Ассаламу алайкум! Мисол қилиб келтираман : Бир киши кира қилмоқчи, аммо машинага маблағи йўқ. Иккинчи киши машинага 3000$ пул беришга тайёр. Пул бекор турмасин деб фойда ҳам кўрмоқчи.
Икки хил вариант бор : 1-Пулни қайтариш вақтини келишиб(мисол 2 йилга), ойига пулни тақсимлаб қайтаради ва устига ҳар ой қўшимча қилиб 50$ пул қўшиб беради.
2-Пул берувчи машинага 3000$ беради. Шарт шуки, пулни олувчи ойига 70$ беради ва қачон хоҳласа ёки машинани сотмоқчи бўлса, пул берувчига машинани топширади. У эса 3000$ дан ортиғига ёки камига машинани сотиб, пулини чиқариб олади. Шу вариантлар шариатга тўғри келадими? Агар шаръан жоиз бўлмаса бошқа йўлини кўрсатиб юборинглар. Илтимос. Мақсад пул берувчи пулига куймасин, чунки кун сайин пуллар қадирсизланмоқда. Ҳамда шариат кўрсатмасидан чиқмайлик.
Ва алайкум ассалом! 1-Машина олмоқчи бўлган одам бирор машинани танласин. Пули бор одам ўша машинани сотиб олсин. Кейин кира қилмоқчи бўлган одамга қўлидаги сотиб олган машинани масалан икки йилга келишувга биноан сотсин. Кира қилмоқчи бўлган кишини берадиган нақд пули бўлса, нақд қилиб олсин, қолганини келишувга биноан тақсимлаб бериб туришга келишишсин. Бу ҳам жоиз.
2- кира қилмоқчи бўлган одамнинг пули бўлса, етмаганига пули бор одам пул берсин ва машина сотиб олишсин. Шунда машина иккисининг ўртасида шериклик бўлади. Масалан машина 10.000 бўлса 3.000 олинган қарз машинани бутунича ўн ҳисса деб олинса, 3.000 қарз берганнинг ҳиссаси уч фоиз бўлади. Шериги эса етти фоиз машинага эга бўлади. Ҳиссадорлардан бири ўз ҳиссасини шеригига келишувга биноан ҳар ойда маълум миқдордан ижарага бериши мумкин. Ижара муддати тугагач, машина сотилса уч фоиз қийматга эга бўлади. Машинанинг қиймати тушса ҳам, кўтарилса ҳам умумий нархининг ўндан уч фоизига эга бўлади. Уч мингига эмас... Валлоҳу аълам.