Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Нима қилган афзал?

10:00 / 22.09.2015 | Zafarov Murodjon | 3334

Ассаламу алайкум! Бир танишим рак касалига чалинган. Ўзи ҳам касалини билади. Аҳволи оғирлашиб бораяпти. Билишимча намоз ўқимаган, шариат аҳкомларини бажармаганлар қаторида деса ҳам бўлади. Беморни кўришга борсам айрим ношаръий жумлаларни ҳам ишлатиб юборади. Масалан “Қайси гуноҳим учун бундай дард беради” каби. Бундай ҳолларда уни бу йўлдан, сўздан қайтармоқчи бўламан, аммо “оғриқдан бундан ҳам баттарини айтиб юборади” деган ҳаёл бор. Шариат юзасидан бундай беморлар хузурига борганда нима деб уларга таскин бериш мумкин? Уларга “намоз ўқи, тавба қил” каби гапларни айтиш жоизми? Бедаво дард қаршисида турган бундай беморларни кўриш учун борганларга уламоларнинг қандай тавсиялари бор?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бир кишининг оғзидан шариатга зид бўлган сўзлар чиқиб кетиш хавфи бўлса, уни бундай ҳолатга тушишига мажбур қилиш ёки сабабчи бўлиш жоиз эмас. Агар унга панду-насиҳат қилмоқчи бўлсангиз, уни яхши бажарадиган инсонни топиб, олиб борганингиз афзал.

БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБЛАРИ

Беморни кўргани бориш суннатдир. Бемор мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашлари, ҳаққига дуо қилиб кетишларидир. Ислом беморлар ҳолидан хабар олишни муҳим ишга айлантирган. Чунки бу иш бемор учун, шахсий алоқаларни ҳамда жамиятни мустаҳкамлаш учун ғоят зарурдир. Мусулмонлар ана ўша олий мартабага эришиш учун доимо ҳаракат қилиб келишган.

عَنْ ثَوْبَانَ مَوْلَى النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ عَادَ مَرِيضًا لَمْ يَزَلْ فِي خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا خُرْفَةُ الْجَنَّةِ؟ قَالَ: جَنَاهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси нима?» дейилди. «Мевасидир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Беморнинг зиёрати ҳақидаги барча шаръий далилларни пухта ўрганиб чиққан уламоларимиз мазкур ўрганишлар хулосаси ўлароқ, беморнинг зиёрати одобларини тақдим қилишган. Қуйидаги сатрларда мазкур одоблардан баъзиларини келтириб ўтамиз: Беморликнинг хабарини эштиши билан уни кўргани боришга шошилиш керак. Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: «Мажлис қурар эдик. Бир кишини уч кун кўрмай қолсак, ҳолини сўрар эдик. Бемор бўлса, кўргани борар эдик». Бир марта кўргани бориш билан кифояланмай, бир оз ўтганидан кейин такроран бориш ҳам керак. Чунки беморни кўргани бориш, унинг кўнглини кўтариш ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши билан бирга, ўта савобли иш ҳамдир. Беморни кўргани борадиган шахс қуруқ қўл билан бормаслиги керак. Иложи бўлса, беморга қувонч бағишлайдиган нарсалардан олиб боради. Мевалар, гуллар ва шуларга ўхшаш нарсалардан бўлса ҳам яхши. Агар бемор муҳтож бўлса, кўргани борган одамнинг унга хайр-эҳсон қилиши жуда яхши. Бу иш хайр-эҳсон бўлиши билан бирга, беморга сурур бахш этиши ила савоби яна ҳам кўпаяди. Беморнинг бирор таомни истаб турганини билган зиёратчи унга ўша таомни муҳайё қилишга ҳаракат қилади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَادَ رَجُلًا فَقَالَ لَهُ: مَا تَشْتَهِي؟ فَقَالَ: أَشْتَهِي خُبْزَ بُرٍّ، فَقَال النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: مَنْ كَانَ عِنْدَهُ خُبْزُ بُرٍّ فَلْيَبْعَثْ إِلَى أَخِيهِ، ثُمَّ قَال النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِذَا اشْتَهَى مَرِيضُ أَحَدِكُمْ شَيْئًا فَلْيُطْعِمْهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини кўргани бориб: «Иштаҳанг нимани тортади», дедилар. «Буғдой нонини», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда буғдой нони бўлса, уни биродарига юборсин, – дедилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Бирингизнинг беморингиз бир нарсани иштаҳаси тортса, уни ўша билан таомлантирсин», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган. Зиёратчи беморни у истамаган таомни тановул қилишга мажбурламайди.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: لَا تُكْرِهُوا مَرْضَاكُمْ عَلَى الطَّعَامِ، فَإِنَّ اللهَ يُطْعِمُهُمْ وَيَسْقِيهِمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ حَسَنٍ

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беморларингизни таомга мажбур қилма­нгиз. Чунки Аллоҳ уларни едириб, ичириб турур», дедилар». Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган. Тиб уламоларининг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини ўзини-ўзи бошқариб турадиган қилиб яратган экан. Нима истеъмол қилиш керак бўлса, танада ўша нарсага талаб кучаяр, нима керак бўлмаса, талаб сусаяр экан. Шунинг учун беморга ўзи истамаган нарсани мажбурлаб едириш ёки ичириш яхши эмас. Бемор ҳузурида ўтирганда, унга шифо тилаб дуо қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўргани борган беморларнинг ҳаққига дуо қилганлар.

عَنْ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اشتَكَيْتُ بِمَكَّةَ فَجَاءَنِي النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَعُودُنِي، فَوَضَعَ يَدَهُ عَلَى جَبْهَتِي ثُمَّ مَسَحَ يَدَهُ عَلَى وَجْهِي وَبَطْنِي، ثُمَّ قَالَ: اللَّهُمَّ اشْفِ سَعْدًا، وَأَتْمِمْ لَهُ هِجْرَتَهُ، قَالَ: فَمَا زِلْتُ أَجِدُ بَرْدَهُ عَلَى كَبِدِي فِيمَا يُخَالُ إِلَيَّ حَتَّى السَّاعَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маккада бемор бўлиб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар-да, қўлларини пешонамга қўйдилар, сўнгра қўллари ила юзимни ва қорнимни силадилар. Кейин эса: «Аллоҳим! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар. Ҳозиргача жигаримда унинг совуғини сезиб тургандекман». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Барча мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, беморларни зиёрат қилишлари ва уларнинг ҳаққига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам каби дуо қилишлари лозим. Беморга хасталигини кўп эслатмаслик, бу ҳақда саволни кўпайтирмаслик ва шунга ўхшаш беморликнинг ёмон оқибати ҳақида гапирмаслик лозим.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ ابْنَ عَبَّاسٍ أَخْبَرَهُ، أَنَّ عَلِيَّ بْنَ أَبِي طَالِبٍ رَضِي اللهُ عَنْه خَرَجَ مِنْ عِنْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي وَجَعِهِ الَّذِي تُوُفِّيَ فِيهِ، فَقَالَ النَّاسُ: يَا أَبَا الْحَسَنِ، كَيْفَ أَصْبَحَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم؟ قَالَ: أَصْبَحَ بِحَمْدِ اللهِ بَارِئًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос унга хабар берган: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан аввалги беморликларида у зотнинг ҳузурларидан чиқди. Шунда одамлар: «Эй Абул Ҳасан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай тонг оттирдилар?» дейишди. «Аллоҳга ҳамд бўлсин, тузалган ҳолда тонг оттирдилар», деди». Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган. Мусулмон халқларда ушбу одобларга риоя қилиш яхши йўлга қўйилган. Ҳар қандай оғир бемор бўлса ҳам, уни кўргани келганлар: «Аллоҳ таолога шукр, яхшисиз», дейишади. Беморни кўргани келган одам беморнинг кўнглини кўтаради, унга далда беради, хурсандчилик гаплар айтади.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا دَخَلْتُمْ عَلَى الْمَرِيضِ فَنَفِّسُوا لَهُ فِي أَجَلِهِ، فَإِنَّ ذَلِكَ لَا يَرُدُّ شَيْئًا وَيُطَيِّبُ بِنَفْسِهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир беморнинг ҳузурига кирсангиз, ажали борасида унинг кўнглини кўтаринг. Албатта, ўша ҳеч нарсани қайтармас, лекин унинг кўнглини равшан қилур», дедилар». Термизий ривоят қилган. Албатта, бемор одам кўнгли синиқ ҳолатда, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлиб ётади. Уни кўргани боришдан асосий мақсад ҳам кўнглини кўтаришдир. Ўша кўнгил кўтаришда бир оз муболаға қилиб юбориш ҳам жоиз. Бу маънони кўпчилик яхши ўзлаштириб олган. Лекин шу нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мувофиқ равишда, суннатга амал қилмоқдаман, деган ниятда қилинса, савоби янада кўпроқ бўлади. Беморнинг зиёратига борган одам беморга ўз меҳрини изҳор қилади, хизматига тайёр эканини билдиради ва фақат яхши гапларни гапиради.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا حَضَرْتُمُ الْمَرِيضَ أَوِ الْمَيِّتَ فَقُولُوا خَيْرًا، فَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَى مَا تَقُولُونَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бемор ёки ўлаётган кишининг ҳузурида ҳозир бўлсангиз, яхши гап айтинг. Чунки фаришталар сиз айтаётган нарсага «Омин», деб турадилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. Беморнинг аврати, очиқ жойлари, дори-дармонлари ва бошқа нарсаларига назар солмаслик керак. Малол келмаслиги учун беморнинг олдида узоқ ўтириб қолмаслик лозим, лекин беморнинг ўзи истаса, бундан мустасно. Беморнинг ҳаққига дуо қилгандан кейин унинг ўзидан ҳам дуо сўраш керак, чунки у дуоси қабул бўладиган тоифадандир.

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِذَا دَخَلْتَ عَلَى مَرِيضٍ فَمُرْهُ أَنْ يَدْعُوَ لَكَ، فَإِنَّ دُعَاءَهُ كَدُعَاءِ الْمَلَائِكَةِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Беморнинг олдига кирганингда, ундан сенга дуо қилишини сўра, зеро, унинг дуоси фаришталарнинг дуоси кабидир». Ибн Можа ривоят қилган. Беморга Аллоҳ таолонинг қазои қадарига сабр қилиш ва шифодан ноумид ҳолда ўзига ўлим тилашдан эҳтиёт бўлиш ҳақида насиҳат қилинади.

عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي حَازِمٍ قَالَ: دَخَلْنَا عَلَى خَبَّابٍ نَعُودُهُ، وَقَدِ اكْتَوَى سَبْعَ كَيَّاتٍ. فَقَالَ: إِنَّ أَصْحَابَنَا الَّذِينَ سَلَفُوا مَضَوْا، وَلَمْ تَنْقُصْهُمُ الدُّنْيَا، وَإِنَّا أَصَبْنَا مَا لَا نَجِدُ لَهُ مَوْضِعًا إِلَّا التُّرَابَ، وَلَوْلَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم نَهَانَا أَنْ نَدْعُوَ بِالْمَوْتِ لَدَعَوْتُ بِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: «Хаббоб бетоб ётганида, уни кўргани кирдик. У ярасини етти марта куйдирган эди. У: «Биздан аввал ўтган соҳибларимиз ўтишди. Улар учун дунё кам бўлмади. Албатта, биз шундай нарсага эришдикки, уни қўйгани тупроқдан бошқа нарса топмадик. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тилаб дуо қилишдан қайтармаганларида, мен уни тилаб дуо қилардим», деди». Бухорий «Адубул-муфрад»да ривоят қилган. Беморнинг аҳлига ва унинг хизматида турганларга унга гўзал муомала қилиш ва ундан содир бўладиган инжиқликларга сабр қилиш ҳақида насиҳат қилинади. Бу билан ҳам беморга, ҳам унга қараб турганларга яхшилик қилинган бўлади. Бемор кўришнинг яна қуйидаги одоблари ҳам бор: Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир. Беморни зиёрат қилиш Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир. Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади, унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади. Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ирганмай, ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли берилади. Касал кўриш чоғида дард, беморлик Аллоҳнинг бир неъмати экани, бунинг шукронасига тавба-тазарруъ қилиш лозимлиги беморга тушунтирилади. Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди. Бемор ётган жойга янги кийимда ҳам, шунингдек, кир, хунук, нопок кийимларда ҳам кириш мақбул эмас. Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, «Кўнглингиз нима тилайди?» деб сўралади, агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади. Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтмаган маъқул. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади. Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган мақбул. Хасталикка чалинган киши ҳам ўз навбатида келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади. Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади ҳамда «Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз», «Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз» каби сўзлар билан тасалли берилади.(“Ижтимоий одоблар” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat