Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

“Мулк” сурасининг фазли

12:25 / 23.05.2015 | Shakhzod | 9381

Ассаламу алайкум! Худога шукур Мулк сурасини ёдладим. Ёдлашдан мақсадим, қабрда азоб фаришталаридан сақланиш ва қиёматда шафоатчим бўлишидир. Мени қазо намозларим кўп. Уларни ўқиб чиқишим керак. Савол: Мулксурасини фазлига тўла эга бўлиши учун албатта оқшом туриб, нафл намозда ўқиш керакми ёки оқшомда қазо намозлар учун зам қилсам ҳам уни фазлидан умид қилсам бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 3327. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг Китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У соҳибини то мағфират қилингунича шафоат қилади. «Табарокаллази биядиҳил Мулк», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, бу сура ҳам ақида мавзусининг аслини муолажа қилади.

«Мулк» сураси учта асосий мақсадни ўз ичига олган:

1. Аллоҳнинг азамати, У Зотнинг тирилтириш ва ўлдиришга қодирлиги.

2. Тангрининг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтириш.

3. Қиёматга ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлиши.

Шунинг учун ҳам бу суранинг фазли улуғ бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мақтаганлар ва уни қироат қиладиганларга ушбу ҳадисдаги каби, кўп нарсаларни ваъда қилганлар.

Бу сураи карима ўз соҳибини то у мағфират қилингунича шафоат қилгани учун «Шафоатчи» деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда уни дафндан кейин қабр устида ўқиш одатга айланган.

 3328. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қи­линади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири билмай ўз капасини бир қабрнинг устига қурди. Бир пайт унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулк»ни охиригача қироат қилди.

Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Капамни бир қабрнинг устига қурдим. Унинг қабр эканини билмаган эдим. Бирдан унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулк»ни охиргача қироат қилди», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У ман қилувчи ва нажот берувчидир, қабр азобидан нажот беради», дедилар».

Шарҳ: Шунинг учун бу сура «Сақловчи» ва «Нажот берувчи» деб ҳам аталади, чунки у бандаларни катта азобдан сақлайди. Ушбу сурани қабр ичидаги одам ўқиганидан кейин унинг сиртидаги тирикларнинг ўқишлари  фойдали бўлиши турган гап.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

«Майит қабрга қўйилгандан сўнг (азоб фаришталари) оёқлари тарафдан келсалар, оёқлар:

«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ, чунки у биз билан туриб, кечасидаги намозда «Мулк» сурасини ўқир эди», дерлар.

Агар бош тарафдан келсалар, тили:

«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ. Чунки у мен билан «Мулк» сурасини ўқирди», дейди», дейилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мулк» сураси ҳар бир мўминнинг қалбида бўлишини хоҳлардим», деганлар.

3329. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф, Лаам, Мийм. Танзийл…» ва «Табарокаллази биядиҳил Мулк»ни қироат қилмасдан ухламас эдилар».

Иккисини Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳозирда ҳам кўпчилик мусулмонлар «Мулк» сурасини ўқимасдан ухламаслик ҳақидаги ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келадилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat