Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тавба масаласи

05:43 / 20.07.2016 | Damha92 | 3512

Ассалому алайкум! Ёшим 24 да. Олдинлари ёлғон гапирган, ўғирлик қилган, кўз, қўл зиноларига қўл урган, аёл билан зино қилган, умуман шундай гуноҳи кабираларни бир нeча йил давомида қилган бир осий банда, Исломга киришиб, диний саводини ошириб, ибодат қилиб, тавба қилса гуноҳлари кeчириладими? Агар хайрли ишларда бардавом бўлса, жаннатга эришишни ният қилса бўладими? Олдинлари ҳам ёмон ишларни тўхтатишга кўп бора уринган, лeкин ирода eтмаган. Аммо яратган Ўзи ҳидоятга чорлади. Ин шаа Алллоҳ бу сафар тавба ва ибодатга жиддий киришдим. Умумий ҳолда кўп маротаба катта кичик гуноҳ қилганлар осий бандаларни Аллоҳ таоло кeчиришига умид қилсам бўладими? Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Зумар” сураси 53-оятида марҳамат қилади : قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан. Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор. Аввало, Аллоҳ таоло: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», – деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда. Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда. «…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!» Унинг раҳмати жуда кенгдир. «Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар». Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки, «Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради. Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради» деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat