Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Учинчи тоифа одамлари

13:17 / 03.09.2015 | YY | 1040

Ассалому алайкум! “Воқеа” сурасида: 10. (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир. 13. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, 14. кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир.
Юқоридаги оятларнинг изоҳи қандай? Бу ерда қандай одамлар назарда тутилаяпти? Аниқ ва кўпроқ маълумот берсангизлар. Раҳмат.


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бу учинчи тоифага Аллоҳ таолонинг аъло даражадаги бандаларидан набийлар, сиддиқлар ва комил тақводор кишилар кирадилар. Улар дунёда иймонда, яхшиликда, тоат, гуноҳдан сақланишда биринчи бўлганлардир. Улар Аллоҳнинг раҳмати ва фазлига етишишда биринчи бўлганлардир. Уларнинг даражалари жаннатда ва унинг неъматларида мартабалари олий қилинган зотлардир. Одам алайҳиссаломдан токи пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган умматлардан катта бир жамоа, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан кичик бир жамоадирлар. Уларнинг озлиги олдинги ўтган катта жамоатнинг йиғиндисига нисбатандир. Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда : “Аввалгилардан катта бир жамоа ва кейингилардан кичик бир жамоа” ояти нозил бўлганда бу нарса мусулмонларга оғир ботди. Шунда “Аввалгилардан катта бир жамоа ва кейингилардан катта бир жамоа” ояти нозил бўлди. (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
10. ва пешқадамлар, пешқадамлар –
Учинчи тоифа пешқадамлар тоифаси бўлиб, бу дунёда иймонга киришда ва Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлардир. Улар тавбада ва яхшилик ишларида пешқадамлик қилганлардир.
Энди ўша пешқадамларнинг васфлари келади:
11. Улар муқаррабдирлар –
Яъни Аллоҳ таоло ҳузурида юқори мартабага эга бўлган, У Зотга муқарраб – энг яқин бўлган кишилардир.
12. неъматланиш жаннатларидадирлар.
Улар жаннати наъимда, яъни неъматлари кўп жаннатда бўладилар.
13. Аввалгилардан кўпчилик…
Ўша пешқадамлар, жаннатда Аллоҳ таолога яқинлаштирилганлар ичида аввал ўтган мусулмонлар авлодининг вакиллари кўпчиликни ташкил қилади.
14. ва охиргилардан озчилик…
Яъни пешқадамлик даражасига, Аллоҳ таолонинг рўбарўсида туришдек мақомга кейинги авлодлардан озчилик сазовор бўлар экан.
Энди пешқадамларга тайёрлаб қўйилган жаннат неъматлари ҳақида сўз кетади.
15. тўқима сўрилардалар.
Ўша пешқадам тоифадан бўлганлар жаннатда тилладан дур ва ёқутлар аралаштириб тўқилган сўриларда бўлурлар.
16. Уларнинг устида ёнбошлаган, юзма юз ҳолдалар.
Яъни пешқадамлар жаннатда дуру ёқутлардан аралаштириб тўқилган сўриларда бир-бирларига қараб, ёнбошлаб-ястаниб, роҳатланишар экан. Оятда сўрилар «тўқима» дебгина сифатланган бўлса ҳам, ривоятларда уларнинг тилла, дур ва ёқутларнинг аралашмасидан ясалгани айтилади. Бир-бирларига қараб туришлари ҳам юқори даражадаги одоб-ахлоқ ва роҳатдир.
17. Атрофларида мангу ёш йигитлар айланиб юрурлар...
18. оқар чашма майи тўлатилган қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан.
Мангу ёш йигитларнинг хизматда бўлишлари ҳам роҳат устига роҳатдир. Жаннат аҳли юқоридаги оятларда васф қилинганидек ҳолда бўлганларида уларга мангу ёш, ҳеч қаримайдиган йигитлар хизматда бўлар экан. Ўша йигитларнинг вазифаси жаннатийларга оқар чашма майи тўлатилган қадаҳлар, кўзалар ва косаларда жаннат шароби тутиш экан.
Одатда, бу дунёда май ичган кимсалар маст бўлиб, ноқулай ҳолатларга тушадилар, бошлари оғриб, кўнгиллари айнийди ва ҳоказо бошқа ҳолатлар содир бўлади. Жаннатдаги май ичилганда эса мазкур ҳолатлар рўй бермайди. Буни қуйидаги оятдан биламиз.("Тафсири Ҳилол"). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat