, қонунлар зино жазога лойиқми, йўқми, деган масалада ихтилоф қилганлар. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, «жазога лойиқ иш» деб баҳолаб келганлар. Табиати бузуқ, маънавий покликдан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса зинони иккига бўлишади. Биринчиси: оддий зино, яъни эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган. Жуда борса, жарима солиш билан чекланганлар. Иккинчиси: эри бор хотин билан жинсий алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони «турмуш ўртоғига хиёнат қилиш» деб аташади. «Хиёнат» қилганларга турли жазолар тайин ҳам этилган. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотиннинг бурнини кесишган. Ҳиндлар зинокор аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб туриб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунлари бўйича, қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара этилган, кейинроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган ва ҳоказо. Яҳудийларда зинокор ўлимга ҳукм этилган. Масиҳийларда эса «оддий» зинога жазо йўқ. Яъни оилали бўлмаган одам зино қилса, жазо берилмаган. Аммо оилали киши зино қилса, турмуш ўртоғига хиёнат қилгани учун жазоланган. Агар зинокор эр устидан хотин маҳкамага арз қилса, хоҳласалар, уларни ажратиб қўйишган. Аммо эр маҳкамага арз қилиб, ўзига хиёнат қилган хотинидан ажрашиши ва хотини билан зино қилган эркакдан жарима олиши мумкин. Энг қизиғи шуки, зино хусусида маҳкамага арз қилиб, ажрашган эр ҳам, хотин ҳам кейин янги турмуш қуриши мумкин эмас. Ҳозирги кунда зинога оид барча қонунлар масиҳийликдаги мана шу қоидага асосланган. Зино қораланса ҳам, у жиноят ҳисобланмайди, жазо белгиланмайди. Чунки мантиқсиз фалсафага биноан, икки тарафнинг розилиги билан бўлган зино жиноят ҳисобланмас экан. Фақат зўрлаш, розилигини олмасдан туриб, куч ишлатиб зино қилишгина жиноят ҳисобланар эмиш. Бугунги кунда зино кенг тарқалиб, унинг касофати ҳамма ёқни босиб кетгани ҳам шундан. Исломда эса мазкур қонун-қоидаларнинг акси ўлароқ, зино улкан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, тошбўрон қилиб ўлдирилади. Бу жазолар турмуш ўртоғига хиёнат қилгани ёки бировнинг номусини поймол этгани учун эмас, балки ҳалол йўл билан қондириши мумкин бўлган шаҳватини ҳаром йўл билан қондиргани учун берилади. Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оилада ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бундай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқ. Исломда жиноятлар икки хил – банданинг ҳаққига ёки Худонинг ҳаққига қилинган жиноят, деб эътибор қилинади, лекин зино ҳам банданинг ҳаққига, ҳам Худонинг ҳаққига жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида зинокорларга нисбатан муросасиз бўлишга чорлайди. «Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар». Зинокорларга нисбатан жазони тўлиғича жорий этишга Аллоҳ таоло Ўзига ва қиёмат кунига бўлган иймонни шарт қилиб қўймоқда. Яъни бу, агар Аллоҳга ва охират кунига иймонингиз бўлса, зинокорларга тайин қилинган жазони жорий этасиз ва уларга шафқат қилмайсиз, жазосиз қўймайсиз, деганидир. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, оятда «сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин», дейилмоқда. Мусулмонларга қилинаётган мурожаатда зинокорларга жазо жорий этиш «Аллоҳнинг дини» деб айтилмоқда. Ҳа, Аллоҳнинг дини, баъзи нобакорлар айтганларидек, «ҳар бир кишининг қалбидаги туйғу» эмас. Аксинча, шариат чегарасидан чиққанларни жазога тортиш ҳам худди намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар каби, Аллоҳнинг динидир. Жумладан, зинокорларга шариатда белгиланган жазони ижро этиш – оиласиз зинокорларга юз дарра уриш, оила кўрганларини эса тошбўрон қилиб ўлдириш ҳам Аллоҳнинг динидир. Бу гаплар қандайдир бир банданинг фикри ёки чиқарган фармони эмас, Аллоҳ таолонинг Қуръонда айтган очиқ-ойдин амридир. «…уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар». Чунки бу ҳол бошқаларга ҳам ибрат бўлади. Агар зинокорга дарра урилса, унинг ўзи ҳам, жазолашга гувоҳ бўлганлар ҳам ибрат олиб, бу ишга асло яқин келмайдилар. Агар зинокор тошбўрон қилинса, гувоҳлар ибрат оладилар, бошқаларга айтиб берадилар ва эшитганлар ҳам ибрат оладилар. Шу билан бирга, зинокорларни жазолаш халқ тафтиши остида бўлади. Йўқса, ҳукмдорлар «Қамоқхона ичида дарра урдик ёки тошбўрон қилдик», деб ёлғон ахборот бериб, айбдорларни жазоламай қўйишлари ҳам мумкин. Ислом душманлари бу ҳукмларни ўта шафқатсиз, инсонни ва унинг ҳурриятини хорловчи чоралар, деб баҳолайдилар ва туҳмат тошларини отадилар. Аввало, уларнинг ўзлари зинога берилган, шаҳватини ҳамма нарсадан устун қўядиган одамлардир. Қолаверса, улар ҳамма нарсани ўз қаричлари билан ўлчайдилар. Исломнинг зинога бўлган муносабатини фақат тошбўрондан иборат деб тасаввур қиладилар. Лекин Ислом мусулмон жамиятида зино содир бўлмаслиги учун барча чораларни кўргани, шаҳватни ҳалол йўл билан қондиришнинг ҳамма йўлларини осонлаштириб қўйгани, зинокорга нисбатан жазони қандай ҳолатларда жорий қилиши каби кўплаб масалалар ҳақида умуман, ҳеч нарса билмайдилар. Ислом душманлари ўз шароитлари ва тошбўронни кўз олдиларига келтирадилар, холос. Уларнинг орасидан зино қилмаган одамни топиш қийин. Шунинг учун ҳам улар, агар Ислом жорий қилинса, ҳамма тошбўрон остида ўлиб кетиши керак, деб ўйлайдилар. Лекин аслида шундайми? Йўқ, Ислом инсон ҳурриятини поймол қилмайди. Аксинча, қадрлайди. Шунингдек, бузғунчиликни «ҳуррият» деб эмас, ўз номи билан «бузғунчилик» деб атайди. Зино барча халқлар, динлар, тузумларда бузғунчилик сифатида баҳоланиши олдин ҳам айтиб ўтилди. Қадимдан ҳамма бузғунчилик деб келаётган ишни ҳуррият деб аташ мумкинми?! Инсон шахсига, соғлиғига, ахлоқ-одобига, оиласига, наслига, жамиятига битмас-туганмас зарар келтирадиган нарсани ҳуррият деб атаб бўладими?! Ислом зинога қарши муросасиз чораларни кўриб қўйган. Бунда, энг аввало, инсонларни ёшликдан Аллоҳдан қўрқиш, қиёмат кунининг масъулиятини ҳис этиш, ҳалол-пок яшаш руҳида тарбиялайди. Қолаверса, зино ҳаром иш, катта жиноят эканига урғу бериб, ҳар бир одам фарзандини ундан узоқда бўлишга даъват қилади. Ислом эркак ва аёлларни шаҳватларини қондиришнинг ҳалол йўли бўлган никоҳга қаттиқ тарғиб қилади ва унинг рўбарўсидаги ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлайди, осонлик билан никоҳли бўлиш йўлларини тайёрлайди. Ҳаттоки қул ва чўриларнинг ҳам никоҳсиз юрмасликларига алоҳида эътибор беради. Шу билан бирга, Ислом зинога олиб борадиган барча йўлларни беркитади. Мисол учун, аёлларни очиқ-сочиқ ҳолда юриб, жамоли ва қомати билан эркакларнинг шаҳватини қўзғатмасликка буюради. Номаҳрам эркак ва аёлларнинг аралаш-қуралаш бўлиб юришларини ман қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар бир номаҳрам эркак ва хотин ёлғиз қолсалар, учинчилари шайтон бўлади», – деганлар. Яъни шайтон уларни йўлдан уриб, зинога бошлаши мумкин. Шунингдек, Исломда эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам номаҳрамларга шаҳват назари ила қарашлари ҳаром қилинган. Бинобарин, фаҳш гап-сўзлар, ҳикоялар ва қиссалар ҳам ман этилгандир. Шунча омилларни босиб ўтиб, яна зинога юришни ўзига эп кўрган инсоннинг инсонлиги қоладими? Унинг боридан йўғи яхши эмасми?! Бундай одамлар инсоният танасига тушган қорасон хасталигига ўхшайди. Улар аста-секин танани ҳалокатга олиб боришлари аниқ-ку! Бутун танани ҳалок қилгандан кўра, қорасон касали теккан аъзонинг ўзини кесиб ташлаган маъқул эмасми? Албатта, ана шундай қилган маъқулдир. Ислом дини келган вақтда жоҳилият жамиятида зино кенг тарқалган эди. Унинг турли кўринишлари бор эди. Ҳаттоки бузуқ аёллар уйларига байроқ тикиб қўйиб, зинокорларни жалб қилишгача бориб етган эдилар. Ислом бошқа иллатлар каби, бу иллатни ҳам аста-секинлик билан муолажа қилди. Аввал зинонинг ёмон амал экани тушунтирилди. Кейин «Нисо» сурасидаги «Аёлларингиздан фаҳш иш (зино) қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг. Агар гувоҳлик берсалар, уларни то ўлим етгунича ёки Аллоҳ улар учун бир йўл қилгунича уйларида тутиб туринг» деган 15-оятга биноан, аёлларни уйга қамаб қўйиш жорий қилинди. Эркакларга нисбатан эса ушбу сурадаги «Сизлардан ўша(фаҳш иш)ни қилган икки эркакка озор беринглар» деган 16-оятга биноан таъзир бериладиган бўлди. Ниҳоят, олтинчи ҳижрий санада биз ўрганаётган ушбу оятлар нозил бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига қўйилди. Аввал айтиб ўтилганидек, бу оятда белгиланган жазолар тўлақонли, тўғри никоҳда бўлмаганлар учун қўлланилади. Шариатда бундай жазолар «ҳадд» дейилади. Оила қурган, никоҳда бўлган эркак ва аёллар араб тилида «муҳсан» деб аталади, улардан зино қилганларни тошбўрон қилиш жазоси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина ҳадисларида никоҳда бўлиб, оилавий турмуш қурган кишилар томонидан зино собит бўлса, уларни тошбўрон қилишга ҳукм чиқарганлари, ҳукмнинг ижросида ўзлари ҳам иштирок этганлари айтиб ўтилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобалар ва мусулмонларнинг барча авлодлари бу ҳукмга оғишмай амал қилиб келганлар. Бу ҳақдаги ҳадислар ва қиссалар ўрни билан зикр қилинади. Энди фиқҳ олимларимиз шаръий қонун бўйича зинони қандай тушунтиришларини ўрганайлик. Ҳанафий мазҳаби олимлари зинони қуйидагича таърифлайдилар: «Бир эр киши аёл кишини шаръий ақдсиз, эгалик ҳаққисиз ва бу икки нарсанинг шубҳаси бўлмай туриб, олд томонидан яқинлик қилиши зинодир». Бу таърифга биноан, орқа томондан яқинлашса, зино бўлмайди. У ишни қилган одамга жазо берилади-ю, аммо тошбўронга тутилмайди. Шунингдек, шаръий ақд – никоҳнинг шубҳаси билан, мисол учун, нотўғри никоҳ ила яқинлик қилса ҳам, тошбўрондан бошқа жазога тортилади. «Эгалик ҳуқуқи» эса эски вақтлардаги чўри тутишга тегишли. Хожанинг ўз чўрисидан хотин ўрнида фойдаланишга ҳаққи бор. Аммо эгалик ҳаққи шубҳаси билан, яъни кимдир ўғлининг чўрисини ўзиники деб ўйлаб, яқинлик қилган бўлса, нотўғри ҳисобланади, лекин шубҳа борлиги учун тошбўрон қилинмайди. Шаръий қонунга биноан, юз дарра уриш ёки тошбўрон қилиш жазоси кимларга нисбатан қўлланилади? Бир одамнинг бегона аёл билан турганини, ўтирганини ёки ётганини эшитибоқ, олиб бориб, уларга дарра урилаверадими ёки уларни тошбўрон қилинадими? Йўқ, албатта. Шаръий жиҳатдан зино жинояти собит бўлиши учун бир қанча шартлар бор. Жумладан, жиноят қилганликда айбланаётган шахсда маълум бир сифатлар кўрилиши ҳам керак. Мусулмон, балоғатга етган, ақлли ва ҳур кишилар зино қилсаларгина, жазога тортиладилар. Мусулмон бўлмаганларнинг исломий жазога тортилиши Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида мумкин эмас. Шунингдек, балоғатга етмаганлар ҳам, ақли йўқ, жинни кишилар ҳам, ҳур бўлмаган қул кишилар ҳам жазоланмайдилар. Булар дарра уриш ҳақидаги шартлар. Тошбўрон қилиш учун эса юқоридаги шартлардан ташқари, зинокор одам тўғри никоҳ ила уйланган ва эр-хотин сифатида ҳаёт кечирган бўлиши керак. Никоҳ ўқитган-у, бирга яшамай, ажрашиб кетган бўлса ҳам, тошбўрон қилинмайди. Демак, ҳаром йўл билан содир этилган жинсий яқинлик шаръий-қонуний таърифга тўғри келгандагина, зино ҳисобланиб, уни содир этган шахс уйланмаган бўлса, юз дарра уриш, уйланган бўлса, тошбўрон жазосига тортилади. Шу ўринда «Жинсий жиноят қилган-у, аммо таърифга мос келмайдиган бўлса, нима қилинади?» деган савол туғилади. Бундай ҳолатларда таъзир берилади. Яъни ҳар бир замоннинг мусулмон ҳокими шароитга, мавжуд ҳолатга қараб, таъзирли жазо белгилайди. Агар дарра уриш билан таъзир бермоқчи бўлса, ўн даррадан оз бўлиши керак. Чунки имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн даррадан кўп урилмайди. Аллоҳнинг ҳадди (белгилаган жазоси) бўлсагина, мустасно», – деганлар. Таъзир банда томонидан белгиланадиган жазо бўлгани учун ўн даррадан ошмаслиги керак. Шунингдек, зинога белгиланган жазо бу жиноятни ихтиёрий равишда содир этган шахсга нисбатан қўлланилади. Зўрланган аёлга жазо берилмайди. Исломда, умуман, мажбур қилиш орқали содир этилган жиноятлар узрли ҳисобланади. Имом Термизий Воил ибн Ҳужрдан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир аёл намозга келаётганида, бир эркак йўлини тўсиб, уни зўрлади. Хотин дод солди. Эркак қочиб кетди. Бир гуруҳ муҳожирлар етиб келишган эди, аёл «Анави одам мени ундай қилди, бундай қилди», – деб айтиб берди. Эркакни тутиб, келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: «Сен кетавер, Аллоҳ сени мағфират қилди», – дедилар. Уни зўрлаган эркакни эса тошбўрон қилишга буюрдилар». Бошқа жазо чоралари қатори, зинокорларни жазолаш ҳам Ислом давлати томонидан жорий қилинади. Бунинг учун эса зино жинояти юқорида зикр этилган шартларни мужассам қилган шахслар томонидан собит бўлиши керак. Зино эса зинокорнинг иқрор бўлиши ёки тўртта мусулмон одил эркак шахсларнинг гувоҳлик бериши билан собит бўлади. Зинокорнинг иқрори – зино қилганини очиқ-ойдин ибора билан айтмоғидир. Яна у ўзига ҳаром бўлган аёл билан билиб туриб жинсий алоқа қилганини эътироф этиши керак. Унга биров таъсир ўтказмаган, мажбур қилмаган, ақлу ҳуши жойида бўлиши керак. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа баъзи уламолар «Зинокорнинг иқрори тўрт марта бўлиши керак», – дейдилар. Зинокор олдин иқрор бўлиб туриб, кейин иқроридан қайтса ҳам, унга жазо қўлланилмайди. Бу масалада энг машҳур ҳодиса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлиб ўтган Моъиз ибн Молик Асламий ҳодисасидир. Бу ҳодиса барча ҳадис, тафсир ва тарих китобларимизда келтирилган. Ҳодисанинг қисқача тафсилоти қуйидагича: «Моъиз Асламий Ҳуззол ибн Нуъайм исмли кишининг қарамоғидаги етим йигит эди. Ўша жойдаги бир чўри қиз билан зино қилиб қўйди. Ҳуззол уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, қилган ишини ўзи айтиб беришга буюрди. Шояд, бунинг учун истиғфор айтсалар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, Моъиз олдиларига келди ва: – Эй Аллоҳнинг Расули, таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгирдилар ва: – Шўринг қурисин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил, – дедилар. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўбарўларига ўтиб: – Таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим, – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан яна юзларини ўгириб олдилар. У эса яна рўбарўларига ўтиб: – Эй Аллоҳнинг Расули, мени покланг! Мен зино қилдим, – деди. Унга Абу Бакр Сиддиқ: – Агар тўртинчи бор иқрор бўлсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени албатта тошбўрон қиладилар, – деди. Аммо у ўз гапида туриб олди: – Эй Аллоҳнинг Расули, шубҳасиз, мен зино қилдим, мени поклаб қўйинг, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Эҳтимол, ўпгандирсан, қучоқлагандирсан ёки қарагандирсан? – дедилар. У: – Йўқ, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – У билан бирга ётдингми? – деб сўрадилар. У: – Ҳа, – деди. Ул зот: – Унга яқинлик қилдингми? – дедилар. У: – Ҳа, – деб жавоб қайтарди. Ул зот: – Уни ўзингга жамладингми? – деб сўрадилар. У яна: – Ҳа, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат жинсий яқинликка ишлатиладиган иборани қўлладилар. Бошқа ҳеч ерда, ҳеч қачон бу иборани ишлатмаган эдилар. Чунки бировнинг ўлимига ҳукм чиқариш осон эмас эди. У эса ўша саволга ҳам: – Ҳа, – деб жавоб берди. Ул зот: – Сурма чўпи сурмадонга кирганига ўхшаб-а? – дедилар. У: – Ҳа, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: – Зинони биласанми ўзинг? – деб сўрадилар. У: – Ҳа, биламан, мен унга ҳаром алоқа қилдим, эркак ўз хотини билан қилса, ҳалол бўладиган алоқани қилдим, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Никоҳда бўлганмисан? – дедилар. У: – Ҳа, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидаги саҳобалардан: – Бу ўзи жинни эмасми? – деб сўрадилар. Улар унинг мажнун эмаслиги ҳақида хабар бердилар. Сўнгра: – Ароқ ичганинг йўқми? – деб сўрадилар. Шунда бир одам туриб бориб, унинг оғзини ҳидлаб кўрди. Ундан ароқ ҳиди ҳам келмади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуззолга: – Агар буни беркитганингда, ўзингга яхши бўлар эди, – дедилар. Сўнгра тошбўрон қилишга амр этдилар. Мадинанинг ташқарисида тошбўрон қилинди. У тошбўроннинг аламини тотганда бақира бошлади: – Эй қавм, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариб олиб боринглар! Мени қавмим ҳалок қилди, алдашди, мени Расулуллоҳ қатл қилмасликларини айтишган эди! – деди. Лекин одамлар уни то ўлгунича тошбўрон қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг тошбўроннинг аламидан додлаб, ўлимдан қочгани зикр қилинганида, у зот: – Қўйиб юборсангиз, Аллоҳга тавба қилса, тавбаси қабул бўлармиди, – дедилар». Иккинчи қисса «Ғомидийя қиссаси» номи билан машҳур бўлган қиссадир. «Ғомидийя қабиласидан бир аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: – Эй Аллоҳнинг Расули, мени покланг! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Шўринг қурисин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил! – дедилар. У: – Моъиз ибн Моликни қайтарганга ўхшаб, мени ҳам қайтармоқчимисиз?! Зинодан ҳомиладор бўлган аёлни-я? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Сен-а?! – дедилар. У: – Ҳа! – деди. У зинодан ҳомиладор бўлгани учун Моъизга ўхшатиб узоқ саволга тутмадилар-да: – Туққунингча бориб тур, – дедилар. Аёл туққанидан сўнг, боласини кўтариб, яна келди. Яна ўзининг тошбўрон этилишини талаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Боравер, болангни эмиз, сутдан ажратгунингча юриб тур, – дедилар. Боласини сутдан ажратгандан сўнг яна келди. Боласининг қўлига бир бурда нон бериб қўйган эди. У: – Эй Аллоҳнинг Расули, мана, уни сутдан ажратдим. Ўзи овқатланадиган бўлди. Энди мени покланг! – деди. Ул зот болани бошқа бир одамга топширдилар ва аёлни тошбўрон қилишга амр этдилар. Кўкрагигача чуқурга кўмиб, сўнгра тошбўрон қилинди». Бу ҳодисалар кўрсатиб турибдики, ҳақиқий мусулмон киши баъзида ожизлик қилиб, гуноҳ содир этса ҳам, ўзига келганда, гуноҳини ювиш учун ҳар нарсага, ҳатто ўлимга ҳам рози бўлади. Чунки жиноятчига шаръий жазо берилса, гуноҳи ювилади. Ўша ғомидийялик аёл тошбўрон қилинаётганида, қони сачраб, кимгадир тегади ва ўша одам аёлни сўкади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамга: «Уни сўкма, у бир тавба қилдики, агар унинг тавбасини ер юзидаги барча одамларга бўлиб берса, етади», – дедилар. Имом Абу Довуд Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Биз, Расулуллоҳнинг саҳобалари «Агар ғомидийялик аёл билан Моъиз ибн Молик эътирофларидан қайтганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ортидан куткиламас эдилар»,– деб юрардик», – дейилган. Дарҳақиқат, шунга ўхшаш ҳодисалар ҳам бўлган. Имом Муслим, имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули, мен шаҳарнинг четида бир аёл билан бирга бўлдим, у билан жинсий алоқа қилмадим-у, бошқасини қилдим. Мана, мен турибман, нима қилсангиз, майли, – деди. Умар розияллоҳу анҳу унга: – Аллоҳ сени беркитибди, сен ҳам ўзингни беркитганингда эди, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга ҳеч нарса демадилар. У ўрнидан туриб, жўнаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ортидан бир кишини юбордилар. У бориб, ҳалиги одамни чақирди-да, унга «Куннинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир» оятини ўқиб берди. У ердаги одамлардан бири: – Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бу унинг ўзига хосми? – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Йўқ! Барча одамларга, – дедилар». Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади: «Бир одам келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг, – деди. Ул зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги одам ўрнидан туриб: – Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг, – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Биз билан намоз ўқидингми? – дедилар. У: – Ҳа, – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди, – дедилар». Ушбу ҳадисларда зинокор ўзининг жиноятига иқрор бўлганда, ундан «Шеригинг ким эди?» деб сўралмаганига эътибор қилиш керак. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, зино қилганини ўзи эътироф этиб келганида, сўраб-суриштириб, унинг ўзига жазо берилмоқда, аммо «Зинони ким билан қилдинг?» деб сўралгани йўқ. Бу ҳол зинокорни излаб топишга, текширишга амр қилинмаганини кўрсатади. Агар мабодо, зинокор шеригини айтса ҳам, уни дарҳол олиб келиб, жазога тортавермайдилар, балки ундан ҳам сўраб-суриштирилади. Агар иқрор бўлса, жазога тортилади. Иқрор бўлмаса, қўйиб юборилади. Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳодиса шу масалани акс эттирган: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, зино қилганини ва аёлнинг номини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, аёлни чақиртириб келдилар ва ундан эркак айтган иш ҳақида сўрадилар. Аёл инкор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакни жазога тортдилар ва аёлни қўйиб юбордилар». Зино собит бўлишининг иккинчи йўли тўртта одил, ҳур мусулмон эркак кишининг бир жойда, бир хилда гувоҳлик бериши билан бўлади. Гувоҳлар гувоҳлик берганларидан сўнг, уларнинг шахслари текшириб кўрилади. Агар улар одил бўлмасалар, яъни шариат ишларида камчиликка йўл қўйган, ёлғон гапирган, аввалги берган гувоҳлиги ёлғон чиққан бўлса, гувоҳликлари қабул қилинмайди. Шунингдек, гувоҳлар эркак билан аёлнинг ўша ишни қилиб турганларини бирдек аниқ кўрган бўлишлари керак. Зино бўлган жой, вақт ҳақидаги гаплари ҳам бир хил чиқиши лозим. Бўлмаса, зино собит бўлмайди. Шу билан бирга, эри йўқ аёл ҳомиладор бўлиб қолса ҳам, зино қилган деб ҳисобланмайди. Унга дарра урилмайди, тошбўрон ҳам қилинмайди. Модомики, ўзи иқрор бўлмаса ёки гувоҳлик ила исбот қилинмаса, уни зинокор дейишга изн йўқ. Гарчи эрсиз аёлнинг ҳомиладор бўлишининг ўзи кучли далил бўлса ҳам, лекин мингдан бир эҳтимол билан унинг бачадонига нутфа зинодан эмас, бошқа сабабдан тушиб қолганлиги гумони устун қўйилади. Бу хил масалаларда шариатнинг умумий қоидалари шундай. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаддларни (шаръий жазоларни) шубҳали бўлса, қайтаринглар», – деганлар. Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Иложи борича мусулмонлардан ҳаддларни қайтаринглар. Бирор йўли топилса, қўйиб юборинглар. Албатта, имом(ҳоким)нинг адашиб афв қилиши адашиб жазо беришидан кўра яхшироқдир», – деганлар. Ўтган ҳодисаларни ўрганиш жараёнида зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида тасаввур ҳосил бўлди. Кўпчилик бўлиб, эркак кишини ўртача тошлар билан тошбўрон қиладилар, аёл кишини эса аввал кўкрагигача чуқурга кўмиб туриб, сўнгра тошбўрон қиладилар. Энди дарра уришга келсак, аввало, дарра теридан ясалган бўлиши керак. Қолаверса, ўта қаттиқ ҳам, ўта юмшоқ ҳам бўлмаслиги лозим. Урганда алам-оғриқ берсин-у, аммо урилаётган шахснинг аъзосига зарар етказмасин. Зотан, дарра уришдан мақсад уни жазолашдир, ўлдириш ёки майиб қилиш эмас. Шунингдек, дарра тугилган ёки учлари ажратилиб, аламни зиёда қиладиган бўлмаслиги керак. Урувчи одам ўртача зарба бериши лозим. Жуда қаттиқ ҳам эмас, жуда секин ҳам эмас. Шунингдек, бир жойга такрор-такрор урмайди, балки тарқатиб, ёйиб уради. Юзга, аврат жойга ва бошга уриш мумкин эмас. Эркак жиноятчини тик турғизиб, аёлни ўтирғизиб, дарра урилади. Эркак кишининг қалин кийимлари ечилади. Аёл кишининг қалин кийимлари ечилмайди. Дарра жуда иссиқ ёки жуда совуқ пайтда урилмайди. Шунингдек, жиноятчи боғланиб ёки ётқизиб қўйилмайди. Баъзи фуқаҳолар юз даррани йигирма даррадан бўлиб-бўлиб, беш кунда уриш ҳам жоизлигини айтганлар. Ҳазрати Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Эллик даррадан икки кун урса, етарли», – деганлар. Дарра уриш жоҳил, қўпол кишиларга топширилмайди. Балки аҳли илм, шариат ҳукмларини яхши биладиган одамларга топширилади. Агар жиноятчи бемор бўлса, тузалгунича кутиб турилади. Агар у тузалмайдиган касал бўлса ёки ўта қари одам бўлса, юзта гавронни бир боғ қилиб, бир марта урилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида шундай қилинган. Ҳомиладор аёл боласини туққунича, эмизикли аёл эса боласини кўкракдан ажратгунича жазолаш ортга сурилишини юқорида кўриб ўтдик. Агар зино гувоҳлик бериш билан исботланиб, жиноятчи тошбўрон қилинадиган бўлса, биринчи тошни гувоҳлар отадилар. Гувоҳсиз, фақат иқрор билан собит бўлган бўлса, биринчи тошни ҳукм чиқарган қози отади. Шариат бўйича, жиноятчиларни жазолаш шундай. Энди шариат душманлари жиноятчиларни қандай жазолаяптилар, ўзлари биладилар. Тошбўрон қилиб ўлдирилган зинокор барча мусулмонлар каби ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилиб, мусулмонлар қабристонига кўмилади. Юқорида зикр этилган Моъиз ибн Молик ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гап айтганлар, жанозасини ўқиганлар ва: «Моъиз ибн Молик учун истиғфор айтинглар, у бир умматга тақсимланса, етадиган тавба қилди», – деганлар. Ўзининг маҳрамлари билан зино қилган одамни ҳукумат қаттиқ таъқиб қилади. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Бундай кишиларга зинокорнинг жазоси берилади. Агар маҳрамини никоҳлаб олган бўлса, аламли азоб-ла азобланади», – деганлар. Кези келганда, зинодан бошқа жинсий жиноятлар ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз айтайлик. Эркак киши билан эркак кишининг жинсий алоқада бўлиши «ливота» дейилади. Бу иш энг ёмон гуноҳлардан экани Қуръони Каримда бир неча бор такрорланган. Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб борган қавм ушбу амалга ўч бўлган, Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жиноятга қаттиқ қарши турганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амални қилган одам ким бўлишидан қатъи назар, уйланганми-уйланмаганми, иккисини ҳам ўлдиришга буюрганлар. Саҳобаи киромлар эса бу жинояткорларни қандай ўлдириш тўғрисида турли ижтиҳодлар қилганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларни қилич билан чопиб ўлдириб, жасадини куйдириб юборишни айтганлар. Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумо эса: «Эски бинонинг тагига ётқизиб туриб, устидан деворни йиқитиб ўлдириш керак», – деганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Юртидаги энг баланд жойдан бошини ерга қилиб ташлаб, кейин тошбўронга тутиш керак», – деганлар. Мазҳаб имомлари ҳам шунга ўхшаш фикрлар ила ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Ҳанифа: «Ҳар замоннинг ҳокими шароитга қараб, бошқалар ҳам ибрат оладиган қилиб жазолайди», – деганлар. Баччабозликни одат қилган одамни ўлдириш шартлигини ҳам алоҳида таъкидлайдилар. Яна айтиб қўйиш лозим бўлган гаплардан бири шуки, эр киши ўз хотинининг орқасига яқинлик қилиши ҳам ҳаромдир. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аёл кишига ортидан келса, лаънатидир», – деганлар. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайзли аёлга ёки аёл кишининг орқасидан яқинлик қилган ва фолбинга бориб, унга ишонган одам Муҳаммадга нозил этилган нарсага куфр келтирган бўлади», – деганлар. Шунингдек, ҳайвонларга яқинлик қилган одамлар ҳам катта гуноҳкор ва жиноятчи ҳисобланадилар. Баъзи уламолар уларни ҳам зинокор ҳисоблайдилар ва зинонинг жазосига тортилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари «Бу жиноятни қилган одамга ҳоким, қози ёки бошқа масъул кишилар ўзлари билиб, таъзир берадилар», – деганлар.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat