Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтмаслик ҳақида

08:36 / 17.04.2016 | xamza | 2077

Ассалому алакум! Намоз ўқиётган одамнинг олдидан кeсиб ўтиш мумкин эмаслигини биламиз. Бу масала масжидга ҳам таълуқлими? Яъни жума намозини фарзи ўқилгандан сўнг, суннатга турсак, кимдир суннат ўқийди, баъзилари чиқиб кeтади. Шундай ҳолатда ҳам олдидан ўтказмаслик кeракми? Агар ўтадиган бўлса қанча масофадан бўлади? Намоздан кeйинги Қуръон тиловатидан сўнг ёқани маҳкам ушлаб, истиғфор айтиш кeракми? Шу суннат амалми? Чунки шундай қилган одамларни кўрдим. Жавобларингиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Намозхон олдидан ўтиш бир неча суратларда бўлади. Биринчиси: намоз ўқиётган кишининг ўнг ёки чап тарафидаги киши намозхоннинг олдини кесиб ўнгдан чапга, ёки чапдан ўнгга ўтиши. Бу жоиз эмас. عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирққача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар. Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой ёхуд йил, дедими, билмай қолдим», деди». Бешовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳа¬дисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган Буср ибн Саъийд раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, қирқ ой ёки қирқ йил, дедиларми, билмай қолган эканлар. Абу Назр ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилмоқдалар. Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутар экан. Демак, намоз ўқиётган одамнинг олдидан зинҳор кесиб ўтмаслигимиз зарур. ولِلتِّرْمِذِيِّ وَابْنِ حِبَّانَ: لَأَنْ يَقِفَ أَحَدُكُمْ مِائَةَ عَامٍ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْ أَخِيهِ وَهُوَ يُصَلِّي Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда: «Албатта, бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи унинг учун намоз ўқиётган биродарининг олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган. Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятда айтилган муддат қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканлигини тасдиқлайди. عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ إِلَى شَيْءٍ يَسْتُرُهُ مِنَ النَّاسِ فَأَرَادَ أَحَدٌ أَنْ يَجْتَازَ بَيْنَ يَدَيْهِ فَلْيَدْفَعْهُ فَإِنْ أَبَى فَلْيُقَاتِلْهُ فَإِنَّمَا هُوَ شَيْطَانٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни даф қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундай одам шайтондир», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу¬нинг бу ҳадисларининг машҳурлиги бежиз эмас. Унга бир ҳодиса сабаб бўлган. Бу ҳақида Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг жумъа куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъийд унинг кўкрагидан даф қилди. Йигит атрофга қараб, Абу Саъийднинг олдидан бош¬қа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъийд уни аввалгидан кўра қаттиқроқ даф қилди. Шунда йигит Абу Саъийдни уришди ва Марвоннинг олдига кириб, шикоят қилди. Абу Саъийд ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у: «Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй Абу Саъийд?» деди. Шунда Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар. Марвон Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн Ҳакам номи билан машҳурдир. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. Маълум вақт Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди. Марвон ибн Ҳакам олтмиш уч ёшларида Дамашқ шаҳрида, 65 ҳижрий санада вафот этганлар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги. 2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги. 3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан бўлади. 4. Агар шунда ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги. 5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай, ўтишга ҳаракат қилган одамнинг шайтонга тенглиги. Ушбу ҳадиси шарифга биноан, намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Иккинчиси: намоз ўқиётганнинг рўбарўсида турган киши ўнг ёки чап тарафга қайрилиб кетиши. Бу жоиз. Бу намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтиш дейилмайди. Учинчиси: фарз намози бошланганда сафни тўлдириш учун орқадаги намоз ўқувчини олдини кесиб ўтиш. Бу ҳам жоиз. Тўртинчиси: имом олдида сутра(тўсиқ, устун, девор)си бўлса, имом билан сутранинг орасидан ўтмаса бўлди. Иқтидо қилувчиларнинг олдида сутраси бўлмаса ҳам уларнинг олдиларидан кесиб ўтиш жоиз. Шу ўринда бир ҳолатни айтиб ўтишимиз керакки, ҳар бир намозни тугатибоқ ўрнидан туриб кетган кишини маломатламаслик ва у ҳақида ёмон гумонга бормаслик керак. Чунки улар ичида ўзи ёш кўринсада таҳорати қистаганлари, иш жойидан имкон топиб келиб, иш жойига шошилаётганлари, ёки жамоатга етишиш учун автоуловини ноқулайроқ жойга қўйганлари(хусусан жума кунларида) бўлади. Закотинигина адо қилиб, бошқа хайри эҳсон қила олмаган ёки қилмаган кишини “бахл” дейишга шариатимиз изн бермайди. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat